Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

 

Савол: Баъзилар савдогарлик яхши касб эмас, дейи­шади. Биз савдогарларга бу гап оғир ботади. Динимизда савдо ишлари хусусида нималар дейилган? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.

Жавоб: Ҳалол бўлган ҳар бир касб динимизда улуғ­ланади ва ҳалол касб эгаларининг ниятлари тўғри бўлса, улуғ ажрларга эришади. Имом Ҳаким Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Наводирул усул фи маърифати аҳодисур Расул” асарида: Муоз ибн Жабалдан (розийаллоҳу анҳу) бундай ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Энг яхши касб савдогарликдир. Агар савдогар ёлғон гапирмаса, омонатга хиёнат қилмаса, ваъдага хилоф этмаса, сотиб олаётган нарсаларини ёмонламаса, (ҳаддан ортиқ) қимматга сот­маса, зиммасидаги ҳақ­ни беришни чўзмаса ва ўз ҳақларини олишда ҳам қўпол бўлмаса”, дедилар.

Тўғриликда барака бор. Молнинг айбини яшириб, харидор ҳақига хиёнат қил­ганлар икки дунёда ҳам барака топмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:“...Кимки Аллоҳга тақ­­во қилса, У унга (таш­­виш­лардан) чи­қиш йўли­ни (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур...” (Талоқ, 2 – 3).

Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ростгўй тижоратчи пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир” (Имом Термизий ривояти).

Бани Наморнинг синг­лиси Қайладан ривоят қилинади: “Мен бозорда тижорат билан шуғул­ланардим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккага келганларида ҳузурларига бориб, дедим: “Ё Расулуллоҳ, мен тижоратчиман, харидорларга молнинг нархидан қим­матроққа савдолашаман ва ундан камайтирмайман. Баъзан эса айтган нархимдан сал тушириб, (савдолашмай) сотавераман...” Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бундай қилма, эй Қайла! Бирон нарса сотиб олишда қандай савдолашсанг, сотишда ҳам (ҳар бир киши билан) шундай савдолаш”, дедилар.

Демак, савдо-сотиқ қи­лишда ҳалол ва ростгўй бўлиш жуда муҳимдир.

*   *   *

Савол: Аллоҳ таоло­нинг: “Биз уларнинг ер(лар)ига қасд қилиб, уни четларидан камайтираётганимизни кўрмадиларми?!” (Раъд, 41) мазмунли оятидаги “камайтириш” калимасининг маъносини тушунтириб берсангиз?

Жавоб: Қуртубий тафсирида айтилишича, “Четларидан камайтириш” маъноси борасида турли фикрлар билдирилган. Ибн Аббос ва Мужоҳид бу муборак жумладан мурод солиҳ кишилар ва уламоларнинг вафотидир. Шунга кўра, “атроф” (четлар) шарафли кишилар маъносида”, дейишган. Ато ибн Рабоҳ: “Бундан мурод фуқаҳолар ва яхши кишиларнинг дунёдан кетишидир”, деганлар.

Абу Жаъфар Табарий тафсирида Икриманинг қуйидаги фикрини келтирган: “Ушбу оятдаги биз мазмунини камайтириш” деб берган муборак калимани “у ердаги одамларни вафот этиши” тарзида тушуниш керак.

Баъзи муфассирлар бундан мурод, ер ва ундаги меваларнинг барокотини кетказишдир. Бу ҳолат кишилар зулмни кўпайтирганлари оқибатида келиб чиқади. Чунки зулм шаҳарларни хароб қилиб, бараканинг кўтарилишига сабаб бўлади, дейишган.

 

“Сўраган эдингиз” китобидан