Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: Тилла ёки тилла суви юритилган соатларни эркак киши тақиши мумкинми?

Жавоб: Агар тилла суви юритилган бўлса, у ҳақиқий тилла ҳукмида бўлмайди, шунинг учун ҳам ундай соатни тақиш жоиз бўлади. Аммо тилладан ясалган соатни эркак кишилар тақиши жоиз эмас.

Савол: Ушалмай қолган орзулар охиратда нима бўлади?

Жавоб: Бу дунёда ушалмаган орзулар учун шикоят қилинмаган бўлса, албатта, бунинг учун савоб ёзилади. Зеро, хайрли, савобли ишларни амалга ошира олмаган одам руҳий азоб чекади, армонда ўтади. Лекин такдирга тан бериб, сабр қилинади. Шунинг учун охиратда унга савоби берилади.

Савол: Муаззин масжидда айтган азонига хақ олиши мумкинми?

Жавоб: Фиқҳ китобларида муаззин айтган азонига ҳақ олмайди, деб кўрсатилган. Аммо бошқа даромад манбаи бўлмаса, намоз вақтларида азон айтиб туришлик учун маълум миқдорда ҳақ олиши жоиздир.

Савол: Аёл кишининг овози авратми?

Жавоб: Жумҳур уламолар наз­дида аёл кишининг овози аврат эмас. Аммо чиройли овоз ўзига жалб қилиши, эркакнинг фикрини бузиши эҳтимоли борлиги учун баъзи уламолар уни фитна деганлар. Бунинг мисоли худди ҳур аёлнинг юзига ўхшагандек, яъни юз аврат эмас.

Савол: Ҳозирги пайтда ижарага бериш орқали тирикчилик қилиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Шариатда ижара тўғрисида қандай ҳукмлар бор?

Жавоб: Ижара – луғатда ужра (ҳақ, мўзд) сўзининг исми (от сўз туркумидаги шакли) бўлиб, яхши амалга лойиқ бўлган мўзд – ҳақ деган маънони англатади. Шариатда ижара маълум манфаатнинг савдоси сифатида белгиланган бўлиб, ўз жинси ва туридан бўлмаган нарсаларни ўзаро алмаштириш баробарига савдо қилмоқдир. Яъни, масалан, ҳовлини ижарага бериш баробарига ижарачидан ҳовли ижарага олиш тўғри эмас, чунки иккаласи бир хил жинсдан эканлиги сабабли бу савдо рибо (фоиз) олиш ҳукмига ўтади. Агар бирор ҳовли бир ойга ижарага олинса, гарчи у ҳовлида ўтирмаса ҳам, бир ой ўтгандан кейин тайин қилинган ҳақини бериши лозим. Ижара савдосида ижарага қўювчи пулни олдиндан олиш ҳуқуқига эга. Агар ижара вақтида нархлар ошиб кетса, ижарага қўювчининг қайтадан савдолашишга ҳаққи бўлади. Ҳовлини ва ерни ижарага берган киши ижарага олган одамдан ҳар кун учун тегишли ижара ҳақи сўраб олмоғи мумкин.

Савол: Никоҳ ўқилаётган кунда имон калималари ва сифатларини, яъни имони мужмал ва имони муфассални нима сабабдан такрорлатишади? Талқин сабабиданми ёки ақидани мустаҳкамлаш учунми?

Жавоб: Маълумки, шаръий никоҳнинг шартларидан бири икки томоннинг эътиқодли бўлишидир. Инсонда баъзан илмсизлик туфайли ёки билмасдан куфр калималари кетиб қолиши мумкин. Бу ҳолатда никоҳланувчиларнинг никоҳи дуруст бўлмайди. Ана шуларни назарда тутиб мутааххирийн уламолар эҳтиёт юзасидан имон калималарини, имони мужмал ва муфассалларни никоҳланувчилар ҳузурида такрорлатадилар, бу эса никоҳланувчиларнинг ислом ҳолатида бўлиши учун зарурий ҳолатдир. Ҳақиқатда охирги уламоларнинг бу эҳтиёткорлик чорасини никоҳ ақдида кўпайтиришгани исломнинг нозикликларидан биридир.

