Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Намоз ўқиётган кишини шайтон васваса қилса, у киши бундан қутулиш учун “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” деса, намози бузиладими?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала расулиллаҳ. Аммо баъд. Бундай ҳолатда киши “Ла ҳавла...”ни охиратга боғлиқ бир иш билан айтган бўлса, намози бузилмайди. Аммо дунё ишларида васвасага учиб сўнг “Ла ҳавла...” деган одамнинг намози бузилади (“Тимуртоший”).

 

Савол: Эснаш намозни бузадими?

Жавоб: Йўқ бузмайди. Аммо намозда эснаш макруҳдир. Эсноқ ортиқча чарчаш, уйқусираш ва танбаллик аломатидир. Намозда турган кишининг эсноқ тутиши унинг ўша намозни хушуъсиз ўқиётганига далил ҳисобланади.

Намоз ўқиётган одам иложи борича эсноқни қайтаришга ҳаракат қилиши керак. Бунга кучи етмаса, қўлини ёки енги билан оғзини ёпиши керак (“Табйин”). Бундай ҳолатда оғизни ёпмаслик макруҳдир (“Ҳизонатул фиқҳ”). Оғизни қўлнинг терси билан ёпилади (“Баҳрур роиқ”).

Киши намозда эснашга мажбур бўлиб қолса, қиёмда ўнг қўли билан, ундан бошқа ҳолатларда чап қўли билан оғзини ёпади (“Зоҳидий”).

 

Савол: Жамоат намозига кечикиб келган (масбуқ) такбири таҳримадан кейинги сано, тааввуз ва басмалани қачон ўқийди?

Жавоб: Масбуқ имомга қироати овоз чиқариб ўқиладиган ракатда етишса, саҳиҳ қавлга кўра, санони (“Субҳанакаллоҳумма...”) ўқимайди (“Хулоса”). Бироқ бу ҳолатда, етолмаган ракатини ўқиш учун турганида санони ўқийди ва қироат учун “аъузу...” ҳамда “Бисмиллоҳ...”ни айтади (“Фатовойи Қозихон”, “Хулоса”, “Заҳирия”).

Масбуқ имомга қироати ичида ўқиладиган ракатга етишса, санони ўқийди. Имомга рукуда ва саждада етишган киши қарайди: агар санони ўқиб ҳам, имом билан руку ва саждага қила олишига кўзи етса, санони қиёмда (тик туриб) ўқийди. Бунга кўзи етмаса, санони ўқимай, имомга эргашади. Масбуқ имомга руку ёки саждада етишмаса, бундай қилмайди.

Имомга қаъдада етишган киши санони ўқимайди, такбири таҳримани айтиб, тезда ўтиради (“Баҳрур роиқ”).

 

Савол: Шом намозини ўқиётган жамоатга охирги ракатга етишган киши қолган ракатларни ўзи қай тарзда давом эттиради? Тўрт ракатли намозларда-чи?

Жавоб: Жамоат намозининг биринчи ракатига етиша олмаган киши “масбуқ” дейилади (“Баҳрур роиқ”). Масбуқ шом намозининг охирги ракатига етишган бўлса, етолмаган олдинги икки ракатини ўқишда қаъдага ўтириш билан ракатларнинг ўртасини айиради. Яъни, имом салом бергач, ўтказиб юборган биринчи ракатини ўқиш учун туради. Бунда фотиҳа ва зам сурани ўқигач, руку ва саждани адо этиб, туриб кетмасдан, қаъдага ўтиради. Ташаҳҳудни ўқиб, ўрнидан туради ва иккинчи ракатни ўқийди. Бунда ҳам фотиҳа ва зам сура ўқийди. Ушбу ракатлардан бирида қироат қилмаса, намози бузилади. Сўнг қаъдага ўтириб, ташаҳҳуд, салавот ва дуоларни ўқигач, салом бериб намозини тугатади. Шу тариқа у уч марта қаъдага ўтирган бўлади.

