Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Эй Абу Ҳурайра! Фароизни ўрганиб, уни ўргатинглар, зеро, у илмнинг ярмидир. У умматим орасида биринчи бўлиб унутиладиган ва биринчи бўлиб олинадиган нарсадир” (Ибн Можа, Дорақутний ва Ҳоким ривояти).

 

Фароиз илми ҳар бир вориснинг марҳум қолдирган молдан оладиган улушини белгилаб берувчи ҳисоб-китоб ва фиқҳий масалалардан иборат қоидалар тўпламидир.

Киши вафот этса, ундан қолган мол, олдин, уни кафанлашга, дафн этиш ишларига сарфланади. Сўнг қарзлари адо этилади. Қарзлари адо этилгандан кейин мол қолса, васияти адо қилинади. Васият қилинган маблағ ё мол қиймати оламдан ўтган кишидан қолган молнинг учдан бир қисмидан ўталади. Чунки вафот этган кишидан қолган молда васиятда айтилганлардан ташқари меросхўрларнинг ҳам ҳақи бор. Сўнг қолган мол меросхўрларга тақсим қилинади.

Қуръонда зикри келган эркак меросхўрлар қуйидагилар:

1. Ота (марҳумнинг отаси).

а) Агар марҳумнинг ўғли ёки ўғлининг ўғли бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

б) Агар марҳумнинг ўғли бўлмай, қизи ёки ўғлининг қизи ёхуд ўғлининг ўғлининг қизи бўлса, мероснинг олтидан бир қисмига қўшимча, бошқа меросхўрлардан ортган молни ҳам олади.

в) Агар отадан бошқа меросхўр бўлмаса, асаба сифатида, ота мероснинг барчасини олади. Асаба – Қуръонда меросдан оладиган улуши баён қилинмаган, марҳумнинг эркак яқинлари.

2. Бува (марҳумнинг отасининг отаси).

а) Марҳумнинг отаси бўлмай, ўғли ёки ўғлининг ўғли бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

б) Марҳумнинг отаси ва ўғли бўлмай, қизи ёки ўғлининг қизи ёхуд ўғлининг ўғлининг қизи бўлса, мероснинг олтидан бир қисми ва бошқа меросхўрлардан ортган молни олади.

в) Марҳумнинг бувасидан бошқа ҳеч кими бўлмаса, у мероснинг барчасини олади.

г) Марҳумнинг отаси бўлса, мерос олмайди.

3. Она бир ака-ука (марҳумнинг она бир ака-укалари).

а) Агар марҳумнинг иниси бир нафар бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

б) Агар марҳумнинг иниси икки ёки ундан кўп бўлса, мероснинг учдан бир қисмини тақсимлаб олишади.

в) Агар марҳумнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди бўлса, мерос олишмайди.

4. Эр (марҳуманинг эри).

а) Марҳуманинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди бўлмаса, мероснинг иккидан бир қисмини олади.

б) Марҳуманинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди бўлса, мероснинг тўртдан бир қисмини олади.

Қуръонда зикри келган аёл меросхўрлар қуйидагилар:

1. Хотин (марҳумнинг хотини).

а) Марҳумнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди бўлмаса, мероснинг тўртдан бир қисмини олади.

б) Марҳумнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди бўлса, мероснинг саккиздан бир қисмини олади.

2. Қиз (марҳумнинг ўз қизи).

а) Агар марҳумнинг ўғли бўлмай бир нафар қизи бўлса, мероснинг ярмини олади.

б) Агар марҳумнинг қизи икки ёки ундан кўп бўлса, мероснинг учдан икки қисмини тақсимлаб олишади.

в) Марҳумнинг ота-онаси, аёли (эри) ва ўғил-қизлари бўлса, фарз соҳиблари (ота-она, аёл, эр)дан ортган молни ўғил икки, қиз бир ҳисса олган ҳолда бўлишадилар.

3. Невара қиз (марҳумнинг ўғлининг қизи).

а) Агар марҳумнинг невара қизи бир нафар бўлса (марҳумнинг ўзининг қизи бўлмаса), мероснинг иккидан бир қисмини олади.

б) Агар марҳумнинг невара қизи икки нафар ёки ундан кўп бўлса (марҳумнинг ўзининг қизи бўлмаса), мероснинг учдан икки қисмини тақсимлаб олишади.

в) Марҳумнинг ўғли бўлмай бир нафар қизи бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

г) Марҳумнинг икки нафар ёки ундан ортиқ қизи бўлса, мерос олмайди.

