Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

 

Савол: Ассалому алайкум муфтий ҳазратлари! Бу йил яхши ниятда бир уя асалари сотиб олганман. Унинг асалидан ушр бериладими, шуни билмоқчиман? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Аллоҳ таолога ҳамд, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуруду саломларимиз бўлсин!

Асаларининг асалидан ушр, яъни ўндан бирини закот олиши мумкин бўлганларга бериш вожибдир. Чунки асалари гул ва мевалар билан озиқланади. Гул ва меваларда ушр вожибдир. Улардан чиққан нарсаларда ҳам ушр вожиб бўлади. Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) наздларида, асал оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам унда ушр вожиб бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) "Асалда ушр вожибдир", деганлар.

Тоғларда, дарахтларда топилган асалдан ҳам ушр берилади ("Ҳидоя", "Шарҳул виқоя","Раддул муҳтор алад дуррул мухтор").

 

Савол: Қандай ҳайвонлар гўштини еб бўлмайди?

Жавоб: Сувда яшайдиган жониворлар ичида балиқдан бошқасининг гўшти ейилмайди. Жумладан, қурбақа, қисқичбақа ва бошқа мўйнаси қимматбаҳо бўлган қундуз каби сувда яшайдиган жониворларнинг барчасининг гўшти ҳаромдир. Агар балиқ сабабсиз ўлган бўлса, ейилмайди.

Ҳашаротлар орасида чигирт­­ка­дан бошқаси ҳалол эмас.

Илон, типратикан (кирпи) каби судралиб юрувчи, кемирувчи ва қурт-қумурсқаларни еб бўлмайди.

Хонаки ҳайвонлардан туя, сигир ва қўй, агар тезак ей-диган ёки дурда (вино сиқиб олинган қуйқа) бериб боқилган бўлса, гўштида қўланса ҳид бўлади. Уларга тоза ўт, ем бериб боқиб ҳидини йўқотиш керак. Қўланса ҳиди кетмай сўйилса, гўштини ейиш макруҳдир. Таҳовийнинг "Мухтасар"и шарҳи­да: "Уларни кўп кунлар қамаб, бошқа озуқалар бериб боқмасдан туриб, сўйиб истеъмол қилиш ҳалол бўлмайди", дейилган. Имом Абу Юсуф Абу Ҳанифадан (раҳимаҳумуллоҳ) бундай ривоят қилади: "Нажосат ейдиган ҳайвон уч кун қамаб қўйилади". Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳ): "Уни қамаб қўйиш учун бирон вақт тайин қилинмаган", деган.

Ибн Рустам Муҳаммаддан (раҳматуллоҳи алайҳ) қилган ривоятда: "Тезак ейдиган туя, қўй ва сигирларнинг сути ичилмайди..." дейилган.

Барча йиртқич ҳайвонлар, йиртқич қушлар гўшти (тирноқли ва тумшуқли) ҳалол эмас. Ўрдак, товуқ, каклик, турналар ҳалолдир.

Далада юрган товуқнинг гўшти ейилаверади. Чунки товуқ далада нажосатдан бошқа дон-дунлар билан ҳам озиқланади. Аммо нажосатхўр товуқни қорнидаги овқати ҳазм бўлиб кетгунича, бир кун ё уч кун қамаб қўйган яхши.

Гўшти ҳалол ҳайвонларнинг қонини, олатини, икки моягини, урғочи ҳайвоннинг сийдик чиқиш жойини, безларни, сийдик қопини, ўт қопини ейиш таҳримий макруҳдир ("Фатовойи Ҳиндия").

 

Савол: Пешона ё бурун­нинг ўзи билангина сажда қилинса, намоз дуруст бўладими?

Жавоб: Узр бўлмаганда, саждада пешона ҳам, бурун ҳам ерга тегиши лозим. Саждада узрсиз фақат пешона ё бурунни ерга текказиш макруҳдир ("Ҳидоя").

 

Савол: Мен ғусл қилганимдан кейин билсам, тишимнинг кавагида овқат қолдиғи қолган экан. Бунинг ибодатимга зарари йўқми?

Жавоб: Ғусл қилишдан олдин тиш ораларини ва бурун катагини яхшилиб тозалаш керак. Чунки ғуслда оғиз ва бурунни яхшилаб чайиш фарздир. Бурун катагида балғам ёпишиб қотиб қолган бўлса, уни кетказмаса ғусл ўрнига ўтмайди. Агар тиш ораларида ё кавагида овқат қолдиқлари қолган бўлса, зарари йўқ. Аммо эҳтиёт юзасидан тиш кавагидаги овқат қолдиғини олиб ташлаб, у ерга сув етказиш лозим ("Шар­ҳул виқоя", "Фатовойи Ҳиндия", "Фатҳул қодир").

