Ҳар лаҳзани ғанимат билиб, Аллоҳга дуо-илтижолар, ибодату тиловатлар билан ўтказган ҳожиларимиз Маккада Вуқуфи Арафот, Шайтонга тош отиш, қурбонлик ҳамда Тавофул Ифоза каби ҳаж амалларини ниҳоясига етказиб, гуноҳлардан покланиб, қалблари эзгуликка тўлиб юртимизга қайтишди.

Бу муборак сафар таассуротлари уларнинг дилларини умрбод нурлантириб туриши шубҳасиз.

Каримберди ҳожи ИЛҲОМОВ:

– Ёшим 81 га етган бўлса-да, ўзимни ҳар қачонгидан-да тетик ҳис қиляпман.

Мадинаи мунаввара муқаддас шаҳарлардан бири, ер юзидаги барча мўмин-мусулмонлар бу муборак жойга зиёрат учун келишни орзу қиладилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Масжидул Ҳаромда ўқилган битта намоз ундан бошқа масжидларда ўқилган юз минг намоздан афзалдир”, деб марҳамат қилганлар. Мана шундай саодатга етганимдан шукроналарим чексиз. Бу йил ҳажга борган юртдошларимиз Маккада жойлашган меҳмонхонадан куннинг хоҳлаган пайтида Масжидул Ҳаромга бориб келишлари учун замонавий автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Муқаддас қадамжоларни – Масжиди Қубо, Масжиди Қиблатайн, Уҳуд тоғи, Шаҳидлар қабристонини ҳам зиёрат қилдик.

Муборак жойларда туриб оилам, маҳаллам ҳамда юртим ҳақига хайрли дуолар қилдим. Илоҳим юртимизга кўз тегмасин, хонадонлардан қут-барака, тўкин-сочинлик аримасин.

Рихси РАҲМОНОВА:

– Бундан бир неча йил аввал умра ибодатини адо қилган эдим. Бу йил ҳаж зиёратига бордим. Ишчи ва тиббиёт гуруҳи аъзоларининг биз ҳожиларга чиройли муомала-муносабатларидан, элликбошиларнинг, ошпазларнинг беминнат хизматларидан миннатдормиз. Меҳмонхоналарда ҳамма шароитлар яратиб берилди, телевизор орқали Ватанимиздаги янгиликлардан хабардор бўлиб турдик. Ҳатто бизга ўхшаган кексалар учун меҳмонхонанинг ўзида ҳам кичик намозхона ташкил қилинган экан.

Макка меҳмонхонасида зиёратчилар билан ҳар куни учрашувлар, суҳбатлар ўтказишди, саломатликка тегишли маслаҳат ва кўрсатмалар беришди. Шу кунларга етказганига шукроналар қилиб, Ватанимиз доимо тинч-осойишта, фаровон, обод бўлишини Яратгандан сўраб дуолар қилдик.

Фотих АСҚАРОВ:

– Неча ўн йиллардан буён ўйлаб, орзулаб юрган ниятимга етганимдан, тўғриси, ҳалигача кўзёшларимни тия олмайман. Тинчлик деган неъматнинг қадр-қимматини ҳаж ибодатини бажариб юрган кунларимда янаям чуқурроқ ҳис қилдим. Унинг шарофати билан учоқларда бехавотир учиб, йўл машаққатларини, сафар азобларини тортмай, бир неча соатда Маккада бўлдик. Ибодатларимизни хотиржам адо этдик.

Айрим давлатларда урушлар, нотинчликлар давом этяпти. Шайтон васвасасига, нафс қутқусига таслим бўлмай, юртимиз тинчлигининг қадрига етайлик, асраб-авайлайлик. Илоҳим, юртимизни ҳар хил бало-офатлардан, қутқулардан Ўзи асрасин!

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати