Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар.

Савол: Бу саволни нима учун берганимни тўғри тушунасиз, деган умиддаман. Мен динни ва диний китобларни кучли тарбияловчи манба деб биламан ва уларда буюрилган амалларни бажаришга ҳаракат қиламан. Лекин китобларда барчага ибрат тариқасида келтириладиган мўъжизаларга ишонгим келмайди. Илтимос, менга тушунарсиз бўлган шу жиҳатлар ҳақида маълумот берсангиз?

Жавоб: Аввало, "мўъжиза" (арабча – ақлни ожиз қолдирувчи ҳодиса) дейилганида, пайғамбарларнинг ҳақиқатан ҳам Аллоҳ таоло бандаларга юборган элчилар эканига далил-ҳужжат сифатида юз берган ғайритабиий ҳодиса тушунилади.

Масалан, Мусонинг (алайҳиссалом) ҳассаси таёқ сифатида қўй ҳайдашдан ташқари, керак пайтда бошқа шаклга кириб, дарёга кўприк бўлар ёки аждарга айланиб, ҳазрат Мусо фойдасига хизмат қилар эди. Исога (алайҳиссалом) оғир ва бедаво касалликларни бир нафас билан тузатиш, мурдаларни тирилтира олиш каби мўъжизалар берилган. Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса, бир неча юзлаб мўъжизаларга эга бўлганлар. Улардан энг улуғи – ўқиш, ёзишдан мутлақо хабарлари бўлмаган ҳолда Қуръони карим оятларини ёддан тиловат этишлари, бу оятнинг шакл ва мазмун жиҳатидан башарият имконида йўқ тенгсиз, олий даражада айтилган илоҳий ваҳийлар эканидир. Зеро, пайғамбарлик ана шундай мўъжизалар билан тасдиқланади.

Қуръони карим ва Пайғамбаримизнинг ҳадиси шарифларида мўъжизалар "оят" ёки "бур­ҳон" дейилади. Аллоҳ таоло табиат қонунларини қандай яратган бўлса, ғайритабиий ҳолларнинг қонунларини ҳам Ўзининг қудрати ва иродаси билан яратган. Аммо биз ғайритабиий ҳолларнинг сабабларини билолмаймиз. Буни фақат пайғамбарларгина билишади, тушунишади. Аллоҳнинг пайғамбарлари инсонлар билмаганини билишади, кўрмаганини кўришади, эшитмаганини эшитишади. Моддалар оламини ўзгармас қонунларга боғлаб қўйган Аллоҳ тао­ло пайғамбарларини қувватлантириш, уларни янада шарафлантириш учун табиат ҳодисаларига ўзгартириш киритиши ҳамда уларнинг сабабларини ҳам, таъсирини ҳам йўқотиши мумкин. Масалан, олов ҳамма нарсани ёндириб-куйдирувчи бўлишига қарамай, Аллоҳнинг қудрати билан Иброҳимни (алайҳиссалом) ёндирмади, унга таъсир ўтказа олмади:

"Биз айтдик: "Эй олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл!" (Анбиё, 69).

Мўъжизаларга ҳар қандай кишининг ҳам ақли етавермайди. Лекин мўъжизалар бор ва улар ҳақиқатдир. Бу мўъжизаларни тушуниб етиш, қабул қилиш учун инсон аввало Аллоҳ таолонинг буюк қудратига, кўз билан кўриш имконсиз баъзи ҳақиқатларга ишонмоғи лозим. Қуръони карим ақл бовар қилмас ҳолларнинг ҳам бўлиши мумкинлигидан хабар бериб, мўъжизалар ёлғиз Аллоҳ иродаси билан содир этилишини, пайғамбарлар ҳам хоҳлаган пайт­ларида мўъжиза кўрсата олмасликларини ҳам билдиради:

"Агар уларга бирон оят-мўъжиза келса, албатта, имон келтиришлари ҳақида жон-жаҳдлари билан Аллоҳга қасам ичадилар. "Оятлар Аллоҳнинг ҳузуридадир", – деб айтинг! Қайдан ҳам билурсизлар, (оятлар) келганда ҳам, балки имон келтирмаслар" (Анъом, 109).

Мўъжизаларга ишонтирмоқ учун кўрсатилган далиллар ниҳоят даражада ҳақиқий бўлиши керак. Таъкидлаш лозим, Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) мўъжизалари билан боғлиқ далиллар бошқа ҳодисаларнинг тарихий далилларидан ҳам ишонарли ва қувватлидир:

"Эсланг, Исо ибн Марям: "Эй Исроил авлоди! Мен Аллоҳнинг сизларга (юборган) пайғамбаридирман. (Мен) ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқловчи ва ўзимдан ке­йин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар берувчиман", деган эди" (Саф, 6).

Инсонлар фаолиятидаги ҳар қандай тажрибага "фан" номи берилган. Фан бирор нарсанинг моддий соҳада қандай бўлишини, қайси хусусиятларга эга эканини текширади. Лекин фаннинг имконият доирасидан ташқарида қолган, ақлнинг чегарасига кирмаган, фалсафани ожиз қолдирган масалаларни ечиш диннинг вазифасидир. Аллоҳ таоло инсонларга уларнинг ақли етмаган ҳақиқатларни пайғамбарлар воситасида ўргатган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин, диннинг кўрсатмаларига амал қилиш азмидаги шахс унинг манбаларида зикр этилган ва пайғамбарлар кўрсатган мўъжизаларга ишонмоғи лозим. Акс ҳолда, имони тўлиқ шаклланишига зарар етиб қолиши мумкин. Зеро, пайғамбарларга имон келтирганида, уларга Аллоҳ таоло берган мўъжизаларга ҳам имон келтириш назарда тутилади.

