18 ноябр куни Тошкент Ислом университети мажлислар залида “Бағрикенглик – тинчлик ва барқарорлик кафолати” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирни Тошкент Ислом университети ректори Равшан Абдуллаев очиб, бағрикенглик халқимиз тинчлиги, юртимиз ободлиги учун нақадар муҳим экани ҳақида сўзлади. Тошкент Ислом университетида нафақат Ислом арконлари балки, бошқа динлар тарихи, таълимотлари ҳам ўргатилишини айтди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон ва диний эркинлик борасидаги конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш, бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

– Мустақиллик йилларида давлатимиз динлараро муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берди. Ҳозирги кунда мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи фуқаролар демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ҳамжиҳат бўлиб ҳаракат қиляпти.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ислом таълимотида бағрикенгликка тарғиб кенг ўрин олганини, одамларни динга ёки диний кўрсатмаларни бажаришга зўрлаш Исломнинг моҳияти ва руҳига зидлигини таъкидлади.

Муфтий ҳазратлари бугун республикада фаолият кўрсатаётган икки мингдан ортиқ масжид мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондираётгани, уларда ибодат учун қулай шароитлар яратилаётгани ҳақида тўхталди. Шунингдек, минглаб талабалар Тошкент Ислом университети, Тошкент Ислом институти, тўққизта Ислом ўрта-махсус билим юртида диний билимлардан таҳсил олаётгани, илмий-диний тадқиқотлар ўтказиш ва имом-хатибларнинг малакасини ошириш мақсадида Имом Бухорий халқаро маркази фаолияти йўлга қўйилгани ҳақида гапирди. Соҳа мутахассисларини тайёрлаш борасида республикамизда тўпланган тажриба бошқа мусулмон мамлакатларига намуна бўла олишини айтиб ўтди.

Йиғилишда сўзга чиққан турли дин вакиллари мамлакатимиз фуқаролари ўртасида меҳр-оқибат, мурувват ва саховат замонлар синовидан ўтгани, бугунги кунда бошқаларга ибрат бўларли даражага етганини эътироф этишди. Мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорлик, турли дин вакилларининг жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётганлари муҳим ютуғимиз эканини таъкидлашди.

Тошкент Ислом институти ўқув ишлари бўйича проректори Ибодулло АҲРОРОВ,

Муҳаммад СИДДИҚ