Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Эй имон келтирганлар! Рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Раббингизга ибодат қилиб эзгу иш қилингиз – шоядки, нажот топса­нгиз!" (Ҳаж, 77).

Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Яхшилик қилишнинг барчаси садақадир", дедилар.

Инсонларга яхшилик қилган, уларга эзгуликлар улашган бандаларга Аллоҳ таоло улуғ ажр ва мукофотлар ваъда қилган. Оиламиз, маҳалла-кўйимиз, юртимиз фаровонлиги, тинчлиги ва тараққийи йўлида ҳар биримиз атрофимиздагиларга нисбатан яхшиликлар қилишга интилмоғимиз, ёмонликлардан тийилиб, азият беришдан сақланмоғимиз зарур.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) яхшиликка тарғиб этиб, бундай марҳамат қилдилар: "Сизлардан ҳеч бири­нгиз ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича комил имонли бўлмайди" (Муттафақун алайҳ). Дарҳақиқат, меҳр-мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиб, ўзимизга раво кўрган нарсаларни уларга ҳам раво кўришимиз, мўминлигимиз ифодасидир.

9 май – "Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги вакилликлар, масжидлар ва мадрасалар томонидан жойларда хайрия тадбирлари бўлиб ўтди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, шунингдек, ҳозирги кунда қарилик гаштини сураётган отахон ва онахонларни байрам арафасида йўқлаб, совғалар берилди. Қарийб беш ярим минг киши иштирок этган бундай тадбирларга 120 миллионга яқин маблағ сарфланди. Жумладан, Самарқанд вилояти вакиллигида, Қарши шаҳар "Кўк гумбаз" жоме масжидида, Тошкент шаҳар "Фирдавс", "Дўмбиробод", "Қозиробод", "Собитхон ҳожи", "Чоштепа", "Тўра бува" жоме масжидларида маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари ҳамкорлигида ҳомийларни жалб этган ҳолда уруш қатнашчилари, нуронийларга байрам дастурхони ёзилди.  

Бундан ташқари, 23 май куни Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги "Меҳрибонлик ногиронлар жамияти"нинг бир гуруҳига идора ҳомийлигида Самарқандга ­зиёрат уюштирилди. Улар шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини, муборак қадамжоларини зиёрат қилишди. Меҳмонлар шарафига Имом Бухорий мажмуа­сида зиёфат дастурхони ёзилди.

Эл-юрт манфаати йўлида хизмат қилаётган, яхшиликлар улашаётган юртдошларимизни Аллоҳ таоло улуғ ажр-мукофотлар билан сийласин.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