Савол: Ҳозирги пайтда одамларимиз орасида ўзаро ғийбат қилиш ҳоллари жуда кучайиб кетган. ўийбатдагигуноҳлар ҳақида маълумот берсангиз..

Жавоб: Албатта, ғийбат од-дий кўрингани билан ўзидан жуда ёмон излар қолдирувчи гуноҳи кабиралардандир. Бу ҳақда кўпгина оятлар нозил бўлган, ровийлар ҳам бу мавзуда кўпгина ҳадислар ривоят қилишган.

Куръони каримда: "Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгалар айбини кидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайди-ми?!..." (Ҳужурот, 12) деб марҳамат қилинади.

Абу Саид Худрий ривоят қилади. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: "Исро кечаси (Меърож туни) бир қавм танасидаги бир қисм гўштни кесиб, уни луқма қилиб турганларида, уларнинг олдидан ўтиб қолдим. Шунда уларга Жаброил (алайҳиссалом) "Биродар­лари­н­гиз­нинг гўштини еганингиздек, еяверинглар", деб айтдилар. Мен ҳайратланиб, "Ё Жаброил, улар кимлар эди?" деб сўрадим. Ҳазрат Жаброил: «Улар умматларингиз орасидаги ғийбатчилардир", деб жавоб бердилар (Аҳмад ва Абу Довуд).

Шунингдек, "Исро" сурасининг З6-оятида: "(Эй инсон) ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)", дейилган.

Фақих Абу Лайс Самарқан­дий ривоят қилади: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: "ўийбат нималигини биласизларми? Саҳобалар: "Аллоҳ ва Расули билгувчирокдир", дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: "Биродарингизни у ёмон кўрадиган нарса билан зикр қилмоғингиз". Саҳобалар: "Айтганларимиз биродаримизда бўлса-чи, унда нима бўлади?" деб сўрашди. У зот: "Агар айтган нарсангиз унда бўлса, бас, уни ғийбат қилибсиз, айтилган нарса унда бўлмаса, бас, унга бўҳтон қилибсиз!" дедилар.

Юқоридаги оят ва ҳадислардан ғийбатнинг нақадар улкан гуноҳ эканлиги маълум бўлади.

Савол: Ота-онасига оқ бўлган кишининг охиратда гуноҳи кечириладими?

Жавоб: Ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабиралардандир. Бу ҳақда Абу Бакр Нафиъ бин Ҳорис қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) гуноҳи кабираларни сизга айта­йинми?" дедилар. Биз: "Ҳа, ё Расулуллоҳ!" дедик. У зот айтдилар: "Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш".

Аҳли сунна вал жамоа маз-ҳабларида гуноҳи кабира со-ҳиби дўзахда абадий қолмай-ди, ота-онасининг кечириши билан ёки Аллоҳнинг афв қилиши, пайғамбар шафоати натижасида дўзах азобидан қутулиши мумкин дейилади.

Савол: Қаффол Шоший ҳазратлари ҳақида маълумот берсангиз..

Жавоб: Ислом оламида Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби "имом" даражасига эришган буюк алломалар қаторида Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Замондошлари томонидан "Ҳазрати Имом" деб улуғланган бу зотни, баъзи араб манбаларида алоҳида ҳурмат билан номига "катта, улуғ" маъноларини ифодаловчи "Кабир" сўзини қўшиб ёзадилар. Аллома моҳир ҳунарманд бўлиб, қулфсозликда шуҳрат қозонгани боис "Қаффол", яъни қулфчи, қулфсоз деган ном билан эъзозланган ва бу сўз унинг тахаллусига айланиб кетган. У ҳижрий 291, милодий 904 йилда Шошда туғилган.

Муҳаддис, фақиҳ, адиб, та-ниқли дипломат, шоир ва тилшунос аллома бир қатор китоблар, жумладан, "Китоб фи усул ал-фиқҳ" (Фиқҳ усуллари китоби), "Шарҳ ар-рисола" (Рисола шарҳи), "ал-Жадал ал-ҳасан" (Диалектика гўзаллиги), "Жавомиъ ал-калим" (Ҳикматли иборалар тўплами), Адаб ал-қози" (Қозининг одоби), "Маҳосин аш-шариъа" (Шариат гўзалликлари), "Далойил ан-нубувват" (Пайғамбарлик далиллари), «ат-Талхис фил-фуруъ" (Фуруъдаги қисқартма) каби асарлар муаллифидир. Аллома ўзининг "Жавомиъ ал-калим" асарида 1200 та саҳиҳ ҳадисларнинг ровий ва иснодларини тўлиқ келтирган бўлса, "Маҳосин аш-шариъа" китобида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизаларини бадиий услубда жамлаган ҳамда 1000 дан ортиқ ҳадисларни кўрсатиб ўтган.

Ҳижрий 366, милодий 976 йилда вафот этган бу аллома дафн этилган ерда Х аср меъморчилик услубида ихчам мақбара қурилган бўлиб, ХВ асрда Соҳибқирон Амир Темур уни қайтадан бунёд этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов-нинг 2007 йил 20 февралда-ги "Ҳазрати Имом (Ҳастимом) жамоатчилик жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги қарори асосида мазкур мажмуа яна қайтадан таъмирланди ва бу билан Имом Қаффол Шошийнинг бутун мусулмон оламига қилган хизматлари асрлар ўтиб муносиб баҳоланди, дейиш мумкин. Бугун ушбу муборак маскан Ислом маданиятида юксак ўрнига эга буюк алломанинг чинакам тимсоли сифатида кўз олдимизда намоён бўлмоқда.