Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол:Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Жаноза намозларида кўп кузатдим, имом-хатиблар жаноза намози олдидан қилган мавъизаларида “Бу марҳум Аллоҳ таолонинг ҳузурига сафар қилмоқда”, деб айтишади. Шундай дейиш тўғрими?

Жавоб:Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд.

Ундай дейиш тўғри эмас. Чунки Аллоҳ таолонинг макони йўқ. Аллоҳ таолони бирор жойда, масалан, осмонда дейиш аҳли сунна ва жамоа ақидасига зиддир.

Хабарда бундай келган: “Мўмин кишининг жони узилса, руҳига мушк ва райҳон сурилиб, иллийюнга элтилади” (Баззоз ривояти). “Иллийюн”ни уламолар турлича тафсир қилишган. Заҳҳок, Қатода, Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳу анҳум) иллийюн еттинчи осмондир. Унда оламдан ўтган мўминларнинг руҳи сақланади, дейишган. Мазкур иборани мажозий маънода ишлатиш жоиз.

 

Савол:Масжидимиз имоми намозда узун қироат қилади, шу жоизми?

Жавоб:Агар қавмга малол келмаса, бомдод, пешин ва хуфтон намозларида узун қироат қилиши суннат. Қавмга малол бўлса, имомнинг узун қироат қилиши макруҳдир. Зеро, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муоз ибн Жабални Яманга юбораётганларида, намозда қавмнинг энг заиф қатламига малол келмайдиган қироат миқдорда қилишни буюрганлар.

 

Савол:Уч киши пешин намозига етолмадик. Айвонда суннатни ўқиб, фарз учун такбир тушира бошлаганимизда бир киши: “Катта жамоатга етолмаганлар фарзни жамоат бўлиб эмас, якка-якка ўқиши керак”, деб қолди. Шу гап тўғрими?

Жавоб:Тайинланган имоми ва маълум қавмига эга бўлган масжидда жамоат билан намоз ўқилганидан сўнг, масжидда яна қайта азон айтиб, олдин ўқиганлар каби жамоат бўлиб намоз ўқиш макруҳдир. Аммо азон айтмасдан, меҳробдан четда жамоат бўлиб намоз ўқиш макруҳ эмас. Бу борада йўл ёқасидаги масжиднинг ҳукми ҳам шундай (“Шарҳул мажмуъ”).

 

Савол:Киши вафот этса, унинг яқинларига қариндошлари, дўстлари таъзия билдиради. Динимизга кўра, қандай сўзлар билан таъзия изҳор қилган маъқул?

Жавоб:Халқимизда мусибат етган хонадон аҳлига таъзия билдиришда энг кўп: “Аллоҳ сабр берсин”, “Бандалик”, “Худо раҳмат қилсин” деган тасалли жумлалари қўлланади. Фақиҳ олимларимиз таъзиянинг энг чиройлиси деб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтган таъзия сўзларини келтирганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай таъзия изҳор қилар эканлар: “Инна лиллаҳи ма ахаза ва лаҳу ма аъто ва кулла шайъин ъиндаҳу биажалин мусамма” (Шубҳасиз, олгани ҳам, бергани ҳам Аллоҳ таолоникидир. Кимнинг қачон ўлишини ҳам фақат У билади).

Шунингдек, уламолар марҳумнинг яқинларига, “Аллоҳ таоло марҳумнинг гуноҳларини кечирсин. Уни раҳматига олсин. Сизга сабр берсин. Сабрингизга ажр ато қилсин”, дейишни мустаҳаб деганлар.

 

Савол:Биз томонларда “уч”, “етти”, “йигирма”, “қирқ” каби маросимлар бидъат экани уқтирилганидан сўнг ўлик чиққан хонадонларда уч кун ичида эҳсон дастурхони ёзиш одатга айланди. Баъзи тушунган-билганлар бунга эътироз билдиришса ҳам, фойдаси бўлмаяпти. Шу масалада ўзингиз динимиз ҳукмларини тушунтириб берсангиз.

Жавоб:“Уч”, “етти”, “йигирма”, “қирқ” каби маросимлар шаръий асосга эга бўлмаган, бидъат маросимлардир. Кўп айтилган, тушунтириш ишлари олиб борилганига қарамай, бу одатларни давом эттираётганлар ҳақиқатни қабул қила олмайдиган кишилардир.

Марҳум вафот этганидан уч кун ўтмай элга дастурхон ёзиб, таом тортиш мутлақо жоиз бўлмаган ишдир. “Татархония” номли фатво китобида бу иш мубоҳ эмаслиги айтилган. Баъзи фақиҳлар ҳатто таҳриман макруҳ дейишган.

Яшаб турган жойимиздаги масжид имом-хатибларининг маслаҳатлари ва динимиз йўл-йўриқларига амал қилиб борсак, икки дунё саодатига эришамиз, иншааллоҳ.

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.