Ўзбекистон мусулмонлари  идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов жавоб беради

 

Савол: Зуҳд, ҳақиқий зоҳидлик нима дегани?

Жавоб: “Зуҳд” бирор нарсадан юз ўгириш маъносини англатади. Абу Идрис Ҳаволоний зуҳд ҳақида бундай деганлар: “Ҳақиқий зоҳид ҳалол нарсани ўзига ҳаром қилмайди, дунёдан воз кечмайди. Балки ўз қўлидагидан кўра, Аллоҳ таолонинг ҳузуридагига ишонади, етган бирор мусибат эвазига ажру савоб умид қилиб, янада хотиржам бўлади”.

Абу Сулаймон Доримий: “Бирор кишининг зоҳирини кўриб, зоҳид экан, демагин. Чунки зуҳд қалбда бўлади”, деганлар. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Зуҳд киши бирор одамни кўрганида уни ўзидан афзал билишидир”, деганлар. Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ): “Дунё борасида зоҳидлик орзуларнинг қисқалиги ва одамлар қўлидаги нарсалардан тама қилмаслик”, деганлар.

Демак, ҳақиқий зуҳд ҳамма нарсадан юз ўгириб яшаш эмас, балки мол-дунёга муҳаббат қўймаслик, қўлдан кетганига қайғурмай, етган азиятга сабр билан Аллоҳ таолодан савоб умид этиш, эришган ютуқлари учун Аллоҳ таолога ҳамд айтиб, яна савоб умид қилишдир.

 

Савол: Баъзилар намоз бошланганида масжидга (жамоатга етиш учун) югуришади. Шу тўғрими?

Жавоб:Бу хатодир. Абу Қатодадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Биз Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан намоз ўқиётган эдик. Одамларнинг оёқ товушлари эшитилди. Пайғамбаримиз намозни тугатгач, улардан: “Сизларга нима бўлди?” деб сўрадилар. Улар: “Намозга шошилдик”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ундай қилманглар. Агар намозга келсаларинг, хотиржамлик билан келинглар. Намознинг қанчасига етсаларинг, уни ўқинглар, қанчасини ўтказиб юборсаларинг, уни (ўзларингиз) тўлдириб қўйинглар”, дедилар».

Шунинг учун намозга виқор билан келиш, шошмай ният қилиб, сафга туриш керак.

 

Савол: Илонни еса бўладими?

Жавоб: Илонни ейиш мумкин эмас. Чунки илон зарарли, нопок жониворлар сирасига киради. Қуръони каримда: “...пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади...” (Аъроф, 157) дейилган.

Илон табиатан зарарли жониворлардандир. Шунинг учун уни ўлдириш кераклиги ҳадиси шарифда айтилган. Ойша онамиздан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бешта зарарли жонзот бор, улар Ҳарамда ва Ҳарамдан ташқарида ҳам ўлдирилади: илон, ола қарға, сичқон, қутурган ит ва калхат”, деганлар.

Фатво китобларида илонни фақат даво учун бир неча доривор ўсимликларга аралаштириб, таркибида илон унсури билинмаган ҳолида истеъмол қилиш мумкин, дейилган.

 

Савол: Кўриниши ва овозидан ҳузурланиш учун қушларни қафасда сақлаш жоизми?

Жавоб: Баъзи қушларнинг кўриниши чиройли, овози ёқимли бўлади. Гўзалликни барча яхши кўради. Гўзаллик Аллоҳ таолонинг неъматларидандир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Айтинг: “Аллоҳнинг бандалари учун чиқарган зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?..”» (Аъроф, 32).

“У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди) (Наҳл, 8).

Аллоҳ таоло ҳайвонот, ўсимликлар ва бошқа зийнатларни бандалари учун яратган. Улардан завқланиш, фойдаланиш мубоҳдир. Зийнат ҳисобланган балиқ ва қушларни динимиз амрларидан чиқмаслик шарти билан боқиш мумкин. Бу шартлар асосан қуйидагилар:

1. Уларни боқиш билан фахр ва кибрга берилиб кетмаслик керак.

2. Уларни парвариш қилиш ва уларга эътибор бериш зиммасидаги мажбуриятлардан чалғитиб қўймаслиги керак.

3. Улар ўз вақтида озиқлантирилиши лозим. Зеро, мушук боқиб, унга овқат ва сув бермай қийнаган аёлни Аллоҳ таоло азоблагани ҳақидаги ҳадис машҳур.

Икки “Саҳиҳ”да ворид бўлган ҳадисда Анасдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг гўзал хулқлиси эдилар. Менинг эмикдош укам бўлиб, уни Умайр – “Умарча” (арабларда эркалаш маъносини ифодаловчи вазн) деб чақиришар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизнинг уйга келсалар: “Эй Абу Умайр, нуғайрга (тумшуғи қизил, чумчуқсимон қуш) нима бўлди?”, дер эдилар.

Аллома Абул Аббос Қуртубий айтадилар: «Уламоларнинг “қушларни қафасда ушлаб туриш” жоиз деган фатволаридан уларга азоб бериш мумкин, деган хулоса чиқмайди. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳайвонларга азоб беришдан қайтарганлар». Абу Дардодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича: «Қиёмат куни қушлар, ўзларини қафасда сақлаб, оч қолдириб, қийнаган кишининг бўйнига осилишади ва: “Эй Раббим, мана бу мени дунёда азоблаган”, дейди».

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД оққа кўчирди.