"Мустаҳкам оила йили" ҳамда 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан "Туркистон" саройида "Энг намунали ёш оила" кўрик-танлови бўлиб ўтди. Мазкур танлов Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва бош­қа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди. "Мустаҳкам оила йили" Давлат дастури доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан оиланинг жамиятдаги мавқеини кучайтириш, маҳалла ва таълим масканлари билан ҳамкорлигини янада кенгай­тириш, ёш оилаларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш, хотин-қизлар, болаларни соғломлаштиришга оид бир қатор ­лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Бу кўрик-танловда ёш оилаларнинг фарзанд тарбиясига эътибори, оилавий тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш, тиббий маданиятни юксалтиришга доир тажрибаси, ҳуқуқий, иқтисодий билимлари синовдан ўтказилди. Айни пайтда иштирокчиларнинг миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизга бўлган муносабатига жиддий эътибор қаратилди. Танлов доирасида оилавий тадбиркорликка доир кўргазма, миллий либослар намойиши бўлиб ўтди.

Кўрик-танловда Яккасарой тумани Абдулла Авлоний номидаги маҳаллада истиқомат қилувчи Абдусалом ва Дилором Муталовлар оиласи олий ўринга, Чилонзор туманидаги Дўмбиробод маҳалласида яшовчи Рустам ва Матлуба Эрматовлар оиласи биринчи ўринга лойиқ топилди.

ЎзА