Ҳадиси шарифларда кишиларнинг яхшиси эл-юртга кўпроқ фойда келтирувчиси экани айтилган. Зотан, тадбиркорлар сабаб қанча-қанча одам ишли бўлиб, рўзғорига барака киради. Истиқлол йилларида ишбилармонларга кенг йўл очилди. Бу соҳага берилаётган эътибор, яратилган қулай шароитлар натижасида йилдан-йил иқтисодиётимиз жадал ривожланмоқда.

Ўтган йилнинг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили”, деб эълон қилингани ҳамда махсус дастур бўйича улкан ишлар амалга оширилгани ушбу йўналиш ривожини янги босқичга олиб чиқди. Президент соврини учун ўтказиладиган анъанавий “Ташаббус” кўрик-танлови эса ишбилармонларга янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу йилги кўрик-танловда етти мингдан ортиқ тадбиркор, фермер ва ҳунарманд қатнашди. Вилоят босқичида ғолиб бўлган иштирокчиларнинг қирқ бир нафари кўрик-танловнинг мамлакат босқичида беллашдилар. Танлов ғолиблари аниқланишидан олдин пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида улар ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Ўттизинчи март куни “Туркистон” саройида танловнинг якуний босқичи бўлиб ўтди.

“Энг яхши тадбиркор” йўналиши бўйича Жиззах вилоятидаги “Жиззах – Кўҳинур” хусусий корхонаси раҳбари Холисхон Бобоева, “Энг яхши фермер” йўналишида Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги “Бахт” фермер хўжалиги раҳбари Иброҳим Холёров, “Энг яхши ҳунарманд” йўналишида эса Фарғона вилояти Риштон туманилик ҳунарманд Мирзомасхар Акромов биринчи ўринга муносиб – ғолиб деб топилди.

Ғолибларга Президент совринлари – “Spark” автомобиллари ва бошқа мукофотлар топширилди.

Муҳаммад СИДДИҚ