Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Савол: Азон айтиш ҳақида сўрамоқчи эдим. Уни айтишда қандай қоидаларга риоя қилиш керак? Ҳозир кўпгина масжидларимизда бир қўлида микрофон тутиб, иккинчи қўлини қулоғига қўйиб азон айтишади. Шу тўғрими? Ундан ташқари, азон хонақоҳнинг ичида айтиладими ёки ташқарисидами? Илтимос, шулар ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ъала Расулиллаҳ. Аммо баъд.

Бизнинг мазҳабда беш вақт намоз ва жума намози учун азон айтиш суннати муаккададир (“Кофий”, “Муҳит”). Муаззин эркак, ақлли, солиҳ, тақволи ва суннатни яхши биладиган бўлиши афзалдир (“Ниҳоя”). Балоғатга етган киши айтиши авлодир.

Азонни минорада ёки хонақоҳ ташқарисида айтиш унинг ичида айтишдан кўра яхшидир (“Фатовойи Қозихон”). Иқомат эса ерда, хонақоҳнинг ичида айтилади (“Қуня”). Муаззин азон ва иқомат айтаётганида бир жойда туриши керак. Иқоматнинг “Қад қомат солат” жумлаларига келганда юрса бўлади. Азонни баланд жойда овозини кўтариб, атрофдагиларга эшиттириб айтиш азоннинг суннатларидандир (“Баҳрур роиқ”). Муаззиннинг азон ва қомат айтиш чоғида қўлларини қулоқларига қўйиши ҳам азоннинг суннати (“Қуня”). Шунинг учун микрофон билан азон айтганда, микрофонни махсус тутқичга ўрнатиб, икки қўлни қулоққа қўйиб айтилса, суннатга мувофиқ бўлади.

Азон ва қоматда талҳин макруҳдир. Талҳин сўзларнинг бузилишига сабаб бўладиган даражада чўзиш, нағма қилишдир. Азонни, талҳин қилиб юбормаслик шарти билан, чиройли овозда айтиш керак (“Шарҳи Виқоя”). “Аллоҳу акбар” жумласидаги “акбар” сўзининг биринчи “а” товушини чўзиб айтиш ўта хатарли хатодир. Кейинги “а” товушини чўзиш эса ёмон хато бўлади (“Фатовойи Ҳиндия”).

Савол: “Аллоҳумма” сўзи ўзбекчага қандай таржима қилинади? Баъзи ҳадис таржималарида уни “Аллоҳим” деб ўгирилганини кўрдим, шу тўғрими?

Жавоб: Афсус, бугунги кунда “Аллоҳим” дейиш истеъмолга кириб кетди. Бу “Аллоҳумма” сўзининг ўзбек тилига “Аллоҳим” деб хато ўгириш натижасидир. “Аллоҳумма” сўзининг маъноси “Эй Аллоҳ”дир. “Аллоҳ” лафзи “им”, “инг”, “(и)миз”, “(и)нгиз” каби эгалик қўшимчалари маъносидаги қўшимчалар билан ояти карималарда ҳам, ҳадис шарифларда ҳам келмаган. Аммо “илоҳ” сўзига мазкур қўшимчалар қўшилиб келган. Шунинг учун “илоҳим”, “илоҳинг” дейиш мумкин.

Савол: Шариат истилоҳида “мискин” ким, “фақир” ким?

Жавоб: Пайғамбаримиз “мискин”ни бундай таърифлаганлар: “Мискин эшикма-эшик юриб, бир-икки дона хурмо, икки луқма таом олиб юрадиган тиламчи эмас, ҳақиқий мискин ўзини боқолмайдиган, садақа сўраб юрмайдиган, одамлар унинг ҳолидан хабарсиз бўлишганидан унга садақа беришмайдиган кишидир” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Имом Абу Ҳанифа : “Хоҳ тупроқли (хор) мискин” мазмунли Балад сурасининг 16-ояти каримаси ва мазкур ҳадисга асосан мискин фақирдан ҳам муҳтожроқ кишидир, деганлар.

Шофиъийлар фақир мискиндан ҳам ночор одам дейишади. Улар бу сўзларига “Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган мискинларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг ортида барча (бутун) кемаларни тортиб олаётган бир подшоҳ бор эди” (Каҳф, 79) оятини далил қилишган. У оятда кемаси бор кишиларни “мискинлар” деб аталган.

Ҳанафий фиқҳ китобларида фақирнинг эса ҳеч вақоси бўлмайди, дейишган.

Аслий эҳтиёжларидан ташқари кумуш закоти нисоби миқдоридаги молга эга бўлмаган киши фақир, ҳеч вақоси йўқ киши мискин, дейилади.

Савол: Мен бир китобда ўқиган эдим. Кимсасиз далада ўқилган намознинг савоби бир неча марта кўп бўлар экан. Шу тўғрими?

Жавоб: Сиз айтган кимсасиз далада ўқилган намоздан мурод нафл намоздир. Чунки нафл намозлар ёлғиз, ҳеч ким кўрмайдиган жойда ўқилса, риёдан узоқ ва ихлосга яқин бўлгани учун савоби кўп бўлади.

Савол: Қуръони каримда исми келган “Ҳорут” ва “Морут” исмли икки фаришта ҳақида турли ривоятлар бор. Жумладан, улар ер юзида гуноҳ қилганлари ва жазони шу дунёда олишни хоҳлаганлари боис қиёматгача азобланишлари айтилади. Бу қанчалик ҳақиқат?

Жавоб: Ҳорут ва Морут номли икки фаришта одамларга сеҳр ўргатиш учун туширилгани улар зикр қилинган ояти каримада айтилган. Бу фаришталар хусусида сиз айтган гаплар, ривоятлар асоссиз, тўқима эканини барча муфассирлар таъкидлашган. Бу икки фариштанинг туширилиш ҳикмати ҳақида Фахруддин Розий “Мафотиҳул ғайб” тафсирида бундай дейди: “Одамлар у пайтда сеҳрнинг моҳиятини билмасдилар. Шу сабабли улар мўъжизанинг ҳам моҳиятига етолмасдилар. Улар сеҳрнинг моҳиятини англашлари учун Аллоҳ таоло бу икки фариштани туширди”.

Фаришталар гарчи одамларга сеҳрни ўргатиш учун тушган бўлсалар ҳам, олдиндан: “Биз фақатгина синов (воситасимиз, бизга ишониб) кофир бўлиб қолма», яъни, “Эҳтиёт бўл! Сен сеҳрни ўрганишдан мақсадинг унинг мўъжизадан фарқини аниқлаш бўлса-да, сеҳр сабабли гуноҳга қўл уриб қўйишинг, натижада эса кофир бўлиб қолишинг ҳеч гап эмас!” дея қатъий огоҳлантиришарди.

Савол: “Етим” деб шариатимизда кимга айтилади?

Жавоб: Етим деб балоғат ёшига етмай отасидан ажраб қолган болага айтилади. Онаси ўлган бола етим дейилмайди. Зажжож бу таъриф одамларга хослиги, ҳайвонларда эса, онаси ўлгани етим бўлишини айтган.

Ўғил ё қиз бола балоғатга етганидан сўнг ота-онаси оламдан ўтса, улар етим ҳисобланмайди (Фахриддин Розий).

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.