Аввал хабар берганимиздек, июнь ойининг ўнинчи июнь куни Самарқанд шаҳрида “Ижтимоий барқарорликни янада мустаҳкамлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзуидаги анжуман бўлиб ўтган эди.
Анжуман якунида қатнашчилар дунёнинг турли минтақаларида дин номидан содир этилаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўз муносабатини билдирдилар:

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
الحمد لله رب العالمين والصلاة و السلام على رسوله الامين أما بعد...

Бугунги анжуман иштирокчилари – уламолар, диний соҳа ходимлари, жамоатчилик вакиллари ислом дини тинчлик, бағрикенглик, мўътадиллик асосига қурилгани, унинг инсонпарварлик, эзгулик, меҳр-оқибат тамойилларига йўғрилган таълимоти экстремизм ва терроризм каби иллатларга бутунлай ёт эканини яна бир бор таъкидлаб, бу ҳақда кенг жамоатчиликни огоҳ этадилар.

Айни пайтда, Яқин Шарқ минтақасида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, жангари гуруҳларнинг мусаффо ислом номини шиор қилиб амалга ошираётган хунрезликлари, жиноий хатти-ҳаракатлари бутун инсониятни – барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.
Зеро, мамлакатимиз уламо ва имом-хатиблари мазкур гуруҳларнинг даъволари пуч эканини ҳужжат ва далиллар асосида рад этиб, қуйидагиларни маълум қилади:
эътиқод ва амалда ислом асосларига буткул ёт бўлган ақидапараст гуруҳлар фитна чиқариб, Аллоҳнинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилувчи дунё мусулмонларини танг аҳволга қўймоқда. Уларнинг бу фитнаси, аввало, ислом ва террорни тенг маънода янглиш тушуниш, мусулмонларни ўзларига буткул дахли бўлмаган ишда айблашга сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ لَا تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ قَالُوا إِنَّمَا نَحْنُ مُصْلِحُونَ
أَلَا إِنَّهُمْ هُمُ الْمُفْسِدُونَ وَلَكِنْ لَا يَشْعُرُونَ

“Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” – дейилса, улар: “Албатта биз ислоҳ қилувчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”, – дея марҳамат қилади (“Бақара” сураси, 11-12 оятлар).
Яқин Шарқдаги жангариларнинг маҳаллий мусулмонларни куфрда айблаб, оммавий қирғин қилаётгани, аёлларнинг ор-номусини топтаб, қулга айлантираётгани, гўдакларни қатл этаётгани, аҳли китобларнинг қонини тўкиб, ибодат уйларини вайрон қилаётгани ва яна қанчадан қанча маълум бўлаётган жиноятлари борки, булар ислом кескин қоралаган ва илоҳий таълимотга мутлақо алоқаси бўлмаган ишлардир. Ислом шариати бегуноҳ инсоннинг қонини тўкиш, шаъни ва қадр-қимматини топташ, мол-мулкини талон-тарож қилишни ҳаром деб қатъий ҳукм қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Моида” сурасида шундай марҳамат қилган:
مِنْ أَجْلِ ذَلِكَ كَتَبْنَا عَلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنَّهُ مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا وَلَقَدْ جَاءَتْهُمْ رُسُلُنَا بِالْبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيرًا مِنْهُمْ بَعْدَ ذَلِكَ فِي الْأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ

“Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир” (32-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда:

فَإِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ بَيْنَكُمْ حَرَامٌ كَحُرْمَةِ يَوْمِكُمْ هَذَا، فِي شَهْرِكُمْ هَذَا، فِي بَلَدِكُمْ هَذَا

“Албатта, қонларингиз, молларингиз, шаън-обрўларингиз ораларингизда шу кунингиз, шу ойингиз, шу шаҳрингиз муқаддаслиги каби муқаддасдир”, – деганлар (Бухорий ривояти).
Мазкур тоифалар ислом асосларини бузиб, оят ва ҳадисларни ўзларининг разил мақсадлари йўлида талқин қилмоқдалар, узоқ ва яқиндан мусулмонлик даъвосидаги кишиларни, айниқса, ёшларни ўз сафларига чорламоқдалар, уларни ҳам ўзларининг мудҳиш жиноятларига шерик қилмоқдалар. Аллоҳ таоло:

هُوَ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَيْكَ الْكِتَابَ مِنْهُ آَيَاتٌ مُحْكَمَاتٌ هُنَّ أُمُّ الْكِتَابِ وَأُخَرُ مُتَشَابِهَاتٌ فَأَمَّا الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ زَيْغٌ فَيَتَّبِعُونَ مَا تَشَابَهَ مِنْهُ ابْتِغَاءَ الْفِتْنَةِ وَابْتِغَاءَ تَأْوِيلِهِ وَمَا يَعْلَمُ تَأْوِيلَهُ إِلَّا اللَّهُ

“Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маъно бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билади”, – дейди (“Оли Имрон” сураси, 7-оят).
Набий алайҳиссалом:

مَنْ قَالَ فِي القُرآنِ بِرأيِهِ ، فَلْيَتَبوأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ.
“Ким илмсиз равишда Қуръонда бир гапни айтса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига тайёрланаверсин”, – дея марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).
Ҳар бир мусулмон тинч ва фаровон ҳаётга интилмоғи, фасод ва гуноҳдан, одамлар ўртасида ихтилоф чиқариб, уларни фирқаларга бўлиб юборувчи адашган тоифалардан огоҳ бўлиши лозим. Бу хусусида Аллоҳ таоло “Оли Имрон” сурасида шундай марҳамат қилади:

وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا وَاذْكُرُوا نِعْمَةَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنْتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُمْ بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًاَ

“Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг” (103-оят).

عَن أَبِي إِدْرِيْس الْخَوْلَانِي أَنَّه سَمِع حُذَيْفَة يَقُوْل: كَان الْنَّاس يَسْأَلُوْن رَسُوْل الْلَّه-صَلَّى الْلَّه عَلَيْه وَسَلَّمعَن الْخَيْر، وَكُنْت أَسْأَلُه عَن الْشَّر مَخَافَة أَن يُدْرِكَنِي، فَقُلْت: يَا رَسُوْل الْلَّه، إِنَّا كُنَّا فِي جَاهِلِيَّة وَشَر فَجَاءَنَا الْلَّه بِهَذَا الْخَيْر فَهَل بَعْد الْخَيْر شَر؟ قَال: نَعَم. فَقُلْت: فَهَل بَعْد هَذَا الْشَّر مِن خَيْر؟ قَال: نَعَم وَفِيْه دَخَن، قَال قُلْت: وَمَا دَخَنُه؟ قَال: قَوْم يَسْتَنُّون بِغَيْر سُنَّتِي وَّيَهْدُوْن بِغَيْر هَدْيِي تَعْرِف مِنْهُم وَتُنْكِر، فَقُلْت هَل بَعْد ذَلِك الْخَيْر مِن شَر؟ قَال: نَعَم فِتْنَة عَمْيَاء دُعَاة عَلَى أَبْوَاب جَهَنَّم، مَن أَجَابَهُم إِلَيْهَا قَذَفُوْه فِيْهَا. فَقُلْت: يَا رَسُوْل الْلَّه، صِفْهُم لَنَا، قَال: نَعَم، قَوْم مِن جِلْدَتِنَا وَيَتَكَلَّمُوْن بِأَلْسِنَتِنَا، فَقُلْت: يَا رَسُوْل الْلَّه، وَمَا تَأْمُرُنِي إِن أَدْرَكْت ذَلِك، قَال تَلْزَم جَمَاعَة الْمُسْلِمِيْن وَإِمَامَهُم قُلْت فَإِن لَم يَكُن لَهُم جَمَاعَة وَلَا إِمَام؟ قَال: فَاعْتَزِل تِلْك الْفِرَق كُلَّهَا، وَلَو أَن تَعَض عَلَى أَصْل الْشَّجَرَة حَتَّى يُدْرِكَك الْمَوْت وَأَنْت عَلَى ذَلِك

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз жоҳиллик ва ёмонликда эдик. Аллоҳ бизга бу яхшиликни келтирди. Энди мана шу яхшиликдан кейин ёмонлик бўладими?” дедим. У зот: “Ҳа”, дедилар. Мен: “Ўша ёмонликдан кейин яхшилик бўладими?” дедим. У зот: “Ҳа, лекин тутун аралаш бўлади”, дедилар. Мен: “Ундаги тутун нима?” дедим. У зот: “Бир қавм менинг тўғри йўлимдан бошқа йўлга бошлайди. Сен улардан нималарнидир танийсан, нималарнидир танимайсан”, дедилар. Мен: “Ўша яхшиликдан кейин яна ёмонлик бўладими?” дедим. У зот: “Ҳа, жаҳаннам эшиклари томон чорловчи бўлади. Ким уларнинг чақириқларига жавоб берса, уни ўшанга ташлашади”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларни сифатлаб беринг”, дедим. У зот: “Улар ўзимизнинг теримиздан, ўзимизнинг тилимизда гапиришади”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўша нарса менга етса, менга нима буюрар эдингиз?” дедим. У зот: “Мусулмонлар жамоаси ва уларнинг имоми билан бўласан”, дедилар. Мен: “Уларнинг жамоаси ҳам, имоми ҳам бўлмасачи?” дедим. У зот: “У ҳолда дарахт илдизларини тишлаб бўлса ҳам ўша фирқалардан узоқ бўласан, токи ўлим сенга ўша ҳолингда етсин”, дедилар” (Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилишга буюриб, гуноҳ ишлардан тийилишга, адоватдан йироқ бўлишга чақиради. Афсуски, ҳозирги кунда баъзи кишилар, жумладан, ёшлар Интернет тармоғи орқали ислом ҳақидаги нотўғри, нохолис маълумотларни, террорчи гуруҳларнинг манфаатига мос хабарларни ёйишда воситачи бўлиб қолмоқдалар. Бу билан уларнинг гуноҳларида шерикка айланмоқдалар.

