Тотувлик, аҳил-иноқлик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган фазилат. Иккинчи жаҳон уруши йиллари халқимиз минглаб бошпанасиз болаларни бағрига олди. Советлар сиёсати туфайли юртидан сургун қилинган қанчадан-қанча одамлар бу заминдан бошпана топди.

Ўзбекистон кўпмиллатли давлатлар қаторига киради. Юртимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. 1992 йили ташкил этилган Республика байналмилал маданият маркази ўзига хос дўстлик уйига айланган. Бу маскан Ўзбекистондаги миллий-маданий марказлар фаолиятини мувофиқлаштириб, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

Асосий Қонунимизда ҳам бошқа миллат вакилларининг ҳақ-ҳуқуқлари кафолатланган: “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” (Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 4-модда).

Зеро, Юртбошимиз маърузаларидан бирида: “Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин бизнинг энг катта бойлигимиз, энг юксак қадриятимиз – жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамкорликдир”, дея таъкидлаганлар.

Юртимизда турли миллат вакилларининг тили, маданияти ва урф-одатларини авайлаб асрашга ҳамда ривожлантиришга хизмат қиладиган миллий-маданий марказлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. 1989 йили ўнга яқин миллий-маданий марказ фаолият кўрсатган бўлса, 1995 йилга келиб, улар сони етмишга, 2000 йилда эса 100 тага етди. Ҳозир мамлакатимизда 140 дан ортиқ миллий-маданий марказлар фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг эшиклари барча миллатдаги юртдошларимиз учун очиқдир.

Бундай юксак даражадаги эътибор натижасида халқларнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди, қадр топди. Барча миллат вакилларининг давлат бошқаруви, иқтисодий, ижтимоий ҳамда маданий жараёнларда кенг ва эркин иштирок этиши кафолатланди. Бундан ташқари, умумтаълим мактабларимизда таълимни етти тилда олиб бориш йўлга қўйилгани, кўп сонли миллатлар тилида газет-журналлар чоп этилаётгани, радио ва теледастурлар эфирга узатилаётгани алоҳида эътиборга лойиқ.

Яқинда республикамизда Байналмилал маданият маркази ташкил этилганининг 20 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан миллий-маданий марказларнинг бир гуруҳ фаоллари давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.

Қиримтатар халқининг атоқли фарзанди, Украина Қаҳрамони, Қирим давлат индустриал-педагогика институти ректори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Февзи Ёқубов бундай деб ёзади: “...Эзгулик, тинчлик, яқинларга меҳр-муҳаббат туйғулари борасида гапирадиган бўлсак, албатта, биринчи қаторга Ўзбекистонни ёзиш зарур. Агар инсоний қадриятлар масаласида халқлар ва мамлакатларга баҳо бериладиган бўлса, шубҳасиз, энг юксак баҳога ўзбек халқи ва Ўзбекистон сазовор бўлар эди”.

Оврупада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг оз сонли миллатлар бўйича олий комиссари Кнут Воллебек Байналмилал маданият марказида бир неча бор меҳмон бўлган. Ўзбекистонда оз сонли миллат вакилларига ўқиш, ўз маданиятларини ривожлантириш борасида яратилган шароитларни кўриб, бу тажрибани бошқа давлатларга ҳам ёйиш керак, деган фикр билдирган. Жаҳонда миллий-этник муносабатлар мураккаблашиб, энг илғор давлатларда ҳам оз сонли миллат вакилларини камситиш ҳолатлари кузатилаётган бир пайтда, 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаётган Ўзбекистон чиндан ҳам бошқаларга намуна бўлишга арзийди.

Ватан тараққиёти йўлида тинчлик ва барқарорликни сақлаб, мамлакат Конституциясида мустаҳкамланган кафолатлардан фойдаланиб, бир оила фарзандлари каби қўлни қўлга бериб яшаш ва меҳнат қилиш барчамизнинг бурчимиздир.

 

 

Насриддин МУҲАММАДИЕВ,

Республика Байналмилал маданият маркази директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими