Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Савол: Бақара сурасининг 136-оятида ва Нисо сурасининг 163-оятида зикр қилинган “асбот”нинг маъносини тушунтириб берсангиз.

Жавоб: Алҳамду лиллоҳи вассалоту вассалому ало расулиллаҳи аммо баъд: “Асбот” “сибт” сўзининг кўплик шаклидир. Луғатда насл маъносидадир.

Муфассирлар айтишларича, у оятларда зикр қилинган “асбот” ҳазрат Яъқубнинг ўғилларидир. Улар ўн икки нафар эдилар. Улардан ҳар бирининг фарзандлари бир уммат бўлган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Уларни ўн икки уруғ-уммат қилиб бўлиб ташладик ва Мусодан қавми сув талаб қилганида, унга: «Асойинг билан тошни ур!» деб ваҳий қилган эдик, (ургач) ундан (тошдан) ўн икки чашма отилиб чиқди. Ҳар бир (уруғга тегишли) одамлар ўз сув ичадиган жойини билиб олдилар. Улар узра булутларни соябон қилдик ва устиларидан ширинлик ва беданалар ёғдириб: «Сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимизнинг покларидан тановул қилингиз!» (дедик). Улар (итоат қилмай) Бизга зулм қилмадилар, балки ўзларига зулм қиладиган бўлдилар” (Аъроф, 160).

Савол: Оёғимда жароҳат бор, вақти-вақти билан қон сизиб туради. Мен маҳси кийиб, унга масҳ тортсам бўладими?

Жавоб: Фуқаҳолар сўзларига кўра, жароҳати бор киши таҳорат олиб, маҳсисини кийиб бўлгунича қон ё бошқа нарса чиқмаса, масҳ муддати давомида маҳсисига масҳ тортаверади (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: Оятлар ёзилган туморларни тақиш ва идишга оятларни кўчириб, сув билан чайиб ичиш мумкинми?

Жавоб: Оятлар, Аллоҳнинг исм ва сифатлари ёзилган туморларни тақиш ҳанафий, моликий, шофиъий ва ханбалий мазҳаблари уламолари наздида жоиздир. Тумор ҳақида келган ҳадис ширк сўзлар ёзилган туморлар ҳақидадир. Бу ўринда шуни алоҳида эслатамиз: оятлар ёзилган тумор билан хожатхонага кирмаслик керак.

Идишга оятларни кўчириб, сув билан чайиб ичиш ҳам жоиздир. Ибн Аббос туғишга қийналган аёлга ана шундай қилишни буюрганлари нақл қилинган (“Баён лин нас”, “ал Мавсуа ал фиқҳийя”).

Савол: Эр-хотин фарзанд кўришни истамаса, ҳомиладан сақланишлари мумкинми? Шариатда бунга ижозат борми?

Жавоб: Эр-хотинга фарзанд кўриш вожиб эмас, шунинг учун улар фарзанд кўришмаса, гуноҳкор бўлмайдилар. Ҳомиладан сақланиш воситаларини, агар саломатликка зиён келтирмаса ё бирор аъзо манфаатларини тўхтатишга олиб бормаса ёки таносил аъзоларини ишдан чиқармаса, қўллаш жоиздир.

Бу ўринда фарзанд кўриш эр-хотинга фарз эмаслигини айтиб қўйишимиз муҳимдир. Дорилар истеъмол қилиш ё жарроҳлик амалиётларини қилдириш билан фарзанд кўришга ҳаракат қилиш уларга вожиб эмас. Зеро, агар фарзанд кўриш эр-хотинга фарз бўлганида Аллоҳ таоло ҳеч кимни бепушт қилмаган бўларди.

Савол: Биз биламиз, Пайғамбарлар (алайҳимуссалом) том маънода сабрли бўлишган. Аммо Қуръони каримда Аллоҳ таолога уларнинг баъзиларининг шикоятлари зикр қилинган. Шикоят сабрга терс тушмайдими?

Жавоб: Йўқ, терс тушмайди. Муфассир Фахриддин Розий бундай дейдилар: “Аллоҳ таолога шикоят этишда Унга илтижо бор. Аллоҳ таолога шикоят қилиш, ўзининг ожиз ва нотавон эканига иқрор бўлишдир. Шунинг учун бундай шикоятни сабрсизликка йўйиб бўлмайди.

“Сабр шикоят қилмасликдир” қоидасида бандаларга шикоят этиш кўзда тутилган.

Савол: Бошяланг намоз ўқиш дурустми?

Жавоб: “Дуррул Мухтор” ва Ибн Обидиннинг ушбу асарга ёзган ҳошиясида бундай дейилади: “Бош кийим кийишга эриниб ё намозни бош кийим билан ўқиш муҳим эмас деб ёки қасддан бошяланг намоз ўқиш макруҳдир”.

Аммо ўзини паст тутиш ва хушуни орттириш ниятида бошяланг намоз ўқишнинг зарари йўқ. Бу ҳолат ҳаммада ҳам бўлавермайди. Шунинг учун намозни бош кийим билан ўқиган яхши.

Савол: Ётган ҳолда енгил мудраган кишининг таҳорати синадими? Уйқудан туриб, таҳорат олишда ҳам сув билан истинжо қилинадими? Шу ҳақда маълумот берсангиз.

Жавоб: Ётган ҳолда мудраш икки хил бўлади: бири – қаттиқ мудраш. Бунда киши ёнидаги одамларнинг гапларини эшитмайди. Бу ҳолда таҳорат синади. Иккинчиси – енгил мудраш, киши ёнидаги одамларнинг гапларини эшитиб ётади. Бунда таҳорат синмайди. Ухлаб тургач ёки ел чиққанидан кейин таҳоратни янгилашда сув билан истинжо қилинмайди («Оламгирия», «Муҳит», «Захира», «Қозихон»).

Савол: Маҳсига масҳ тортиш учун қўллар ҳўл бўлиши етарлими?

Жавоб: Йўқ, маҳсига масҳ тортишда бармоқларнинг учидан сув томиб туриши лозим. Агар бармоқлар учидан сув томиб турмаса, масҳ ўрнига ўтмайди (“Зоҳирия”).

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.