Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар.

 

Cавол: Одам қийинчилик ва азобдан қутулиш мақсадида ўз жонига қасд қилиши мумкинми?

Жавоб: Киши ўзига ё бош­қага зарар етказишини динимиз ҳаром қилган. Аллоҳ таоло бундай амр этган: "Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанглар!" (Бақара, 195).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш йўқдир", деганлар.

Ўз жонига қасд қилиш энг катта гуноҳлардандир.

Чунки ўз жонига қасд қилиш илоҳий неъматдан, ҳаётдан воз кечишдир.

Баъзилар ҳаётдаги қийинчиликлар сабабли ўзларини ҳалок этиб, гўё шу билан азоблардан биратўла қутуламиз, деб ўйлашади. Бу ўйлари хатодир. Ҳадиси шарифда: "Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, жаҳаннам оловида ўша нарса билан абадий азобланади", дейилган.

Аллоҳ таоло бандаларни турли мусибат ва қийинчиликлар билан ҳам имтиҳон қилади. Бошига ташвиш тушган одам Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб ташвишидан қутулиш учун ҳаракат қилса ва сабрли бўлса, эвазига унга кўп яхшиликлар берилади.

Савол: Ҳайвонни сўйишнинг икки усули бор деб эшитдим. Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз?

Жавоб: Ҳақиқатан шундай: ҳайвонни сўйиш: ихтиёрий ёки изтирорий бўлади. Уйдаги қўй, қорамолларни ётқизиб бўғзидан, туяни чўккалатиб бўйнининг кўкрагига яқин жойидан бўғизлаш ихтиёрий сўйишдир. Бунда ҳайвоннинг кекирдагини, қизилўнгачини икки қон томирини узиш шарт. Агар бўғизланаётган ҳайвоннинг кекирдаги, қизилўнгачи ва қон томирлари ярмигача кесилса, узилмаса, гўшти ҳалол бўлмайди ("Жомиъус сағир"). Қўй, молларни ҳалқумининг пастидан сўйиш макруҳдир.

Изтирорий сўйиш эса, ҳайвоннинг бирон жойини тиғ билан жароҳатлаб қон чиқаришдир. Фақат ов қилинадиган ҳайвонларни, саҳро ё шаҳарда қувиб тутиш иложи бўлмаган ё қудуқ ё жарга қулаб тушган ва уни тирик чиқариб олиш имкони бўлмаган туя, сигир ё қўйни изтирорий сўйиш мумкин. Ҳам ихтиёрий, ҳам изтирорий сўйишда бевосита пичоқ тортишдан ва тиғни отишдан олдин тасмия (бисмиллаҳи Аллоҳу акбар) айтиш шарт. Тасмия айтиб, бир оз вақт ўтганидан сўнг ҳайвонни сўйиш дуруст эмас. Овда бўлса, ўқ отилган ёки ов ҳайвони овга юборилган пайт тасмия айтилади.

Мол сўювчи киши ақлли мусулмон ёки аҳли китоб бўлиши керак. Аёл ва хунасалар ҳам мол сўйишда эркак киши кабидирлар. Мушрик, муртад, ақли заиф, маст ёки сўйишга ақли етмайдиган ёш болалар сўйгани ейилмайди.

Аҳли китоб сўйган ҳайвон гўшти, мол ҳайвонни сўяётганида ширк сўзларни айтгани эшитилмаса, у ҳалол бўлади.

Бўғизлаш пайти қасддан "тасмия" айтмаса, гўшт ҳалол бўлмайди ("Татархония", "Кофий", "Фатовойи Аттобий", "Фатовойи Ҳиндия").

Савол: Таҳорат қилиш пайтида гапириш гуноҳ, дейишади. Шу тўғрими?

Жавоб: Ҳамма гап гуноҳ эмас, дунёвий гапларни гапириш макруҳдир. Аммо яхшиликка чорловчи ёки ёмонликдан қайтарувчи сўзларни гапириш макруҳ эмас. Таҳорат олишда Аллоҳ таолонинг зикри ёки ҳар бир аъзони ювишда Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган дуолар билан машғул бўлиш мустаҳабдир.

