2013 йил 27 сентябр куни эрталаб зиёратчилар Тошкент Халқаро аэропортидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниянинг “Тошкент – Мадина” йўналиши бўйича муборак замин сари отланган эдилар. Алҳамдулиллаҳ, барча юртдошларимиз эсон-омон Саудия Арабистонига етиб бориб, ислом динининг бешинчи аркони – ҳаж ибодатини адо этиб қайтдилар.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати бу йилги “Ҳаж” ва “Умра” мавсумларида мамлакатга келадиган зиёратчилар сонини йигирма фоизга қисқартириш ҳақида дунё давлатлари қаторида Ўзбекистонга ҳам расмий мурожаат қилган эди.

Мазкур қисқартириш зиёратчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Макка ва Мадина шаҳарлари инфратузилмасини тубдан ўзгартириш ишлари кенг кўламда давом эттирилаётгани билан боғлиқ эди. Бизнинг мамлакатимиздан бориши режалаштирилган ҳожилар квотасини сақлаб қолиш юзасидан олиб борилган музокаралар ижобий натижа бериб, бу йил фуқароларимиздан 5200 нафари муқаддас зиёратни амалга ошириш бахтига муяссар бўлдилар.

20 октябрдан ҳожиларнинг илк гуруҳи Ватанимизга қайтиб келди. Барча юртдошларимиз у ерда яратилган шароитлардан, унутилмас сафар дастуридан ниҳоятда мамнун. Уларнинг тилларида Яратганга беадад шукроналар, юртимиз тинчлиги ва ободлигини сўраб қилинган дуою илтижолар.

Ҳурматли ҳожилар, Аллоҳ азза ва жалла машаққатлар билан бажарган ҳажингизни мабрур айласин!