Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол: Салом намозни бузади деб эшитдим. Шу тўғрими? Раҳмат.

 

Жавоб: Алҳамду лиллаҳи Раббил аъламин, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳи ва алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъин.

Салом бериш ҳамма ҳолда ҳам намозни бузмайди. Намозни қасддан салом бериш бузади. Хуфтон намозини ўқиётган киши таровеҳ намозини ўқияпман, деган хаёлда икки ракатидан сўнг салом берса, қасддан салом берган бўлади ва намози бузилади.

Адашиб салом бериш намозни бузмайди. Аср намозининг икки ракатини ўқиб, намозим тўлиқ бўлди, деган ўйда салом берса ва шу заҳоти тўлиқ ўқимагани ёдига тушса, уни давом эттирса, намози бузилмайди. Чунки бу адашиб салом беришдир. Бу ҳолда саждаи саҳв қилинади.

Намоз ўқиётган киши четдаги одамга салом берса ёки саломига алик олса, намози бузилади ("Фатовойи Ҳиндия", "Фатовойи Қозихон").

 

Савол: Аммам билан бирга тураман. Эр киши маҳрам аёл қариндошлари баданининг қайси ўринларига назари тушса гуноҳ ҳисобланмайди?

Жавоб: Аллоҳ таоло мар­ҳамат қилади: "...Улар зеб-зийнатларини эрлари ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг оға-инилари, ё оға-иниларининг ўғиллари, ё опа-сингилларининг ўғиллари, ё ўзлари (каби) аёллар, ё қўл остиларидаги (чўри)лар, ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолганлар, хунасалар ёки ақлсиз-девоналар каби) эркак хизматкорлар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бош­қа кишиларга кўрсатмасинлар!.." (Нур, 31).

Оятдаги "зийнат"дан мурод, инсоннинг зийнат тақадиган жойларидир. Шунга кўра эр киши маҳрам аёл қариндошларининг боши, юзи ва кўксига, икки соқи, икки билагига қараши мумкин, гуноҳ бўлмайди ("Равоиъул баён").

 

Савол: Бир неча ҳолатда намозни бузиш мумкинлигини эшитдим. Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз?

 

Жавоб: Ҳалок бўлиш хавфида қолган одам ёрдам сўраб бақирган пайтда унга ёрдам бериш мақсадида ёки ёш бола оловга яқинлашиб куйиб қолиши, сувга чўкиши хавфи бўлган вақтларда, умуман инсонни ҳалокатдан ҳимоя қилиш лозим пайтда намозни бузиш вожиб бўлади.

Шунингдек, ўғри намозхоннинг молини ўғирламоқчи бўлганида, аёл намоз ўқиётганида қозони тошиб кетса, мусофирнинг улови қочиб кетадиган бўлса намозни бузиб, хавфнинг олдини олиши жоиз ("Фатовойи Ҳиндия", "Ас-Сирожул ваҳҳож").

 

Савол: Баъзилар рукудан сўнг қаддини ростлаб улгурмай саждага кетаверади. Саждаларни ҳам орада тўла бир ўтириб олмасдан олдинма-кейин шошилиб қилади. Бу тарзда амалларни тез бажаришнинг ибодатга зарари йўқми?

 

Жавоб: Имоми Аъзам ва Муҳаммад (раҳимаҳумуллоҳ) назд­ларида рукудан турганда тикланиш суннатдир.

Имом Кархий, рукнларда туманина вожиб, деган ("Заҳирия"). "Муния"нинг шарҳида: "Рукнларда туманина дегани руку ва саждада аъзоларни бўғимлар ором олгунча тутиб туришдир. Унинг энг ози бир тасбеҳдир", дейилган ("Фатовойи Ҳиндия", "Айний шарҳи Канз", "Наҳрул Фоиқ").

Ҳадисда: "Одамнинг ёмони руку ва саждани тўлиқ қилмаган кишидир", дейилган. ("Ҳидоя", "Маслакул муттақин").

Демак, шошилиб, рукнларни тўлиқ бажармаслик ибодатни нуқсонли қилади. Бирон вожиб ё суннат тарк қилиниш билан намоз адо этилган бўлса-да, савоби тўлиқ бўлмайди. Ибодатларимизни ихлос билан тўлиқ адо этишга ҳаракат қилайлик.

 

Савол: Мен намозда бир сурани ўқиётиб, баъзан адашиб бошқа сурага ўтиб кетаман. Бунинг намозга зарари йўқми?