Савол: Жаноза намозини таҳоратсиз ўқиса ҳам жоиз, деган гап тўғрими?

Жавоб: Намоз ўқувчининг бадани, кийими ва жойи таҳоратсизликдан, нажосатдан пок бўлиши шарт. Жаноза ҳам намоздир. Жаноза намозини таҳоратсиз ўқиб бўлмайди. Жаноза намозига улгуриш учун вақт жуда кам бўлганида таяммум қилиб жаноза намозига қўшилиш лозим.

Жаноза намозини ўқувчи таҳоратли, оёқ кийими пок бўлса, намози дурустдир. Агар пок бўлмаса, барча уламолар наздида, намози дуруст эмас.

Савол: Бомдод намозида имом Фотиҳа сурасидан сўнг бир суранинг ярмидан бошлаб қироат қилди. Фотиҳа сурасидан сўнг ўқиладиган сура тугал ўқилади, деб эшитган эдим.

Жавоб: "Зоҳир ривоя"да, фарз намозларда бир ракатда бир суранинг ўртасидан, иккинчи ракатда бошқа суранинг ўртасидан ўқиш мумкин эмас, дейилган. "Заҳирия"да бундай қилиб ўқиш макруҳ бўлади, де­йилган.

"Салоти Масъудий" китобида бу хусусда бундай дейилган: "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фарз намозида, бир суранинг бошини ташлаб, охирини қироат қилмаганлар ҳамда икки сурани бир ракатга ва бир сурани икки бўлиб икки ракатга ўқимаганлар. Бошлаган сураларини узун бўлса ҳам тўлиқ ўқиганлар", дейилган ("Фатовойи Ҳиндия", "Маслакул муттақин").

Савол: Бир отахон жума куни Каҳф сурасини ўқиш кераклиги ва бу ҳақда ҳадис борлигини айтди. Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз?

Жавоб: Қуръони каримнинг ҳар қандай оят ё сурасини ўқиш ибодат, савобли амалдир.

"Қуръон оятларининг барчаси Аллоҳнинг каломи бўлганидан фазилатда ва улуғликда тенг­дир. Аммо баъзи оятларида ҳам зикр фазилати, ҳам зикр қилинганнинг фазилати бор. Бунга мисол, Курси оятидир. Унда Аллоҳнинг улуғлиги, буюклиги ва сифатлари зикр қилинган. Яъни, бу оятда икки фазилат тўпланган – зикр фазилати ва зикр қилинганнинг фазилати" (Фиқҳул Акбар). Ҳадисларда Каҳф сурасини ўқиб юрган киши учун қиёматда нур бўлиши, дунёда кичик гуноҳларининг кечирилиши, дажжол фитнасидан омонда бўлиши каби фазилатлар баён қилинган. Вақт топилса, шу сурани жума ё бошқа кунлари ўқиган киши ана шундай фазилатга сазовор бўлади.

Савол: Намозида баъзи аъзоларини қимирлатган, бошини қашиб, юзларини сийпаб олган кишиларни кўраман. Бундай қилиш намозни бузмайдими?

Жавоб: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Агар намозхон кимга муножот қилаётганини билганида эди, юзини у ёқ-бу ёққа бурмасди", деганлар. Намозда тўнини ўйнаш, бирор аъзосини қимирлатиш, узрсиз сийпаш, ён-атрофларга қараш макруҳдир. Шунинг учун намозда ортиқча ҳаракатдан ўзини тийиш керак.

Агар намоз ичида икки қўл билан бажариладиган ишларни қилса, шунингдек, бир рукн­да бир ишни – масалан, юз силашни уч бор такрорласа, намози бузилади.

Узрсиз кийимини тўғрилаб олса, сочини тараса, бу ишларни бир қўл билан қилса, макруҳ, икки қўл билан қилса, намозни бузади. Макруҳ билан адо этилган ибодат эса камчиликлидир.