Савол: Аёл киши ҳаж вақтида ҳайзни кечиктириш учун дори ичиши мумкинми?

Жавоб: Ҳаж вақтида ҳайзи келиб қолишидан хавфсираган аёл уни кечиктириш мақсадида махсус дори истеъмол қилиши мумкин. Албатта, дори истеъмол қилишдан олдин мутахассислар билан маслаҳатлашиб, саломатлигига зарари йўқлигини аниқлаши лозим. Шунингдек, рамазон ойида ҳам рўзани мукаммал тутиши учун ушбу дорини истеъмол қилишига рухсат бор.

Савол: Макруҳ деб нимага айтилади?

Жавоб: Макруҳ луғатда "хунук саналган", "номаъқул иш" маъноларини англатиб, шаръий ҳукмларда қўлланиладиган истилоҳдир. Таҳорат, намоз, рўза каби ибодатларда макруҳ иш қилинса, "ибодат бузилмайди, лекин у нуқсонли ва савоби камайган бўлиб қолади. Масалан, намозда жами 59 та макруҳот амали бўлиб, шулардан қиёмда икки қўл киндикнинг устида турмоқлиги, рукуда бошини баланд тутмоқлик, қироатни шошилиб қилиш (таровеҳ намозида бу дуруст) каби ана шундай ҳолатлардандир.

Савол: "Бидъат" ва "хурофот" деган сўзларга изоҳ берсангиз...

Жавоб: Бидъат – Пайғамбардан (алайҳиссалом) кейин одамлар томонидан динга киритилган янгиликлар. Бидъат икки хил бўлади:

1.    Бидъати ҳасана (яхши саналган бидъат), масалан: мавлуд ўқиш, таровеҳ намозида хатми Қуръон қилиш кабилар.

2.    Бидъати саййиа (ёмон деб саналган бидъат), масалан: Пайғамбар (алайҳиссалом) кўрсатиб берган мотам кунларига қўшимча мотам тутиш, Ислом динида байрам қилиб белгиланган ҳайит кунларини мотамсаро кайфиятда ўтказиш, қабристонларга бориб шам ёқиш кабилар.

Хурофот эса халқ ўртасида одатга айланган, аммо дин кўрсатмаларига зид бўлган амаллардир. Масалан: аёлларнинг фарзанд талаб қилиб, дарахтга латта боғлашлари, янги келин-куёвларнинг никоҳ кечаси аланга ёқиб, унинг атрофида айланишлари ва шу кабилар.

Савол: Ҳурматли муфтий ҳазратлари, Ҳижрий сана қачон ва ким томонидан жорий қилинган? Бу ҳақда ҳар хил маълумотлар келтирилган. Баъзи кишилар Расулуллоҳ ҳижрат қилган даврларидан бошланган дейишса, баъзи кишилар ҳазрат Умар халифалик давридан бошланган дейишади...

Жавоб: Ҳижрий сананинг бошланиш тарихи шундан иборатки, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолонинг изни билан 53 ёшларида, яъни, пайғамбарликнинг ўн учинчи йилида Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага ҳижрат қиладилар. Исломда бу ҳижрат жуда муҳим тарихий воқеа саналиб, Ислом динининг ривожида унинг аҳамияти жуда каттадир. Ҳижрат воқеаси милодий йил ҳисоби билан 622 йил 20 сентябрда рўй берган. Иккинчи халифа Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ҳижрат воқеасидан 17 йил ўтгач, яъни 638 милодий йилда барча саҳобалар билан келишган ҳолда янги тақвимни жорий қиладилар. Унинг биринчи йилини ҳижрат воқеаси содир бўлган вақтдан белгилайдилар ва йил боши учун қамарий ҳисоб бўйича муҳаррам ойини тайин қиладилар. Шундан бошлаб бу тақвим ҳижрий тақвим ёки ҳижрий сана деб юритилади.