Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Баъзилар шом намозидан кейин икки ракат намоз ўқишади ва уни “Туҳфаи Расул” деб аташади. Айтингчи, бу намоз шариатимизда борми?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд.

Ҳанафий фиқҳига оид мўътабар китобларда шом намозидан сўнг нафл намоз ўқиш машруълиги зикр қилинган ва шом намозидан сўнг ўқиладиган нафл намози “Аввобин” деб номланган. У намоз баъзи сўфийлар истилоҳида “Туҳфаи Расул” деб айтилади.

“Аввобин” сўзи гуноҳларни тарк қилиб, яхши ишлар қилишга ўтиш билан Аллоҳнинг итоатига қайтувчилар маъносини билдиради. Аввобин намози нафлдир, шомдан кейин икки ракатдан олти ракатгача ўқилади. Пайғамбаримиз  уни олти ракат ўқиганлари ва “Ким шом намозидан кейин олти ракат нафл намози ўқиса, гуноҳлари денгиз кўпигичалик бўлса ҳам, кечирилади”, деганлари ривоят қилинган (Табароний).

У зот шом намозидан кейин олти ракат нафл намоз ўқиганларнинг аввобинлардан (гуноҳ содир этиб, ортидан дарҳол тавба қилувчилардан) ҳисобланишини айтиб, “(Эй инсонлар,) Раббингиз дилларингиздаги нарса (сир)ларингизни яхши билувчидир. Агар сизлар солиҳ бўлсангизлар, албатта, У тавба қилувчиларни мағфират этувчидир” (Исро, 25) оятини ўқиганлар (Тафсири Ибн Касир; Шурунбилолий, “Шарҳи Нурил изоҳ”).

Ҳанафий мазҳабида таржиҳ қилинган қавлга кўра, аввобин намози шомнинг икки ракат суннатидан кейин тўрт ракат ўқилади (Ваҳба Зуҳайлий, “Ал фиқҳул исломи ва адиллатуҳу”).  Лекин нафл намозларини имкони борича ошкора эмас, пинҳона ўқиш авло эканини эсдан чиқармаслик лозим.

Савол: Бу воқеага бир йил бўлди. Бир куни эрталаб кўчада кетаётиб ерда ётган пул тўла ҳамёнга кўзим тушди. Яқин атрофда ҳеч ким йўқ эди. Уни олиш-олмасликка бир муддат иккиланиб, охири олдим. Буни эшитган баъзи яқинларим: “Уни ўзинг ишлатавер, Худонинг ўзи берди сенга. “Йигитнинг моли ерда!” деб айтишади-ку, дейишди. Аммо менинг кўнглим бир оз хижил. Нима қилишимни маслаҳат берасиз?

Жавоб: Нақд пул, олтин, кумуш каби вақт ўтиши билан хусусиятини йўқотмайдиган нарсалар ерда ётганига дуч келган кишининг уларни олиши, олмай ўтиб кетишидан афзал (“Муҳит”). Бундай нарсаларни топиб олган киши бир муддат топиб олган жойида, йўлларда ва жамоат жойларида “Мен бир нарса топиб олдим!” “Пулини йўқотганлар келсин!” каби сўзлар билан эълон қилиши керак. Мол эгаси эканини даъво қилиб келган одамдан эса “Йўқотган нарсангни таърифла”, дея топиб олган нарсасини сифатларини сўраш орқали ҳақиқатдан ҳам у мол эгаси эканини аниқлаши керак (“Фатовойи Қозихон”).

Агар топилган нарсанинг эгаси чиқмаса, топиб олган киши фақир бўлса, уни ўзи ишлатиши мумкин (“Муҳит”). Аммо бой бўлса, ўзига сарф қилолмайди, бошқаларга садақа қилади. Агар ота-онаси, камбағал бўлишса, уларга ҳам бериши мумкин (“Кофий”).

Ҳар икки ҳолда ҳам топиб олинган нарсанинг эгаси қачон чиқса, унга мол ёки унинг мисли (қиймати) қайтариб берилиши керак.Савол: Тарихда ўтган бир шахс ҳақидаги маълумотни ўқиётиб: “У муҳад­рамлардан эди” деган жумлага кўзим тушди. “Муҳад­рам” нима дегани?

Жавоб: Баъзилар, Пай­ғамбаримиз  замонларида яшагани ҳолда, у зотнинг вафотларидан кейин мусулмон бўлганларни “муҳадрам”, деб аташган. Баъзи манбаларда, жоҳилият асрда яшаб Ислом даврини топган киишлар муҳадрамлардир, дейилган.

Муҳаддислар эса, Расулуллоҳ  замонларида яшаб, мусулмон бўлгани ҳолда, У зотни  кўролмаган кишиларни “муҳадрам” деб аташган. Имом Муслим ва Суютийга кўра, Увайс Қараний, қози Шурайҳ ибн Ҳорис, Алқама ибн Қайс муҳадрамларнинг машҳурларидандир.

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.