Тўрт ракатли намозларнинг охирги ракатига етишган киши эса, имом салом бергач, туриб ўтказиб юборган ракатларнинг биринчисида фотиҳа ва зам сура ўқийди. Кейин руку, сажда қилади ва ўтириб, ташаҳҳуд ўқийди.  Сўнг туриб, иккинчи ракатда ҳам фотиҳа ва зам сура ўқийди.

Учинчи ракатда эса, ихтиёри ўзида: хоҳласа, қироат қилади, хоҳламаса, йўқ. Аммо қироат қилгани афзалдир (“Хулоса”).

 
Савол: Журналнинг ўтган сонида азон ҳақидаги савол-жавобни ўқиб, менда ҳам бир савол пайдо бўлди: баъзилар ўзлари азон сўзларини тўғри талаффуз қилолмаса ҳам, муаззин бўлиб олишган. Уларнинг шу тарзда айтган азонлари жоизми?

Жавоб: Аввало бир нарсани айтиб ўтиш керак. Диёримизда фаолият юритаётган ҳар бир масжид имом-хатиби ва масжид қавми барча талабларга жавоб берадиган, салоҳиятли одамни муаззин этиб тайинлашга масъулдирлар.

Азон, олдинги савол-жавобларда айтиб ўтилганидек, динимиздаги энг муҳим ибодатлардан бири – намозга чорлов воситасидир. Азон айтишнинг ўзига яраша қонун-қоидалари ва талаблари бор. Азон баланд овозда айтилиши ва ундаги жумлаларни тўғри талаффуз қилиш шулар жумласидандир. Мисол учун, “Аллоҳу акбар” жумласидаги биринчи “а” ҳарфини бир оз чўзиб талаффуз этилса, маъно бутунлай ўзгариб кетади. Азоннинг бошқа жумлаларида ҳам шундай. Ёши катта одамга бу қоидаларга риоя қилиш бир оз оғир келиши мумкин. Шунинг учун катта ёшдаги отахонлар муаззинлик шарафли, лекин масъулияти ҳам оғир эканини тушунишлари, ўзлари қоидасига мувофиқ айтолмаса, бу ишни қўлидан келадиганларга беришлари керак.

 
Савол: Аёллар ғусл пайтида қулоқларининг тешилган ерига сув етказишлари шартми?

Жавоб: Ғусл пайтида аёл киши зирагини ва бармоғини сиқиб турган узугини қимирлатиб, остига сув етказиши вожибдир. Агар зираги бўлмаса ҳам, ғусл тугал бўлиши учун, зирак тақиладиган тешикка сув етказиши шарт. Аммо сув кирсин деб қулоқ тешигига чўп ва шунга ўхшаш нарсаларни тиқишга мажбур эмас (“Баҳрур роиқ”).

 
Савол: Аёл кишидан доимий келиб турадиган оқ суюқлик (видиление) таҳоратни бузадими?

Жавоб: Кишининг орқа ва олдидан чиқади­ган сийдик, нажас, ел, вадий (сийдик йўлидан чиқадиган оқ суюқлик), мазий (шаҳват натижасида сийдик йўлидан ажраладиган суюқлик), маний (закардан шаҳват натижасида отилиб чиқадиган, мазийдан қуюқроқ сув) ва саволда айтилган оқ суюқлик (бу шамоллаш ёки мизожда совуқлик ортиб кетиши натижасида чиқади) таҳоратни бузади (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Ҳайз ҳолатидаги аёл бирор ибодат билан машғул бўлиши мумкинми?

Жавоб: Ҳайз ҳолидаги аёл намоз вақтлари кирганида, таҳорат олиб, уйининг бир бурчагига ўтириб тасбеҳ айтиши, “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейиши мустаҳабдир. Шу ҳолдаги аёллар иложи борича бу ишни қолдирмаслиги керак. Чунки пок бўлганида, албатта, бу вақтларда намозини ўқирди (“Сирожия”).

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.