Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: Ота-онамиз вафот этишган. Биз қандай амаллар қилсак, уларга савоби тегиб туради, руҳлари шод бўлади?

Жавоб: Ота-онага хизмат қилиш орқали, хайр-эҳсон бериш қанчалик яхшилик – савоб бўлса, уларни норизо қилиш шунчалик катта гуноҳдир. Ҳаётлик вақтларида уларга хизмат қилиш билан, нафақа бериш билан яхшилик қилинса, вафот этганларидан сўнг ҳақларига дуо қилиш, истиғфор айтиш, васиятларини бажариш, яқин танишларини иззат-икром қилиш, улар боғлаган қариндошлик риштасини маҳкам тутиш билан яхшилик қилинади. Уларнинг номидан садақа қилиш ҳам жоиз амал, бироқ: "Ота-онангнинг номидан садақа қил", дейилмайди, садақа қилган бўлса, унга эътироз ҳам билдирилмайди. Аммо садақа қилишдан кўра, Пайғамбарнинг (алайҳиссалом) қуйидаги ҳадисларига биноан, ҳақларига дуо қилиш афзал:

"Инсон вафот этиши билан, унинг амали тўхтайди, фақат уч томондан унга савоб бориб туради: садақаи жория, фойдали илм ва дуо қилиб турувчи солиҳ фарзанд".

 

Савол: Нима учун аср билан шом намозлари ўртасида намоз ўқиб бўлмайди?

Жавоб: Аср билан шом намозлари ўртасида нафл намозлари ўқиш жоиз эмаслиги тўғрисида олти саҳиҳ ҳадис тўпламларида саҳобалардан ривоятлар нақл қилинган. Уларда субҳдан кейин то қуёш чиққунча, асрдан кейин то шом намози ўқилгунича нафл намози ўқиш жоиз эмаслиги айтилган.

 

Савол: Мен ғусл қилаётганда исроф қилмаслик мақсадида жуда кам сув ишлатаман, шу тўғрими?

Жавоб: Ғуслда сувни ортиқча исроф қилмаслик, шунингдек, жуда камайтириб юбормаслик, қиблага юзланмаслик суннат даражасидаги амаллардандир.

 

Савол: Яқинда касал кўргани шом намозидан кейин борган эдим, лекин мени касал олдига қўйишмади. Сабаби шомдан сўнг касал кўриб бўлмас эмиш. Шу тўғрими?

Жавоб: Кун ботгандан ке­йин касал кўргани бориш мумкин эмас, деган гап ҳеч қандай шаръий манбаларда йўқ. Аксинча, шундай ҳадис бор: "Ким кун ботгандан кейин касал кўргани борса, у билан бирга етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунга қадар унга истиғфор айтишади. Шунингдек, у жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади. Ким, эрталаб касал кўргани борса, у билан бирга ҳам етмиш минг фаришта бирга боради ва тонг отгунга қадар унга истиғфор айтишади ҳамда жаннатда хурмо мевалари билан мукофотланади". (Ҳазрат Алидан Абу Довуд ривоят қилган.)

 

Савол: Мен мол бозоридан бир молни олиб, унинг бўйнига янги арқонни боғлаб, шу ернинг ўзида сотсам, кўрган фойдам мен учун ҳалол бўладими?

Жавоб: Бозорда харид қилинган ҳар қандай нарсани икки томон – олувчи ва сотувчи савдодан фориғ бўлиши билан, яъни, нарсани бериб, пулини қўлга олиши билан шу жойнинг ўзидаёқ сотиши мумкин.

 

Савол: Икки елкадаги фаришталар оғиздан чиққанини ёзади, буни биламиз. Аммо ақлимиздаги ёки хаёлан гапирган гапимизни ҳам ёзадими?

Жавоб: Елкамиздаги икки фаришта дилимиздаги, хаёлимиздаги ёки фикрлаб турган гапларни ёзишмайди. Қачонки ўша гапларни тилга чиқариб гапирсак ёки амалда қўлласак, шундагина ёзишади.

 

Савол: Беш вақт намознинг ҳар биридан сўнг айнан ўқилиши керак бўлган махсус тасбеҳ ва дуолар белгиланганми? Бизнинг ҳозирда 33 тадан ўқиладиган тасбеҳларимиз-чи?

