Ҳар бир шахс касб танлаш, меҳнат қилиш ҳамда меҳнат қонунчилигида кўзда тутилган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Меҳнат таътилига чиқиш ҳам шулар жумласига киради. Қуйида мавзуга доир икки саволга жавоб оласиз.

Савол: Ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга меҳнат таътили бериш тартиби қандай?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 133-моддасига асосан барча ходимларга, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади.

Шунингдек, ўриндошлик асосида ишлаётганларга – асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда, меҳнат таътили берилиши ҳам мумкин.

Савол: Таътиллар қандай ҳолларда узайтирилиши ёки бошқа муддатга кўчирилиши мумкин?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 145-моддасига асосан ходимлар қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар:

вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;

ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганида;

йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганида;

давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганида, башарти қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.

Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади. Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонича узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.

Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.

Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиши тўғрисида вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади.

 

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳуқуқшуноси Икром МАРДОНОВ жавоб берди.