Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Мен касаллигим туфайли мустақил таҳорат қила олмайман. Шу сабабли менга эрим таҳорат қилдириб қўйса бўладими?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд.

Бўлади. Аммо эрингиз бу ишга мажбур эмаслигини унутмаслигингиз керак. Фуқаҳоларимиз сўзларига кўра, аёл киши беморлиги сабабли ўзи таҳорат қила олмаса, эрининг зиммасига уни таҳорат қилдириб қўйиш тушмайди. Балки таяммум билан намозини ўқийверади (“Оламгирия”, “Қозихон”).

Савол: Ота-бола сафарга чиқдик. Ёнимизда фақат бир кишига етадиган сув бор эди. Шунда мен сувни отамга бериб, ўзим таяммум қилдим. Бу ишим тўғрими?

Жавоб: Сиз тўғри иш қилгансиз. Фуқаҳоларнинг сўзларига кўра, ота билан ўғилда фақат бир кишига етадиган сув бўлса, у билан ота таҳорат қилади, ўғил эса таяммум ила кифояланади (“Оламгирия”).

 

Савол: Жунуб бўлган киши пешоб қилмай туриб ғусл олса ва намоз ўқиса, ғусли ва намози дуруст бўладими?

Жавоб: Жунуб киши пешоб қилмай туриб ғусл олган ва намоз ўқиган бўлса, намози дуруст. Борди-ю, шундан кейин маний қолдиғи чиқиб қолгудек бўлса, Имом Абу Ҳанифа билан Имом Муҳаммад наздида қайта ғусл қилади, Имом Абу Юсуф наздида эса, ғуслни қайта қилмайди. У ғуслдан сўнг ўқиган намозни эса, уч имом наздларида ҳам қайта ўқимайди (“Қозихон”, “Сирожия”).

Савол: Муҳтарам Муфтий ҳазратлари! Мен ҳозир чет эл сафаридаман. Мен юрган давлатда кун умуман ботмайди, яъни доим ёруғ бўлиб туради. Бундай жойларда бомдод, шом ва хуфтон намозларини қайси маҳал ўқиш керак?

Жавоб: Динимизда кўпгина ибодатлар, хусусан, намоз вақтида фарз қилинган. Яъни, уларни адо этиш маълум вақтларга боғлиқ. Аммо дунёнинг саволда айтилган айрим ҳудудларида бу қоида истисно қилинади. Уламоларнинг фатволарига кўра, ундай ерларда яшаётган мусулмонлар ўзларига энг яқин, кун ўз вақтида чиқиб-ботадиган мамлакатнинг намоз вақтларини асос қилиб олиб, намозларини шунга кўра адо этадилар.

 

Савол: Бир киши аёлига икки йил яқинлашмаса, бу ҳолда уларнинг никоҳлари бузиладими?

Жавоб: Йўқ, бундай ҳолда эр-хотин ўртасидаги никоҳ бузилмайди. Аммо, бундай ҳолга узрсиз йўл қўйиш ҳам яхшилик келтирмайди.

 

Савол: Банда вафот этгач, тириклигида қилиб юрган амаллари ёзилган номаи аъмоллари қаерда сақланади?

Жавоб: Инсу жиндан бўлмиш мўминларнинг номаи аъмоллари битилган китоб «Иллийюн»да сақланади. «Иллийюн» Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) ривоят қилинишича, еттинчи осмонда Аллоҳ таолонинг Арши аълоси остидаги бир макондир.

“Дарҳақиқат, яхшиларнинг номаи аъмоллари, албатта, Иллийюндадир. (Эй Муҳаммад,) Иллийюн нима эканини қаердан ҳам билурсиз?! (У) битилган китобдирки, унга (Аллоҳга) яқин (фаришта)лар гувоҳ бўлурлар” (Мутаффифун, 18–20).

Фосиқ ва фожир кишиларнинг қилган ишлари ёзилиб турадиган китоби етти қават ер остидаги Сижжийн деган жойда сақланади.

“Йўқ! Албатта, фожирларнинг номаи аъмоллари, албатта, Сижжийнда бўлур. (Ё Муҳаммад,) Сижжийн нима эканини қаердан ҳам билурсиз? (У) битилган китобдир (Мутаффифун, 7–9).

 

Савол: Маст ҳолдаги отанинг қарғиши ёки оқ қилиши болага урадими?

Жавоб: Динимиз фарзандларга отасининг, гарчи у мушрик бўлса ҳам, ҳурматини жойига қўйиш, қўлдан келганча кўнглини олиш ва гуноҳ бўлмаган барча истакларини бажаришга буюрган. Саволда айтилган ҳолатдагидек, отаси ичиб келиб, тўполон қилган тақдирда ҳам, фарзанд отасига қаттиқ-қуруқ гапирмасдан, мулойимлик билан вазиятни бартараф қилиши керак бўлади. Бордию, отаси нима деётганини идрок қилолмайдиган даражада маст бўлса ва сабабсиз қарғаса ёки оқ қилса, бунинг фарзандга зиёни тегмайди.

 

Савол: Баъзи имомлар жамоат намозини ўқиб, салом беришгач, бир неча дақиқа ортга ўгирилмай (яъни, қавмга юзланмай) туришади. Баъзилари эса, аксинча, саломдан сўнг, дарҳол қавмга қараб, тасбеҳ тушира бошлайди. Қайси бири тўғри?

Жавоб: Имомнинг жамоат намозини ўқиб, салом берилгач, бир муддат ортга ўгирилмай туриши масжидга аёллар ҳам келаётган пайтга тегишли ҳолат. Жамоат намозида аёллар бўлса, улар намоздан кейин тарқалиб кетгуниларича, қавм билан бир оз кутиб туриши мустаҳабдир. Бунинг сабаби, масжид ичида ва ташида эркак-аёл бир-бирлари билан аралашиб юришларининг олдини олишдир. Бунинг далили Умму Салама (розияллоҳу анҳо) онамиздан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (намозни тугатиб) салом бергач, салом тугагунича аёллар туриб кетардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса, ўринларидан турмай, бир оз кутардилар. Биз бу кутиш аёллар у ердан кетишлари ва эркакларнинг уларга етишмасликлари учун бўлган, деб ўйлаймиз” (Ваҳба Зуҳайлий, “Ал фиқҳул исломий ва адиллатуҳу”).

 

Савол: “Эркак кишининг етти ёши аёл кишининг етмиш ёшидан улуғ” деган ибора тўғрими? Кекса онам борлар. Дастурхон бошида онам дуо қилганлари яхшими ёки эркак киши бўлганим учун менинг дуо қилганим афзалми?

Жавоб: Сиз келтирган иборанинг умуман асли йўқ, ақлга ҳам, мантиққа ҳам тўғри келмайди. Динимизда бу каби асоссиз гаплар умуман қабул қилинмайди. Онанинг улуғлиги ҳақида жуда кўп гапирилган. Бу борада жаннатнинг оналар оёғи остида эканини эслатиб ўтиш етарли. Фарзанд учун ота-оналар ҳаётлигининг ўзи катта давлат. Уларнинг хизматларини қилиб, дуоларини олиш – саодат! Шундай экан, ёшимиз, илмимиз ва мавқеимиздан қатъи назар, ота-онамиз ҳузурларида фақатгина қўл очиб, дуоларига “омин” деб туришимиз лозим.

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.