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло “Ҳужурот” сурасида марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз” (6-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:
((مَنْ دَعَا إِلَى هُدًى, كَانَ لَهُ مِنْ الْأَجْرِ مِثْلُ أُجُورِ مَنْ تَبِعَهُ, لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْئًا, وَمَنْ دَعَا إِلَى ضَلَالَةٍ, كَانَ عَلَيْهِ مِنْ الْإِثْمِ مِثْلُ آثَامِ مَنْ تَبِعَهُ, لَا يَنْقُصُ ذَلِكَ مِنْ أوزارهم شَيْئًا

“Ким ҳидоятга чақирса, унга эргашувчи кишининг савобидек ажр бўлади. Бу билан амал қилган кишининг савобидан бирор нарса камаймайди. Кимки залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ ёзилади. Бу билан амал қилган кишининг гуноҳидан бирор нарса камаймайди”, – деганлар (Муслим ривояти).
Хулоса шуки, Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда келганларнинг барчаси ваҳийдир, ҳақдир. Уларни бузиб талқин қилиш асло мумкин эмас. Яқин Шарқдаги мутаассиб жамоалар эса ислом асосларига бутунлай ёт бўлган жиноий ва фитначи оқим бўлиб, асоси бўш ва ботилдир.

وَقُلْ جَاءَ الْحَقُّ وَزَهَقَ الْبَاطِلُ إِنَّ الْبَاطِلَ كَانَ زَهُوقًا

“Яна айтинг: “Ҳақ келди ва ботил йўқолди. Албатта, ботил нарса йўқолувчидир” (“Исро” сураси 81-оят).
Бугунги замоннинг ўзи воқеликка очиқ кўз билан, теран ва чуқур мушоҳада юритган ҳолда назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Шу боис юртдошларимиз, айниқса, ёш авлод онгида мураккаб ва таҳликали дунё ва минтақамизда, хусусан, давлатимизда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳақида бирёқлама ва сохта тасаввур пайдо бўлишига йўл қўймаслик масаласи долзарб саналади.
Шунингдек, тарихимизни, миллий қадриятларимиз ва ислом динининг моҳиятини сохталаштиришга, маънавий қадриятлардан йироқлаштиришга бўлган уринишларнинг олди олиниши зарур.
Шунинг учун халқимизни турли ғоявий таҳдидлардан асраш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш ва уни янада мустаҳкамлаш, турли воситалар орқали қадриятларимиз ва миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга ёт бўлган тушунча ва ғояларнинг кириб келиши, тарқалишига тўсқинлик қилиш барчанинг бурчи ва вазифаси ҳисобланади.
Биринчи навбатда, ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият беришимиз лозим. Чунки, кўпинча, ҳаётий тажрибаси ва билими кам, дунё воқеаларидан бехабар ёки нотўғри, ишончсиз маълумотларга эга, шахсий нуқтаи назари ва қараши шаклланиб улгурмаган ёшлар ахборот ва мафкуравий курашлар таъсирига тушадилар. Шунинг учун ҳам ҳар бир ўғил-қиз онгига, аввало, Ватани ва оиласи олдидаги масъулият ҳиссини сингдиришга, уларни инсонпарварлик ва она юртга садоқат руҳида тарбиялашга устувор вазифа сифатида қараш керак.
Биз имом-хатиблар, диний соҳа ўқитувчилари ва ходимлари жамиятимизда яшаётган кишиларга динимизни мусаффо ҳолда етказиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни биз учун ёт бўлган мафкура ва ғоялар таъсирлардан ҳимоя қилиш, ёшларни ўз қатъий қарашлари ва эътиқодига эга, маънавий баркамол этиб тарбиялаш вазифаси доимо долзарб эканини унутмаслик лозим.
Анжуман кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот котиби Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади.