Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Савол: Сир эмас, ҳозирда кўпчилик юртдошларимиз, жумладан, аёллар ҳам савдо-сотиқ ишлари билан хорижга бориб-келишяпти. Бизнинг ён қўшнимиз ҳам ана шундай аёллардан. У чет юртларга бир ўзи кетади, эри эса уйда қолади. Бу ҳолат шариатимизга қай даражада тўғри келади?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Амма баъд.

Саволда иккита долзарб муаммо кўтарилган. Биринчиси аёллар учун сафарда маҳрам масаласи. Барча фақиҳ олимлар якдиллик билан аёл киши сафарга, ҳатто ҳаж сафарига ҳам маҳрамсиз чиқиши мумкин эмаслигини таъкидлаганлар. Чунки сафарда ҳар хил кўзда тутилмаган вазият юзага келиши мумкин, ана шу пайтда аёл ўз маҳрами ёрдамида бу вазиятлардан осон чиқиб кета олади.

Саволдаги иккинчи масала оила таъминоти. Шариатимиз аҳли-аёл ва фарзандларнинг ейиш-ичиш, кийим-кечак ва бошқа турли эҳтиёжларини таъминлашни тўлалигича эрларнинг зиммасига юклаган. Эркаклар ана шу жиҳатлари билан оила бошлиғи ҳисобланадилар. Ҳеч қандай узри бўлмай, ўзи уйда ўтириб, аёлини пул топиш учун кўчага чиқарган эркак ҳамиятсиз кимсадир.

Савол: Бугунги кунда авж олган иллатлардан бири – одам савдоси ҳақида сўрамоқчи эдим. Мамлакатимизда қонун йўли билан бу жиноятга қарши қатъий курашиш чоралари кўрилмоқда. Динимизда бу ҳолатга қандай қаралади?

Жавоб: Динимиз кишиларнинг жонини, молини, номусини ҳимоялаш мақсадида бир-бирларига ҳаром қилган. Бундан ташқари, қулдорлик авж олган замонлардаёқ Ислом дини озод одамни қулга айлантириш энг улкан гуноҳлардан эканини таъкидлаган. Бу қабиҳ ишда бир қанча гуноҳ жам бўлган, шулардан бири қул ҳақининг поймол этилишидир. Маълумки, шариатимизда икки турли ҳақ бор: Аллоҳнинг ҳақи, банданинг ҳақи. Мусулмоннинг зиммасидаги тоат-ибодат қилиш каби бандалик бурчлари Аллоҳнинг ҳақи ҳисобланади. Кишиларнинг бир-бирлари билан ўзаро муносабатларини тартибга солувчи ҳақ-ҳуқуқлар банданинг ҳақи дейилади. Ақоид китобларимизда айтилишича, Аллоҳ ўз ҳақини истаган бандасидан хоҳласа кечиб юбориши мумкин. Аммо Аллоҳ таоло бандалар орасига аралашмайди, яъни зиммасида бошқа бировнинг ҳақи қолган одамнинг гуноҳи ҳақдор рози бўлмагунича кечирилмайди.

Ўз ҳамюртини бегона элларга олиб бориб, қул қилиб сотиб юбораётганлар қонуний жавобгарликдан қутулиб қолишган тақдирда ҳам, эрта бир кун Аллоҳнинг ҳузурида албатта ҳисоб беришга мажбур бўлишларини унутмасинлар!

 

 

 

Савол: Муфтий ҳазратлари! Чет элларда ўқиш ёки ишлаш мақсадида юрган ёшлар орасида айримлари динимиз ҳақида билиб-билмай, тўғри-нотўғри манбалардан маълумотлар олишмоқда. Уларга қандай насиҳат қилган бўлардингиз?

Жавоб: Ҳар кимнинг ризқи ҳар ерга сочилган деган гап бор халқимизда. Шароит тақозоси билан ишлаш ёки ўқиш учун хорижда юрган ватандошларимиз, фарзандларимиз, энг биринчи, яшаб турган мамлакатларида мусулмонлар Исломнинг қайси мазҳабига амал қилишларини суриштириб билиши, агар ҳанафий мазҳаби асосида намоз ўқиладиган масжид топилмаса, улардан энг мўътадилини танлаб, ибодатларини ўша масжидда адо этишга ҳаракат қилиши керак. Бундан ташқари, аҳли сунна йўналишида, ўз мазҳабимиз асосида ёзилган асарлардан бошқа диний адабиётни умуман ўқимаганлари маъқул. Чунки ўзларида ҳали тўғри маълумот билан янглишини ажратишга етарли билим бўлмагани сабабли бундай китоблар уларни чалғитиб қўйиши аниқ.

Ахборот алмашиш ва интернет тезлик билан ривожланаётган ҳозирги кунда дунёнинг қайси нуқтасидан бўлмасин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва юртимиздаги бошқа рухсатли диний нашрлар сайтлари тўғри диний маълумотнинг энг мақбул ва осон манбаидир.

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.