Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

 

Савол: Одам қийинчилик ва азобдан қутилиш мақсадида ўзига қасд қилиши мумкинми?

Жавоб:Киши ўзига ё бошқага зарар беришини динимиз ҳаром қилган. Аллоҳ таоло бундай амр этган: "Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанглар!" (Бақара, 195).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бериш йўқ­дир", деганлар.

Ўз жонига қасд қилиш энг катта гуноҳлардандир.

Чунки, ўзига қасд қилиш илоҳий неъматдан, ҳаётдан воз кечишдир.

Баъзилар ҳаётдаги қийинчиликлар сабабли ўзларини ҳалок этиб, гўё шу билан азоблардан биратўла қутиламиз, деб ўйлашади. Бу ўйлари хатодир. Ҳадиси шарифда: "Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, жаҳаннам оловида ўша нарса билан абадий азобланади", дейилган.

Аллоҳ таоло бандаларни турли мусибат ва қийинчиликлар билан ҳам имтиҳон қилади. Бошига ташвиш тушган одам Аллоҳдан ёрдам сўраб, бу ташвишдан қутилиш учун ҳаракат қилса ва сабрли бўлса, эвазига унга кўп яхшиликлар берилади.

 

Савол: Бир отахон жума куни Каҳф сурасини ўқиш кераклиги ва бу ҳақда ҳадис борлигини айтди. Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз?

Жавоб: Қуръони каримнинг ҳар қандай оят ё сурасини ўқиш ибодат, савобли амалдир.

"Қуръон оятларининг барчаси Аллоҳнинг каломи бўлганидан фазилатда ва улуғликда тенгдир. Аммо баъзи оятларида ҳам зикр фазилати, ҳам зикр қилинганнинг фазилати бор. Бунга мисол, Курси оятидир. Унда Аллоҳнинг улуғлиги, буюклиги ва сифатлари зикр қилинган. Яъни, бу оятда икки фазилат тўпланган - зикр фазилати ва зикр қилинганнинг фазилати" (Фиқҳул Акбар). Ҳадисларда Каҳф сурасини ўқиб юрган киши учун қиёматда нур бўлиши, дунёда кичик гуноҳларининг кечирилиши, дажжол фитнасидан омонда бўлиши каби фазилатлар баён қилинган. Вақт топилса, шу сурани жума ё бошқа кунлари ўқиган киши ана шундай фазилатга сазовар бўлади.

 

Савол: Намозида баъзи аъзоларини қимирлатган, бошини қашиб, юзларини сийпаб олган кишиларни кўраман. Бундай қилиш намозни бузмайдими?

Жавоб: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): "Агар намозхон кимга муножот қилаётганини билганида эди, юзини у ёқ-бу ёққа бурмасди" деганлар. Намозда тўнини ўйнаш, бирор аъзосини қимирлатиш, узрсиз сийпаш, ён-атрофларга қараш макруҳдир. Намозда ортиқча ҳаракатдан ўзини тийиш керак.

Агар намоз ичида икки қўл билан бажариладиган ишларни қилса, шунингдек, бир рукн­да бир ишни - масалан, юз силашни уч бор такрорласа, намози бузилади.

Узрсиз кийимини тўғрилаб олса, сочини тараса, бу ишларни бир қўл билан қилса, макруҳ, икки қўл билан қилса, намозни бузади. Макруҳ билан адо этилган ибодат эса камчиликлидир.