ҚУРБОН ҲАЙИТИНИ НИШОНЛАШ ТЎҒРИСИДА

Муборак Қурбон ҳайитининг халқимиз маънавий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, миллий-диний қадриятларимизни сақлаш ва улуғлаш, фуқароларнинг ҳамжиҳатлиги ва меҳр-оқибатини мустаҳкамлаш, уларнинг руҳий ва маънавий оламини янада юксалтириш мақсадида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний байрам – Қурбон ҳайитини дам олиш куни деб эълон қилиш ҳақида”ги 1991 йил 20 июндаги ПФ-221-сон Фармонига мувофиқ:

1. 2012 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 26 октябрь жума кунига тўғри келиши ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мурожаатини инобатга олиб, 2012 йил 26 октябрь дам олиш куни деб белгилансин ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин.

2. Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа барча мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширсин.

3. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига байрам тадбирларини кенг ёритиш тавсия этилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент шаҳри, 2012 йил 22 октябрь.