Жавоб: Аврод китоблари-да бомдод намозидан сўнг 100 марта "Ла илаҳа иллал-лоҳул-Маликул-Ҳаққул-мубий-н"ни зикр қилмоқ яхши дейилган. Пешин намозидан кейин, "Ҳасбияллоҳу ва ниъмал-вакийл"ни, агар фурсати бўлса 500 марта, вақти тиғиз бўлса 25 маротаба ўқиш дуруст. Аср намозидан сўнг Фотима (розияллоҳу анҳо)нинг машҳур тасбеҳларини, яъни 33 марта "Субҳаноллоҳ", 33 марта "Алҳамдулиллоҳ", 33 марта "Аллоҳу акбар" ва 1 марта "Калимаи тавҳид"ни ўқимоқ (баъзи ривоятларда "Аллоҳу акбар" 34 марта де­йилган, шу билан барча тасбеҳ адади 100 га етади) тавсия этилган. Шом намозидан сўнг "Калимаи тамжид", яъни "Субҳаналлоҳ, ва-л­­ҳамдулиллаҳ"ни 500 марта ўқиш афзал дейилади. Хуфтон намозидан сўнг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шарафларига саловоти шарифни 100 маротаба ўқиб қўйиш фазилатли бўлган амаллардандир.

 

Савол: Касал юқиши ҳақида икки хил ҳадис ўқидим, яъни Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "Вабо касали бор жойга борманг", яна бирида эса "Касал юқиши йўқ нарса", мазмунида. Буни қандай тушунса бўлади?

Жавоб: Касалликнинг соғ одамга юқиши мумкинлиги ҳадиси шарифдан маълум. Унда: "Бирор ерда вабо касали тарқалгани ҳақида эшитиб қолсангиз, у ерга борманг. Ўзингиз яшаётган жойда вабо тарқалса, ундан қочиб чиқиб кетманг", дейилган. Бош­қа бир ҳадисда: "Касал юқиши йўқ нарса..." дейилган. Лекин бу ҳадисда Аллоҳнинг изни ва тақдирисиз юқиш йўқ деган маънони назарда тутганлар, деб таъвил қилинади.

 

Савол: Жаноза намозидан кейин уйга келсам, уйдагилар "Юзингни юв", дейишди. Негалигини сўрасам "Шундай одат бор", деб сабабини айтишмади. Айтинг-чи, Исломда бундай амаллар борми?

Жавоб: Жаноза намозидан кейин юзни ювиш ҳеч қайси китобда ёзилмаган. Бу иш йўқ нарса экани аниқдир. Шундай экан, ёзилмаган ортиқча амалларга берилмаган маъқул.

 

Савол: Араб тилини яхши билган киши Қуръондан ўзича ҳукм чиқарса бўладими?

Жавоб: Йўқ. Қуръон ва ҳадисга маъно бериш ва ундан ҳукм чиқариш учун киши бир қанча илмларни ўзида мужассам қилмоғи шарт. Жумладан, у биринчи навбатда араб грамматикасини (наҳв, сарф), Қуръон ва ҳадис илмига оид фанни ўзлаштирмоғи, ундаги оят ёки ҳадиснинг нозил бўлиш ва айтилиш сабабларини билмоғи, носих-мансуҳ, мутлақ ва муқайяд, ом ва хос каби қонун қоидалардан бохабар бўлмоғи лозим. Бундан ташқари, Қуръон ёки ҳадисдан ҳукм чиқармоқчи бўлган киши муайян масалага тааллуқли бўлган барча оят, ҳадис, саҳобаларнинг ўша масалага муносабатлари ҳамда мужтаҳид уламоларнинг фикрларини яхши билмоғи лозимки, Қуръон ва ҳадис оддий сўз эмас, балки у иккиси ҳам илоҳий каломдир. Қуръоннинг мўъжизакорлиги, балоғат ва фасоҳатининг ниҳоят даражада юқорилиги, жумлаларининг тузилиши ва бошқа жиҳатлари шу вақтгача одамзодни ажаблантириб келган. Агар араб тилини билган ҳар қандай киши Қуръондан ўзича ҳукм чиқарса, Қуръоннинг ҳурматини оёқости қилган бўлади ва Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ким Қуръонни ўзича тафсир қилса, дўзахдан ўзига жой тайёрласин", деган таҳдидларига дохил бўлиб қолади.

Қуръоннинг ҳақиқий маъноларини англаб ҳукм чиқаришни Аллоҳ таоло фақат имонли, қалби пок, омонатга хиёнат ҳиссидан йироқ бўлган тақводор кишиларгагина раво кўрган. Демак, Қуръон ва ҳадисни тушуниш учун фақат араб тили ва юқорида санаб ўтилган илмларни эгаллашнинг ўзи кифоя қилмайди. Уни тўғри анг­лаш учун пок қалб зарур. Унинг пок­лиги эса қалб эгасининг катта-кичик гуноҳлардан сақланишига, ҳалқумини ҳаром-ҳариш, ҳатто шубҳали таомлардан пок тутишига боғлиқ.