д) Марҳумнинг ўғлининг ўғли (невара қизнинг иниси) бўлса, улар асаба бўладилар ва фарз соҳибларидан ортган молни бўлишиб оладилар: иниси икки ҳисса, қиз бир ҳисса.

е) Марҳумнинг ўғли тирик бўлса, меросдан улуш берилмайди.

4. Туғишган опа-сингил (марҳумнинг ота-она бир опа-синглиси).

а) Марҳумнинг опа ёки синглиси бир нафар бўлса, мероснинг ярмини олади.

б) Марҳумнинг опа-синглиси икки нафар ёки ундан кўп бўлса, мероснинг учдан икки қисмини тақсимлаб олишади.

в) Марҳумнинг иниси бўлса, иниси улушининг ярмига тенг мерос олади.

г) Марҳумнинг ўғли бўлмай, қизи ёки ўғлининг қизи бўлса, асаба сифатида мероснинг қолганини олади.

д) Марҳумнинг ўғли ёки ўғлининг ўғли, отаси ёки отасининг отаси бўлса, меросдан маҳрум бўлади.

5. Ота бир опа-сингил (марҳумнинг ота бир опа-синглиси).

а) Марҳумнинг ота бир опаси ёки синглиси бир нафар бўлса, мероснинг ярмини олади.

б) Марҳумнинг ота бир опа-синглиси икки нафар ёки ундан кўп бўлса, мероснинг учдан икки қисмини тақсимлаб олишади.

в) Марҳумнинг бир нафар туғишган опаси ёки синглиси бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

г) Марҳумнинг икки нафар ёки ундан ортиқ туғишган опа-синглиси бўлса, меросдан маҳрум бўлади.

д) Марҳумнинг ота бир иниси бўлса, инисининг улушининг ярмига тенг мерос олади.

е) Марҳумнинг ўғли бўлмай, қизи ёки ўғлининг қизи бўлса, мероснинг қолганини олади.

ж) Марҳумнинг ўғли ёки ўғлининг ўғли ёки отаси ёки буваси ёки туғишган ака-ука, опа-сингиллари бўлса, меросдан маҳрум бўлади.

6. Она бир ака-ука, опа-сингил (марҳумнинг она бир ака-ука, опа-синглиси).

а) Марҳумнинг она бир ака-ука, опа-синглиси бир нафар бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

б) Марҳумнинг она бир опа-синглиси ва ака-укаси икки нафар ёки ундан кўп бўлса, мероснинг учдан бир қисмини эркак-аёлга ажратмай, тенг тақсимлаб олишади.

в) Марҳумнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди ёки отаси ёки буваси бўлса, меросдан маҳрум бўлади.

7. Она (марҳумнинг онаси).

а) Марҳумнинг фарзанди ёки ўғлининг фарзанди ёки ака-ука, опа-сингиллари бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади.

б) Марҳумнинг хотини (ёки марҳуманинг эри) бор, отаси тирик бўлса, хотини (ёки марҳуманинг эри)дан қолган молнинг учдан бирини олади. Бу ҳолатда ота асаба сифатида қолган молнинг ҳаммасини олади.

в) Юқорида зикр қилинганлардан ҳеч қайсиси бўлмаса, мероснинг учдан бир қисмини олади.

8. Буви (марҳумнинг онасининг онаси ёки отасининг онаси).

а) Марҳумнинг бувиси бир нафар бўлса, мероснинг олтидан бир қисмини олади, ундан кўп бўлса шу олтидан бир улушини тенг тақсимлаб олишади.

б) Марҳумнинг марҳумга яқин бошқа бувиси бўлганда, мерос олмайди.

Ўғил ва қиз орасида мерос тақсимотига инсоф назари билан қарасак, бу айни адолат эканини кўрамиз. Эркакнинг аёлдан икки баробар кўп мерос олишининг бир неча ҳикматлари бор.

Аёл бировга нафақа қилишга буюрилмаган, унинг нафақаси эса отаси, эри, ўғли, акаси ва бошқа эркак қариндошлари зиммасидадир. Фарзандлар таълим-тарбияси харажатлари ҳам отанинг зиммасида. Эр аёлига маҳр беришга мажбур, аёл эса маҳр олади ва ҳоказо.

 

Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти 4-босқич талабаси Гулчеҳра ХАЙРУЛЛОҲ қизи тайёрлади.