30 март куни "Туркистон" саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун "Ташаббус – 2012" кўрик-танловининг якуний бос­қичи бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермер хўжаликлари уюшмаси ва Республика "Ҳунарманд" уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Кўрик-танловнинг бу йилги туман, шаҳар, вилоят босқичларида етти минг нафардан ортиқ микрофирма, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик корхонаси, фермер хўжаликлари раҳбарлари, ҳунармандлар, халқ амалий санъати усталари иштирок этишди.

Кўргазмада қатнашган истеъмолчилар, хорижлик меҳмонлар ҳамда танлов ҳайъати нафақат ички бозорда, балки экспортда ҳам юқори салоҳиятга эга бўлиб бораётган тадбиркорларимизнинг фаолиятига юксак баҳо беришди.

Жиззах шаҳридаги "Жиззах-Кўҳинур" хусусий корхонаси раҳбари Холисхон Бобоева "Энг яхши тадбиркор", Қарши туманидаги "Бахт" фермер хўжалиги раҳбари Иброҳим Холёров "Энг яхши фермер",  Фарғона вилояти Риштон туманида яшовчи ҳунарманд Мирзомасхар Акромов "Энг яхши ҳунарманд" деб топилди. Танлов совриндорларига диплом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг совринлари - "Спарк" автомобиллари топширилди.

Шунингдек, қўлга киритилган ғалаба уларга халқаро танловлар, ярмаркалар, семинарларда иштирок этиш ҳуқуқини, ўз йўналишлари бўйича чет элда малака ошириш имкониятини беради.

 

Ҳусниддин БЕРДИЕВ