Ñàâîëëàðãà ¤çáåêèñòîí ìóñóëìîíëàðè èäîðàñè ðàèñè, ìóôòèé Óñìîíõîí Àëèìîâ æàâîá áåðàäèëàð

Савол: Ҳурматли муфтий ҳазратлари, тоғ этагида эдим. Ифторлик вақти бўлди, деб ўйлаб оғзимни очибман. Уловимда тоғнинг тепасига чиқсам, қуёш энди ботаётган экан. Шу кунги рўзам нима бўлди, тушунтириб берсангиз.

 

Жавоб: Алҳамду лиллаҳи раббил аъламин. Вассолату вассаламу ала расулиҳи Муҳаммад ва ала алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъин.

Аммо баъд: Бундай пайтда ўша куни қуёш ботгунича емай-ичмай турилади ва фурсат топиб, ўша кунги рўзанинг қазосини тутиш лозим бўлади.

Қуёшнинг ботгани номаълум бўлиб турган пайтда рўзадорга емай туриш вожибдир. Агар Рамазон рўзасини тутган одам шундай пайтда оғзини очса, унга каффорат лозимдир (“Кофий”, “Маслакул муттақин”).

 

Савол: Қулоғимнинг ич тарафидан ярага ўхшаш нарса чиққан. Шифокор вақти-вақти билан малҳам ёғ томизиб туришни буюрган эди. Бунинг рўзага зарари йўқми?

 

Жавоб: Сиз, иложи бўлса, ифторликдан сўнг саҳарликкача муолажа қилганингиз яхшироқдир. Чунки рўзадор қулоғига ёғ томизса, унинг рўзаси бузилади (“Фатовойи Кофий”, “Маслакул муттақин”).

Савол: Менга бир одам таҳоратда бармоқлар орасини хилол қилиш шарт, усиз намоз дуруст бўлмайди, деб айтди. Шу тўғрими?

 

Жавоб: Таҳоратда бармоқлар орасини хилол қилиш суннат амаллардандир. Лақийт ибн Субра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) дедилар: “Таҳоратингни тўлиқ қилиб, ниҳоясига етказ ва бармоқлар орасини хилол қилгин” (Имом Термизий ривояти). Бармоқлар орасини хилол қилишдан мақсад унинг орасига сув етказишдир. Оёқ бармоқларини чап қўлнинг жимжилоғи ила хилол қилинади. Хилол қилиш тартиби шуки, ўнг оёқнинг жимжилоғидан бошланиб, чап оёқнинг жимжилоғида тугалланади. Қўл бармоқларини эса уст тарафидан бир-бирининг орасига кириштириб хилол қилинади (Фатҳул Қадир).

 

Савол: Биз томонларда маййит чиққан хонадонга уч кун фотиҳага борилади. Сўнг уч ҳафта ҳар пайшанба кечқурун шу хонадон соҳиби овқат пишириб одамларни чақиради. Бунинг шаръий асоси борми, илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз?

 

Жавоб: Бунинг шаръий асоси йўқ. Ўтганларнинг руҳи шод бўлиши учун улар ҳақига дуойи фотиҳа қилиш, айниқса, ота-она ўтган бўлса, уларни хотирлаб, эҳсон чиқариб туриш фазилатли амалдир. Чунки инсон вафот этгач, унинг амал дафтари ҳам ёпилади. Фақат у тириклик пайтида бирон кўчат эккан бўлса ёки кўприк каби одамлар фойдаланиб турган иншоотлар барпо қилган бўлса, унинг савоби узлуксиз бориб туради. Шунингдек, солиҳ фарзанд ёки шогирд қолдирган бўлса, ундан савоб етиб туради.

Маййит чиққан хонадонга яқинлари уч кунгача овқат пишириб келиб, хабарлашиб туриши савоблидир. Лекин ҳар пайшанба ёки етти, йигирма, қирқ каби кунларни тайин этиб, эҳсон чиқариш шариатда йўқ. Ҳар ким ўз ҳолига, фурсатига қараб эҳсон қилаверади. Бундай ишлар бировдан қарз ёки ёрдам олиш эвазига қилинмайди.

 

Савол: Ҳурматли муфтий ҳазратлари, сув танқис пайтларида аъзоларни бир мартадан ювса ҳам таҳорат жоиз бўладими?

 

Жавоб: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобаларга таҳоратни қай тартибда қилиш кераклигини кўрсатиб берганлар. Унга кўра, ҳар бир аъзоларни уч мартадан ювганлиги ва бошларига бир марта масҳ тортганлиги ривоят қилинади. Баъзи уламолар таҳоратда аъзоларни бир марта ювиш фарз, иккинчи марта ювиш суннат, учинчи бор ювиш эса таҳоратни тўлиқ қилишдир, дейишган.

Аммо Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) аъзоларини бир марта ювиб таҳорат қилганлари ҳақидаги ривоятда, бир марта ювдилар, бусиз намоз қабул бўлмайди, дедилар. Иккинчи марта ювдилар, бу учун ажр берилади, дедилар. Учинчи бор ювганларидан сўнг, бу менинг ва мендан олдин ўтган пайғамбарларнинг таҳоратидир. Ким бундан кўп ё кам қилса, камчиликли қилибди ва ўзига зулм қилибди, дедилар.

Агар киши кўнглига ҳали пок бўлмади, деган гумон ораласа, ўша аъзони то кўнгли қарор топгунча ювади. Сув тақчил, яъни уч бор ювишга етмай қолиш эҳтимоли аниқ бўлган вазиятда аъзоларни икки ё бир марта ювиш жоиз ҳисобланади (Фатҳул Қадир).