Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар.

 

Савол: Биз масжидга келганимизда, имом қавм билан намозни тугатиб кетган экан. Ўзимиз жамоат қилиб намоз ўқимоқчи эдик, қавм­ларидан бири энди жамоат қилиб бўлмайди, танҳо-танҳо ўқинглар, деди. Масжидда жамоат намозига етишмай қолганлар ўзлари жамоат  бўлиб намоз ўқишлари мумкин эмасми?

 

Жавоб: Алҳамду лиллаҳи Раббил аъламин, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳи ва алиҳи ва соҳбиҳи ажмаъин.

Йўл бўйига жойлашган, та­йи­н­­­­лан­ган имоми ва муаззини бўлмаган масжидларда жамоатга етишолмай қолганлар ўзлари жамоат бўлиб намоз ўқиса бўлади. Тайин қилинган имоми ва муаззини бор масжидларда ҳам биринчи жамоат намозининг кўриниши такрорланмаса, яъни меҳробда туриб намоз ўқишмаса, уларнинг жамоат қилиб намоз ўқиши жоиздир.

Жамоатдан кеч қолганларнинг худди аввалгилардек меҳробда жамоат бўлиб ўқиши ёки бир ҳудуднинг маҳаллий одамларигина намоз ўқийдиган, яъни йўлдан узоқ ёки чет қишлоқ масжидида жамоат бўлиб намоз ўқиши макруҳ бўлади. Ҳадисда: "Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қавмнинг ўртасини ислоҳ этиш мақсадида чиқиб, масжидга қайтганларида, масжид аҳли намозни ўқиб бўлишган эди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ўз манзилларига қайтдилар ва аҳлларини жамлаб, улар билан намоз ўқидилар" (Имом Ҳоким ва Доруқутний ривояти), дейилган. ("Раддул муҳтор алад дуррил мухтор", "Маслакул муттақин").

 

Савол: Бир оғайнимиз ёниб турган олов ёнида намоз ўқиб бўлмайди, деб айт­ди. Шу тўғрими?

 

Жавоб: Ёниб турган оловга қараб намоз ўқиш, сажда қилиш макруҳ бўлади. Аммо аланга намозхоннинг ён ёки орқа томонида қоладиган бўлса, зарар қилмайди.

Шунингдек, намоз ўқувчи билан ёнаётган аланганинг ўртасида девор мавжуд бўлса ёки атрофни ёритиш мақсадида қўйилган чироқ, қандил ҳам намозга зиён қилмайди ("Салоти Масъудий", "Маслакул муттақин").

 

Савол: Айрим кишилар сажда қилишаётганида, оёқлари ердан кўтарилади. Бунинг намозга зарари йўқми, илтимос, шу ҳақида маълумот берсангиз.

 

Жавоб: Сажда пайти оёқ бармоқларини ердан кўтариш мумкин эмас. Саждада бир оёқнинг бармоқларини ердан узиш ҳаромдир. Агар намозхон икки оёғининг ҳам бармоқларини ердан кўтарса, унинг намози бузилади ("Маслакул муттақин").

 

Савол: Мен пешин намозининг суннатини ўқиётган пайтим фарзга иқомат айтилди. Шундай пайтда  қандай йўл тутсам тўғри бўлади? Намозимни тўхтатиб, имомга эргашишим зарурми ёки аввал суннатни тугатишим керакми?

 

Жавоб: Намозхон пешин ёки жуманинг суннатини ўқиётган пайт фарзига иқомат айтилса, бир ракат ўқимаган бўлса, намозини тўхтатиб, иқтидо қилади. Агар биринчи ракатнинг руку ва саждасини қилган бўлса, яна бир ракат қўшиб намозини тугатади ва жамоатга эргашади. Агар жума намозининг суннатини ўқиб турган пайт имом хутбани бошласа, суннатни тугатгани афзалдир.

Бу каби ноқулай аҳволга тушмаслик учун масжидга келган киши фарзга иқомат айтилишига оз фурсат қолган бўлса, суннатни бошламай тургани яхшидир. Пешиннинг фарзини ўқиганидан кейин тўрт ракат суннатини икки ракат суннатидан олдин ўқийди ("Фатовойи Ҳиндия", "Маслакул муттақин").

 

Савол: Бир оғайнимизнинг қариндошлариникига жанозага бордим. Ўликни қабрга гўрков эмас, ўзлари дафн этишди. Сабабини сўрасам, ҳар кимни ўз маҳрами қабрга қўяди, деб айтишди. Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.

 

Жавоб: Ўликни қабрга кучли, хотиржам, солиҳ кишилар қўйгани  афзалдир. Аёл кишини унинг маҳрам қариндошлари қабрга қўяди. Маҳрами деганда, ўғли, отаси, бобоси, ака ё укаси, тоға ё амакилари (отасининг ака ё укалари) тушунилади. Агар маҳрам қариндошлари бўлмаса, бегона кишилардан кўра бошқа узоқ қариндошларининг қўйгани афзал саналади. Улар ҳам йўқ бўлса, майитни бошқа кишилар қўйишида зарар йўқ ("Фатовойи Ҳиндия", "Маслакул муттақин", "Таторхония").

 

Савол: Оғайним билан қучоқлашиб, қуюқ сўрашаётган эдик. Ёнимизда турганлардан бири эркаклар бир-бири билан қучоқлашиб кўришиши мумкин эмас, деб айтди. Шу тўғрими?

 

Жавоб: Узоқ вақт кўришмаган ёки сафардан келган киши билан қучоқлашиб сўрашиш жоиздир. Жафар ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Ҳабашистондан келганларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у билан қучоқлашиб кўришганлар. Аммо ҳар кунги одатий учрашувларда қучоқлашиб сўрашишдан кўра, қўл бериб саломатлик тилаш, ҳол сўраш яхшидир.

 

Савол: Таҳорат қилаётгандим, эшик тақиллади. Эшикни очиб, келган одамга жавоб бергунимча, беш дақиқача ўтди. Таҳоратимни келган жойидан давом эттирсам бўладими?

 

Жавоб: Келган жойингиздан давом эттирсангиз бўлади. Аммо аъзоларни кетма-кет ювиш таҳоратнинг суннатларидан. Кетма-кет, дегани, бу ўринда, ҳаво мўътадил бўлганида ювилган аъзо ке­йинги аъзони ювгунча, масалан, қўлларни ювгунча юз қуриб қолмаслиги тушунилади. Таҳоратда ювиладиган аъзоларнинг биридан сўнг иккинчисини узрсиз пайсалга солиб ювиш макруҳ бўлади. Таҳорат асносида сув тугаб, идишни тўлдиришга кетиш, касаллик, кексалик каби ҳоллар узр ҳисобланади, де­йилган ("Фатовойи Ҳиндия", "Жавҳаратун наййираҳ").

Сиз келган меҳмонга бир пас пойлаб туришини айтса­нгиз ёки узоқ гаплашиб қолмай, таҳоратимни тугатиб қўяй, дея илтимос қилсангиз, яхши бўларди.