Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамд, Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у зотнинг авлодлари ва саҳобаларининг барчаларига қиёмат кунигача дуруду саломлар бўлсин.

Биз оёқ кийимига масҳ тортиш муқим учун бир кеча-кундуз ва мусофир учун уч кеча-кундуз жоиз эканига иқрормиз. Чунки ҳадисда шундай ворид бўлган. Ким уни инкор этса, унинг кофир бўлиб қолиш эҳтимоли бор. Чунки у ҳадис мутавотир ҳадисдир.

Биз Аллоҳ таолонинг қаламга ёзишга буюрганига, қалам: "Ё Раббим, нимани ёзайин", деганига ва Аллоҳ унга, қиёмат кунигача бўладиган нарсаларни ёз, деб амр қилганига иқрормиз. Бунга: "Улар қилган ҳар бир нарса битикларда (номаи аъмолларида)дир. Ҳар бир кичик ва катта (Лавҳул Маҳфузда) битилгандир" (Қамар, 52–53, мазмуни) оятлари далилдир.

Биз қабр азоби муқаррарлигига, унда Мункар ва Накир фаришталари савол қилишига; Жаннат ва Дўзах ҳақ ва иккиси ҳам ўз аҳллари учун яратиб қўйилганига. Аллоҳнинг: "Қиё­мат кунида адолат тарозусини ўрнатамиз", деган сўзига биноан тарозу ҳақ эканига; Аллоҳнинг: "Китобингни ўқи! Бугун ўз шахсинг ўзингга қарши етарли ҳисобчидир" (ал-Исро, 14, мазмуни), деган сўзига биноан номаи аъмолни ўқиш ҳақ эканига иқрормиз.

Биз Аллоҳнинг "Қабрлардаги ҳар бир бандани Аллоҳ қайта тирилтиради", мазмундаги каломига биноан, Аллоҳ одамзод ўлиб битганидан сўнг, уларни жазолаш, тақдирлаш ва ҳуқуқларини адо қилиш учун узунлиги 50 минг йилга тенг кунда қайта тирилтиришига, Жаннат аҳлининг Аллоҳ таолони кўришлари ҳақ эканига ва бу кўринишда ҳолат ва жиҳати бўлмаслигига, Пай­ғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аҳли Жаннат бўлган бандани, гарчи у гуноҳи кабира қилган бўлса ҳам, шафоат қилишлари ҳақ эканига, Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Хадича онамиздан (розияллоҳу анҳо) сўнг, дунё аёлларининг энг афзали ва мўминларнинг оналари эканига, унинг зинодан поклигига, унинг Равофизлар айтганларидан пок эканига, унга зинони нисбат берган кимса валади зино эканига, Аллоҳнинг мўминлар ҳақидаги: "Улар Жаннат аҳлларидирлар. Улар унда абадий қолувчилардир..." ва кофирлар хусусидаги: "Улар Дўзах аҳлларидирлар. Улар унда абадий қолувчилардир..." деган каломига биноан, жаннат аҳли Жаннатда ва дўзах аҳли Дўзахда абадий қолажаклари ҳақ эканига иқрормиз.

(Имоми Аъзамнинг ушбу васиятларини унинг етук шогирдларидан ва энг йирик издошларидан бири Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим Ансорий ривоят қилган. Имом Абу Юсуф 113 ҳижрий санада Куфада таваллуд топган. У ёшлигидаёқ илм олишга ҳавас қилган, Имоми Аъзамга шогирд тушиб, кўп илмларни ўрганган ва йирик олим, муҳаддис ва фақиҳ бўлиб етишган. Сўнгра у Куфадан Бағдодга ўтиб, Ҳодий, Маҳдий, Ҳорун Рашид халифалик даврларида қозилик мансабида хизмат қилган. У ҳижрий сананинг 182 йили, Рабиъул аввал ойида Бағдод шаҳрида вафот этган. "Ал-Ҳирож", "Ал-Авзоийнинг йўлига раддия" номли асарлар муаллифидир).