Ўн бир ойнинг султони қутлуғ Рамазон ўзининг ҳайру баракаси, саховати, мўл-кўл эҳсонлари билан эшикларимизни қоқди.

Аллоҳга беадад шукроналар бўлсинким, муборак ойни юртимизда тинчлик, меҳру оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз тобора мустаҳкам қарор топаётган бир шароитда, кўтаринки руҳ билан кутиб олдик. Рамазоннинг ғанимат тунлари Қуръони каримни хатм қилиш чиройли ананага айланган. Бу йил ҳам юртимизнинг кўпгина жоме масжидларида намозхонлар Аллоҳнинг каломига сомеъ бўлмоқдалар.

Куни кеча “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилинди. Бундан барчамизнинг кўнглимиз хушнуд бўлди.  Қарорда Рамазон ойининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширишга қатор мутасадди ташкилотлар жалб этилган. Буларнинг барчаси халқимизнинг хурсандчилигига янада хурсандчилик бахш этди. Мазкур Қарорда ўз ифодасини топган эзгу ишлар Рамазон ойини диёримизда янада шукуҳли ва кўтаринки руҳда ўтишига асосий омилдир. Албатта, бугунги эмин, эркин ибодат қилишимизга мамлакатимизнинг тинч-осойишталиги сабаб бўлаётгани, бунинг учун аввало, Яратганга беҳисоб шукрлар айтишимиз, қолаверса, тинчлик, барқарорликнинг қадри қанчалик муҳимлигини ҳар бир одам чин дилдан ҳис этмоғи зарур.

Бу йилги Рамазон ҳайитининг "Кексаларни эъзозлаш йили" билан бирга нишонланаётгани янада қувончлидир. Давлатимиз томонидан ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган эътибор барчанинг кўнглига қувонч бағишламоқда.

Рамазон ойининг улуғворлиги, алоҳида фазилатли томони шундаки, у саховат ойи ҳамдир. Меҳр-мурувват, саховат халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган бобомерос қадриятларимиздан ҳисобланади. Саховатли зотлар, уларнинг тарихда қолдирган яхши номлари, саховатпешалик билан амалга оширган ишлари биз учун ибратдир. Албатта, бундан хайр-саховат фақат шу ойда қилиниши керак, деган маъно чиқмайди. Яъни, саховат мавсумий қадрият эмас. Бироқ муқаддас китобларимизда Рамазонда қилинадиган ҳар қандай хайрли амаллар, жумладан, хайр саховатга ҳам бошқа ойлардагидан бир неча ҳисса кўпроқ ажр берилиши қайта-қайта таъкидланади, шунга кўра кишиларда бу ойда савобли ишларни ҳар қачонгиданда кўпроқ қилишга интилиш майли янада ортади. Қолаверса, бир ой давомида фақат яхши ниятда, яхши амалда бўлган кишиларнинг рўзадан кейинги ойларда ҳам бундай яхшиликларда бардавом бўлишлари табиий. Бу эса Рамазони шарифнинг тарбиячилик фазилати, ҳикмати сирасига киради.

Бу кунларга соғ-омон етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, янада ҳамжиҳат, ҳусну муомалада бўлишга интилайлик. Бирор сабабга кўра аразлашган, ўрталарига совуқчилик тушган таниш-билишлар ҳам ҳайит шарофати туфайли бир-бирларига қучоқ очсинлар. Ушбу муборак кунларда гина-кудуратларни унутиб, кечиримли бўлиш айни савобли амалдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам эҳсон қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар", деб марҳамат қилади.

Аллоҳ таоло барчамизнинг хонадонларимизга, жонажон юртимиз Ўзбекистонга тинчлик-хотиржамлик, қут-барака ато қилсин, бошимиз узра меҳр-оқибат ва илму маърифат нурлари ёғилаверсин.

Ушбу саодатли кунларда Аллоҳ таолодан тутган рўзаларимизни ҳусни қабул айлашини ҳамда Ватанимизга ободлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга қут-барака ато этишини сўраб дуолар қиламиз.

 

Ҳусанбой ШЕРМАТОВ,

Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Умар” жоме масжиди имом-хатиби