Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Савол: Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) меърожлари ҳақидаги битикларнинг баъзисида у зотнинг руҳлари осмонга кўтарилган, дейилса, бошқаларида жасад ва руҳлари бирга осмонга кўтарилган дейилади. Меърож ҳақида бизнинг ақидамиз қандай бўлиши лозим?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Амма баъд. Меърож воқеасидан олдин Исро бўлган.

“Исро” сўзи тунги сайр маъносини билдиради. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тунда бир зумда Маккадан Қуддусга боришлари “Исро” дейилади. Бу воқеа ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “(Ўз) бандаси (Муҳаммад)ни, унга мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун тунда, (Маккадаги) Масжидул Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул Ақсога сайр қилдирган Зотга тасбеҳ айтилур. Дарҳақиқат, У эшитувчи ва кўрувчидир” (Исро, 1).

Исро воқеаси оят билан тасдиқ этилгани учун, уни инкор қилган киши диндан чиқади.

“Меърож” – “кўтарилиш”, “юксалиш” маъноларини билдиради. Меърож дейилганида, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Масжидул Ақсодан осмонга кўтарилганлари тушунилади. Пайғамбаримиз уйғоқлик ҳолларида, жасадлари билан меърожга чиққанлар. Пайғамбаримизнинг меърожларини инкор қилган кимса суннат ва жамоа аҳли ҳисобланмайди.

 

Савол: Бир дўстим суннат намозларида рукудан қайтиб, қаддини тик қилмай, саждага кетишини кўриб қолдим. Кейин билсам, дўстим доим шундай қилар экан. Бунинг намозга зарари йўқми?

Жавоб: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни ёв қувгандай шоша-пиша ўқиб, ҳузурларига келган бир саҳобийга уч қайта: “Сен намоз ўқимадинг!” деб танбеҳ берганлар. Сўнг, “Намозни хотиржамлик билан ўқигин. Руку ва саждалар орасида аъзоларинг таскин топгунича бир зум тин ол”, деб таълим берганлар.

Яна Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни апил-тапил ўқийдиганларни “намоз ўғриси” деб атаганлар ва “Энг ёмон ўғри намоз ўғрисидир!” деганлар.

Аллоҳ таборака ва таоло барчамизга хушуъ ва хузуъ билан ибодат қилиш шарафини насиб этсин!

Савол: Нима учун Худога “Сен”лаб дуо қилинади? Бу ҳурматсизлик бўлмайдими?

Жавоб: Йўқ, Аллоҳ таолога “Сен”лаб хитоб қилиш ҳурматсизликка кирмайди. Ислом тавҳид динидир. Аллоҳ таолонинг ягоналигини таъкидлаш учун ҳам Унга “Сен” деб хитоб қилинади.

 

Савол: Менинг нисобга етган маблағим бор. Аммо ўзим ижара уйда яшайман. Мен закот беришим керакми?

Жавоб: Маблағингиз асл эҳтиёжингиздан ортиб, нисобга етган бўлса ва унга бир қамарий йил тўлса, закот берасиз.

 

Савол: Закот бериши керак бўлган, бироқ беришга улгурмай вафот этган кишининг меросидан закот бериладими?

Жавоб: Йўқ, берилмайди. Аммо ушрини беришга улгурмай вафот этган кишининг олган ҳосилидан ушр берилади (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Закот фарз бўлиши учун қандай шартлар бор?

Жавоб: Закотнинг фарз бўлиши учун ушбу шартлар бўлиши керак:

1. Ҳуррият. Закот берадиган одам озод бўлиши керак. Қулга закот фарз эмас; 2. Ислом. Закот мусулмонга фарз бўлади; 3. Ақл ва булуғ. Нисобга етган мол эгасининг ақли жойида ва балоғатга етган бўлиши лозим. Аммо ушр (экинлардан олинадиган закот) ёш бола ва ақли заифнинг еридан ҳам олинади; 4. Мол нисобга етиши лозим; 5. Молга тўлиқ эгалик қилиш; 6. Нисоб асл эҳтиёжидан ортиқ бўлиши; 7. Бандалардан қарзи бўлмаслик; 8. Молнинг ўсувчи бўлиши; 9. Нисоб миқдорига етган молга бир қамарий йил тўлиши (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Ўзининг опа-синглисига, ака-укасига закот берса бўладими?

Жавоб: Бўлади. Ўзининг ака-укаси, опа-сингилларига берилган закотнинг савоби яна ҳам улуғдир. Чунки бу билан ҳам закот фарзи адо этилган бўлади, ҳам қариндош-уруғчилик алоқалари, ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланади.

 

Савол: Закотни кимларга бериб бўлмайди ва қайси ўринларга сарфлаб бўлмайди?

Жавоб: 1. Мусулмон бўлмаган кимсага, гарчи камбағал бўлса ҳам; 2. Эҳтиёжидан ортиқ кумуш нисобидаги моли бўлганларга берилмайди; 3. Бой кишининг кичик ёшдаги ўғлига ҳам бериб бўлмайди; 4. Ота-она, бобо-буви... ва фарзанд-набираларга бериб бўлмайди; 5. Ҳошимийларга ҳам бериб бўлмайди; 6. Киши закотини хотинига ҳам беролмайди; 7. Закот молидан бирор марҳумнинг қарзини ҳам тўлаб бўлмайди; 8. Закот молини масжидларни қуриш, таъмирлаш ва ўликни кафанлаш харажатларига ишлатиш жоиз эмас.

 

Савол: Бир бой одамнинг ижарага берган уйи бўлса ва у ижарада ўтирган кишига “Закотим ҳисобидан ижарада ўтиравер”, деса, закотини ўтаган бўладими?

Жавоб: Йўқ, бўлмайди. Чунки закот нақд ҳолда, қўлга тегадиган маблағ ёки мол кўринишида бўлиши керак (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Бир киши рамазонда рўза тутганини унутиб еб-ичса ёки жимо қилса, кейин рўзалиги эсига тушса-ю, рўзам бузилди, деган ўйда ўз ишида давом этаверса, унга қазо вожиб бўладими ёки каффоратми?

Жавоб: Имоми Аъзам қавлларига кўра, бундай одамга қазо вожиб бўлади, каффорат вожиб бўлмайди (“Хулоса”).

 

Савол: Оғиз очилганидан кейин дарҳол шомга турган яхшими ёки олдин ифтор қилиб олган маъқулми?

Жавоб: Ифторга шошилган афзал. Шом намозидан олдин ифтор қилиб олиш мустаҳабдир (“Фатовойи Ҳиндия”).

 

Савол: Саҳарликни вақти чиқиб кетгунига қадар кечиктириш керак, деб эшитдим, шу тўғрими?

Жавоб: Саҳарликни кечиктириш мустаҳаб (“Ниҳоя”). Аммо шубҳа ҳосил бўладиган вақтгача кечиктириш макруҳдир (“Сирожул ваҳҳож”).

 

Савол: Мен оғиз очиш дуосини ҳеч ёдлай олмаяпман. Дуонинг мазмунини ўқиса ҳам бўладими? Ушбу дуонинг мазмунини айтиб берсангиз.

Жавоб: Оғиз очиш дуосининг арабча матнини ёдлай олмаган одам мазмунини ҳам ўқиши жоиз. Дуонинг мазмуни будир: “Ё Аллоҳ! Сенга имон келтириб, Сен учун рўза тутдим. Сенга таваккул қилдим, Сен берган ризқ билан ифтор қилдим. Эй гуноҳларни Кечиргувчи, марҳаматлиларнинг Марҳаматлиси! Ўз раҳматинг билан олдинги ва кейинги гуноҳларимни кечир. Омин!”

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.