“Умра – 2015” баҳорги мавсуми муваффақиятли якунланиб, 5350 нафар юртдошимиз муборак Умра амалларини адо этиш бахтига мушарраф бўлдилар.

Бу йилги умра мавсуми ҳам “Ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши”нинг тавсиялари асосида уюшқоқлик билан амалга оширилди.

Айниқса, зиёратчиларимиз учун қатор мутасадди идоралар ходимлари томонидан кўрсатилган беминнат хизмат таҳсинга лойиқ. Жиддадаги Ҳаж ва умра ишлари билан шуғулланувчи Атташе фаолияти ҳам самарали бўлди.

Сафар арафасида ҳар бир зиёратчига Ўзбекистон байроғи туширилган камзул ва сумкалар, ибодат арконлари ҳақидаги сафар қўлланмалари топширилди. Барча зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, грипп ва менингитнинг олдини олиш учун эмланди.

Сафар давомида зиёратчиларга 6 та ишчи гуруҳи, 4 нафар ошпаз, 27 шифокор, 107 нафар гуруҳ раҳбари хизматда бўлдилар.

Зиёратчилар Маккаи мукаррамада “Софват ал-Миад” ва Мадинаи мунавварада эса “Файрузият ал-Хайр” меҳмонхоналарида истиқомат қилишди. “Файрузият ал-Хайр” меҳмонхонасидаги шарт-шароитлар аввалгига нисбатан анча яхшиланганини алоҳида эътироф этмоқ жоиз.

Зиёратчиларимиз умра ибодатларини бажариши чоғида яратилган шароитлардан мамнун бўлиб, юртимиз равнақи, элимиз фаровонлигини тилаб, Аллоҳ таолога илтижолар қилдилар. Шунингдек, ташкилий ишларни юксак савияда амалга оширишда камарбаста бўлган мутасадди ташкилотлар, ишчи гуруҳ аъзолари, хусусан, Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдириб дуои хайрлар қилдилар.

Айни пайтда “Умра – 2015” рамазон мавсумига қизғин тайёргарлик жадал бормоқда.

 

Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси халқаро алоқалар бўлими мудири