Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: Тишларим орасини тозалаганимда, баъзан тиш чўпи билинар-билинмас қон бўлади. Бунинг таҳоратга зарари йўқми?

Жавоб: Бирон нарсани еяётганда тишлаган нарсасида, тиш орасини тозалаганда тиш чўпида ё бурун катакларини тозалаганда бармоқда қон асари бўлса, таҳорат синмайди ("Шарҳул виқоя").

Савол: Одатда гўдак тез-тез қайт қилиб туради. Агар у кийимга тегса, уни ювиш лозимми?

Жавоб: Оғиз тўлиб қайт қилинганида таҳорат синади. Нима таҳоратни синдирса у нажас ҳисобланади. Қусуқ ғализа нажасдир. Ғализа нажас суюқ бўлса, кафт чуқурлигидан каттароқ жойга тегса, уни ювиш фарз бўлади ("Шар­ҳул виқоя", "Фатовойи Ҳиндия", "Ат-табйин").

Демак, ёш бола оғзини тўлдириб қусган бўлса, у теккан кийимни ювиш лозимдир.

Савол: Аллоҳ таоло ҳар қандай гуноҳни, ҳатто бузуқлик қилганларни ҳам кечиради деб эшитдим. Шу рост­ми?

Жавоб: Банда билиб-билмай қилган гуноҳлари учун қаттиқ пушаймон бўлиб, уни бошқа қилмаслик аҳди билан чин тавба қилса, мағфират этилиши умид қилинади. Чунки Ҳақ таоло тавбаларни қабул қилгувчи, фазлу карами кенг Зотдир. Имоми Аъзамдан (раҳматуллоҳи алайҳ) шу ҳақда сўраганларида бундай жавоб берган эканлар: "Мен Аллоҳ таолонинг ширкдан бошқа гуноҳ учун бандани азоблашини билмайман... Аҳли қиблалар гуноҳкорларидан бирортасини Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳи учун азоблашига гувоҳлик бера олмайман. Аниқ биламанки, ширкдан бўлак баъзи гуноҳлар мағфират қилинади. Уларни-да билмайман. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангиз, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз..." (Нисо, 31). Кечириладиган ва кечирилмайдиган ҳамма гуноҳи кабиралар ва кичик гуноҳларни билмайман. Аллоҳ ширкдан бошқа гуноҳларни мағфират қилса, ажаб эмас. "Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)­ни Ўзи хоҳлаган (бан­да) ­ларидан кечирур..." (Нисо, 48-мазмуни). Аммо мен Аллоҳ таолонинг қайси бандани мағфират қилишни исташини ва қайси бандани мағфират қилмаслигини ҳам билмайман ("Ал-олим ва ал-мутаааллим").

Савол: Жоҳилиятда кишилар қиз фарзандларини тириклайин кўмишган экан. Улар охиратда қандай жавоб беришади?

Жавоб: Ислом дини келишидан олдин баъзи араб қабилалари шу даражада залолатга кетган эканки, ҳатто қиз фарзандларини тириклай кўмишгача борган. Ислом дини эса, бандаларни бу каби жирканч ишларни қилишдан қайтарди. Ривоятларда, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ҳам жоҳилият пайтида қизларини тириклай кўмгани келган. Исломни қабул қилган саҳобалар бу ишларидан қаттиқ пушаймон бўлиб, шу ҳақда Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) сўраганларида: "Ислом ўзидан олдинги гуноҳларни ўчиради..." (Имом Муслим ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Аммо Ислом динини қабул қилмай ўлиб кетганлар бу ноинсоний қилмишлари учун қаттиқ азобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "...руҳлар (қайтадан жасадларга) қўшилганида, (ҳар бир) тириклай кўмилган қиздан сўралганида "не гуноҳи учун ўлдирилган?" - деб" (Таквир, 7-9).