 

Савол: Ушбу саволни беришим балки ўринсиздир.   Бунинг учун узр сўрайман. Агар зарур бўлиб қолганда дала жойларда ҳожатга борган кишининг кийимига пешоби сачраса, унинг ҳукми нима бўлади?

Жавоб: Пешоб кийимга ёки баданга жуда майда заррача ҳолда, игнанинг учидек сачраса зарари йўқ. Зарурат юзасидан афв қилинади. Бу ўринда шуни эслатиш лозим: пешобдан ки­йим, баданни асрамаслик қабр азобига сабаб бўлади. Шунинг учун имкон топилиши билан пешоб теккан баданни ва кийимни ювиб олиш керак. Бироқ пешоб жуволдизнинг (игнанинг каттароғи) учидек сачраса, у жойни ювмай намоз ўқиб бўлмайди. Аммо пешоб жуда кам миқдорда бўлса ҳам, сувга сачраса, уни нопок қилади. ("Шарҳул виқоя", "Фатовойи Ҳиндия", "Баҳрур роиқ").

 

Савол: Никоҳ ўқилаётганида имом куёвга: "Маҳрга нима берасиз?" деб сўради. Бу сўзни ҳеч эшитмаган эканман, маҳр нима?

Жавоб: Маҳр никоҳ ақдидан келиб чиқадиган мажбурият бўлиб, келинга бериладиган пул ёки молдир. Қуръони карим ва суннат билан собит бўлган. Имоми Аъзам мазҳабида маҳрнинг энг ози ўн дирҳам кумуш (29,75 грамм) миқдори. Кўпининг миқдори чегараланмаган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Маҳрнинг энг яхшиси озидир", деганлар.

 

Cавол: Эр хотинига маҳр­га деб нимадир ваъда қилса-ю, лекин маълум ­ва­қ­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­т­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­­дан кейин ҳам олиб бермаса, никоҳ бузилмайдими?

Жавоб: Никоҳ дуруст бўлишининг шарти бундай: турмушга чиқаётган келин гувоҳлар, яъни икки эр ёки бир эр ва икки аёл ҳузурида: "Ўзимни жуфти ҳалолликка бағишладим", дегач, турмуш қураётган эр: "Қабул қилдим", деб эшиттириб айтиши лозим. Бу сўзлар бир жойда айтилиши ва уни гувоҳлар ҳамда турмуш қурмоқчи бўлаётганларнинг ҳар бири ўша жойда эшитиши зарур.

Никоҳдан сўнг эр аёли билан бўлгач, маҳрни бериши вожиб бўлади. Агар бир муддат белгилаб насия қилган бўлса, муддати келгач, бериши лозим. Эр ваъдасини бажармай, маҳрни пайсалга солса, никоҳ бузилмайди, аммо аёл ўзидан эрининг баҳра олишига рухсат бермасликка ҳақли бўлади ("Фатовойи Ҳиндия").

 

Савол: Унаштирилганда берилган моллар маҳрга ўтадими?

Жавоб: Агар улар ҳадя ва бошқа мақсадлар ниятида берилмай, маҳр деб аталса, маҳр ўрнига ўтади. Унаштирилганидан сўнг икки томон келишолмай, никоҳ ақди қилинмаса, куёв келин томонга маҳр ўрнига берган барча молларни қайтариб олади. Шунингдек, ҳадя сифатида берган моллари ҳам қайтарилади ("Раддул муҳтор").

 

Савол: Қабристонда намоз ўқиш гуноҳ деб эшитдим. Ҳайитда айрим кишилар масжид ёнидаги қабрис­тон ичида туриб, имомга эргашишади. Уларнинг намози дуруст бўладими?

Жавоб: Қабристонда, йўл ўртасида, туянинг ётоғида, ахлат-чиқинди ташланган жойларда, кушхоналарда (қассобхона), ҳожатхона ва таҳоратхоналарда, Каъбанинг устида, ҳаммомда (ювиниш жойларида), ўтиш жойлари ва йўл устида намоз ўқиш макруҳдир ("Фатовойи Ҳиндия", "Фатовойи Қозихон").

Қабрларни босиб ўтиш одобдан эмас.

Иложи борича ибодатларимизни камчиликсиз, тўлиқ адо этишга ҳаракат қилишимиз лозим.