Муаллимлик шарафли ва улуғ касбдир. Абу Амомадан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ бундай деганлар: “Аллоҳ таоло, фаришталар, осмонлар ва ер аҳли, ҳатто уясидаги чумолилару денгиздаги балиқлар ҳам инсонлар муаллимига яхшилик сўраб дуо қилади”.

Халқимиз муаллимларни қадрлаб: “Устоз отангдай улуғ” дейди. Юртимизда устозлар алоҳида эъзозланади. 1 октябр куни “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” деб эълон қилинган. Ҳар йилгидек бу байрам барча ўқув масканларида кенг нишонланди.

Иккинчи октябр куни Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида ҳам ана шу улуғ байрамга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда фахрий устозлар ҳам қатнашдилар.

Байрам тантанасида институт талабалари Қуръон тиловат қилишди, саҳна кўринишлари билан ва салавотлар айтиб чиқишди. Шунингдек, талабалар меҳмонлар билан қизиқарли савол-жавоблар ўтказишди, ғолибларга совғалар улашишди. Тадбир давомида Диний қўмита таълим бўлими бошлиғи Шоҳрух Абдурасулов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, кадрлар тайёрлаш бўлими мудири Жалоллиддин Нуриддинов ҳамда Тошкент Ислом институти ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаевлар биринчи босқич талабаларига талабалик гувоҳномаларини топширишди.

Нилуфар ОРТИҚХЎЖАЕВА,

ТИИ 2-курс талабаси