Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий 

Усмонхон Алимов жавоб беради.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Савол: Сажда қилганида қуймичи, белининг паст қисми очилиб қолган кишининг намози дуруст бўладими?

Жавоб: Намозда аврат аъзоларининг тўртдан бири ёки ундан кўп қисми очилиб қолишининг ҳукми ўша аъзонинг ҳаммаси очилиб қолганининг ҳукми кабидир. Намозда ёпилиши керак бўлган аврат аъзоларининг тўртдан бири очилиб қолса ва шу ҳолда бир рукнни адо этса, намоз бузилади. Агар иккита аврат аъзонинг тўртдан биридан ками очилиб қолиб, улар қўшилганида бир аъзонинг тўртдан бирига тўғри келса, намоз бузилади. Аммо очилган авратни дарҳол ёпиб олган кишининг намози билиттифоқ бузилмайди. Аврат бўлган аъзонинг тўртдан биридан кам қисми очилиб қолса, зарари йўқ. Авратининг тўртдан бири очилиб, бир рукн адо этилиши муддатича турган кишининг, Имом Абу Юсуф наздида, намози бузилади. Имом Муҳаммад эса бузилмаслигини айтган (“Фатовойи Ҳиндия”).

Демак, сажда қилганида қуймичи, белининг киндикдан пастки қисми очилиб қолган одамнинг намози дуруст бўлмайди.

Савол: Қуён гўштини ейиш мумкинми? Типратикан гўштини-чи?

Жавоб: Қуённинг гўштини ейиш мумкин. Чунки Пайғамбаримизга қизартириб пиширилган қуён гўшти берилганида ундан еганлар ва саҳобаларга ҳам ейишни айтганлар. Чунки қуён йиртқич ва ўлаксахўр ҳайвон эмас. Шу боис уни кийикка қиёс қилишади (“Ҳидоя”).

Типратиканнинг гўшти эса ейилмайди, унинг гўшти барча мазҳабларга кўра ҳаромдир (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Бирор ишни қилишдан олдин Қуръони каримни очиб, раҳмат ёки хушхабар оятига кўзи тушса, ўша ишни қилиш, азоб оятини кўрса қилмаслик жоизми?

Жавоб: Қуръондан мазкур тарзда фол кўришни кўпчилик уламолар жоиз эмас, дейишган. Шариатимизда истихора қилиш бор. Истихора намози бор. Истихора икки ишдан хайрлироғини исташ деганидир.

Истихора намози ҳақида Жобир бундай деганлар: «Расулуллоҳ бизга барча ишларда истихорани худди Қуръонни ўргатганлари каби ўргатиб: “Бирортангиз бир ишни қилмоқчи бўлса, икки ракат нафл намоз ўқисин. Сўнг бундай десин: “Ё Аллоҳ! Мен Сенинг илминг билан Сендан истихора этаман – яхшиликни сўрайман. Сенинг қудратинг билан Сендан қодирлик истайман. Сен куч-қудрат эгасисан, мен ожизман. Сен (ҳамма нарсани) билувчисан, мен билмайман. Сен ғайбни билгувчисан. Ё Аллоҳ! Агар мана шу ишни (ҳожатини айтади) мен учун динимда, ҳаётимда ва оқибатда яхши деб билсанг, уни менга тақдир қил ва осон эт. Сўнг уни менга барокотли қил. Агар бу ишни мен учун динимда, ҳаётимда ва оқибатда ёмон деб билсанг, уни мендан, мени ундан узоқлаштир. Қаерда бўлса ҳам, менга яхшиликни насиб эт ва мени яхшилик билан хушнуд қил”» (Имом Бухорий ривояти).

Уламоларнинг сўзларига кўра, сафарга чиқиш, тижорат, уйланиш каби ҳаром бўлмаган ҳар бир ишда истихора қилиш мустаҳабдир. Ҳаром амаллар учун истихора қилинмайди, чунки биз у ишларни қилишдан шундоқ ҳам қайтарилганмиз. Шунингдек, фарз ибодатлар учун ҳам истихора қилинмайди. Зеро, фарз амаллар вазифамиздир.

Савол: Киши шаръан мусофир саналиши учун белгиланган масофани ҳозир бир неча соатда босиб ўтиш мумкин. Айтинг-чи, бу ҳолда мусофирга берилган рухсатлар ўзгармайдими?

Жавоб: Ҳанафий мазҳабига кўра, киши мусофир бўлиши учун туяда ёки пиёда ўртача юришда уч кеча-кундузда етиладиган жойга боришни ният қилиб, йўлга чиқиши лозим. Киши ана шунча масофага боришни ният қилиб уни замонавий улов воситаларида қисқа муддатда босиб ўтса ҳам, мусофир бўлади ва намозларини қаср қилиб ўқиши керак (“Баҳр”, “Ниҳоя”).

Савол: Мен иш юзасидан кўпгина давлатларга сафар қилиб тураман. Бир мамлакатга борганимда, мезбонлар қисқичбақали овқатни таклиф қилишди. Мен емадим. Мезбонлар қисқичбақани бемалол тановул қилганларидан ҳайрон бўлдим. Қисқичбақани еса бўладими?

Жавоб: Шофиъий ва моликий мазҳабида қисқичбақа ва бошқа барча турдаги денгиз жониворларини ейиш мубоҳ. Улар: “Ўзингиз ва сайёҳ (ўткинчи)лар фойдаланиши учун сизларга денгиз ови ва таоми (балиқлари) ҳалол қилинди” (Моида, 96), мазмунли ояти каримасига ҳамда Пайғамбаримизнинг : “Денгиз суви покловчи ва ўлимтиги ҳалолдир” (Абу Довуд ва Термизий ривояти) мазмунли ҳадисларига суянишади.

Аммо бизнинг ҳанафий мазҳабимизда денгиз сувида яшовчи жониворлардан фақат балиқни ейиш ҳалол, сувда яшовчи бошқа барча жониворларни, жумладан, қисчиқбақани ейиш мумкин эмас. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу мазмунли ояти далилдир: “...нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади... (Аъроф, 157). Денгиз ҳайвонлари ичида балиқдан бошқа барчаси нопокдир. Шофиъий ва моликийлар далил қилган оятдаги “сайд” сўзи “овлаш” маъносидадир. Чунки гўшти ейилмайдиган ҳайвонларни ҳам овлаш мумкин. Ҳадиси шарифдаги “майтат” – “ўлимтик” сўзидан мурод балиқдир. Денгиз ҳайвонларидан фақат уни ейиш ҳалол қилинган. Ибн Можа ва Дорақутний ривоят қилади: «Расулуллоҳ бундай марҳамат қилганлар: “Биз учун икки ўлимтик ва икки қон ҳалол қилинган. Ўлимтиклар балиқ ва чигиртка, қонлар жигар ва қора жигар”» (“Ҳидоя”). Ўзи сабабсиз ўлиб, қорни юқорига бўлиб сув юзасига чиқиб қолган балиқлар ейилмайди (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.