 

Жавоб: Қарилик ё ақлфаромуш бўлиш сабабли бу ҳолат юз берса, қаралади: жаннат башорати ҳақидаги оятни ўқиётиб, дўзах хабари ҳақидаги оятга ўтиб кетилса, масалан, "иннал аброро" деб сўнг "лафи жаҳийм" деса ёки "иннал фужжаро"дан сўнг "лафи наъим" дейилса, намоз бузилади. Чунки "яхши кишиларни жаҳаннамда, ёмон иш қилувчи гуноҳкорларни жаннатда" қабилида маъно ўзгаради. Маъно ўзгарадиган ҳолда намоз бузилади. Аммо маъно бузилмаса, зарари йўқ. Бундай ҳолатлар содир бўлмаслиги учун инсон аввало ибодатни хушу, хузу билан адо этиши керак.

 

Савол: Таппи билан қиздирилган тандирда ёпилган нонни ейишнинг зарари йўқми?

 

Жавоб: Тезак, таппи билан қиздирилган тандирда пиширилган нонни ейиш макруҳ бўлади, аммо тандир қизиган пайт унга нон ёпишдан олдин тоза сув сепилса, унда пишган нон тоза бўлади ("Фатовойи Ҳиндия", "Муҳит").

 

Савол: Соч олдиришнинг одоблари борми? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз?

 

Жавоб: Соч олдиришда қиблага қараб ўтириш, сочни бошнинг  ўнг  томонидан бошлаб олиш ва олинган сочни кўмиш соч олдиришнинг одобларидир.

Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: "Макка йўлида Ато ибн Рабоҳга соч олдирганимда сартарош мендан учта хато топди: 1. Юзимни қиблага қаратиб ўтиришимни айтди. 2. Бошимни у тарафга қилган эдим. Олдинига ўнг тарафингни келтир, деди. 3. Сочимни олиб бўлгач, туриб кетмоқчи эдим. Сочингни ерга кўм, деди".

Киши жунублик вақтида соч ва тирноқ олиши макруҳдир ("Ҳидоя", "Маслакул муттақин").

 

Савол: Аъзолардаги туклар юлинганидан сўнг ҳам таҳорат олиш керакми?

 

Жавоб: Аъзолардаги тукларни юлиш билан таҳорат синмайди. Аммо соч-соқол ёки бошқа туклар олинганида ўрнидан қон ё йиринг чиқиб оқса, таҳорат синади ва ўша жойни ювиб, янги таҳорат олиш керак ("Ҳидоя").

 

Савол: Дуохонларга бориб "иситиш" йўли билан муҳаббатга эришиш мумкинми?

 

Жавоб: Иситиш, совутиш, фол Ислом динида ҳаром қилинган амаллардандир. Ким иситсам фалончи мени яхши кўриб қолади, деб ўйлайдиган бўлса хато қилади. Меҳр-муҳаббатга иситиш билан эмас, балки Аллоҳ таолодан қўрқиш билан эришилади ("Равоиъул баён", "Нафъул муфтий").

 

Савол: Бир оғайнимиз ёғнинг сичқон тушган жо­йини олиб ташлаб қолганини ишлатса бўлади, деб айт­ди, шу тўғрими?

 

Жавоб: Ёғга сичқон тушиб ўлса, агар ёғ қаттиқ бўлса, ўша жойни атрофи билан кесиб олиб ташланади. Ёғнинг қолган қисми нопок бўлмайди. Аммо ёғ суюқ бўлса, (сичқон теккан нарса макруҳ бўлгани эътиборидан) у ёғ ейилмайди. Ундан фақат чироқ пилиги ёки тери ошлашда фойдаланса бўлади. У ёғ билан ошланган терини, агар сиқилса, уч бор яхшилаб ювиб, ҳар ювгандан сўнг қаттиқ сиқилади, сиқиб бўлмаса, Имом Абу Юсуф (раҳматуллоҳи алайҳ) наздларида уч марта ювилади ва ҳар бир ювилганида қуритилади.

Бир қисми олинганда ўрни текисланмайдиган ёғ қаттиқ ёғ ҳисобланади. Агар олинган жойи билинмай, тезда текис бўлиб қолса, суюқ ёғ ҳисобланади ("Фатовойи Ҳиндия" "Фатовойил ғароиб").

Сичқон тушган ёғ ниҳоятда кўп бўлиб, уни тўкиб юборишга кишининг кўзи қиймаса, ёғга унинг миқдорича сув солиб қайнатилади. Суви тугаб ёғи қолгач, яна шунча сув солиниб, жами уч бор қайнатилади. Шунда ёғ пок бўлади, уни истеъмол қилиш мумкин ("Ал-Мабсут").