Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

 

Савол: Ҳайвонни сўйиш­нинг икки усули бор деб эшитдим. Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз?

Жавоб: Ҳақиқатан шундай: ҳайвонни сўйиш: ихтиёрий ёки изтирорий бўлади. Уйдаги қўй, қорамолларни ётқизиб бўғзидан, туяни чўккалатиб бўйнининг кўк­рагига яқин жойидан бўғизлаш ихтиёрий сўйишдир. Бунда ҳайвоннинг кекирдагини, қизилўнгачини икки қон томирини узиш шарт. Агар бўғизланаётган ҳайвоннинг кекирдаги, қизилўнгачи ва қон томирлари ярмигача кесилса, узилмаса, гўшти ҳалол бўлмайди ("Жомиъус сағир"). Қўй, молларни хал­қуми­нинг пастидан сўйиш макруҳдир.

Изтирорий сўйиш эса, ҳайвоннинг бирон жойини тиғ билан жароҳатлаб қон чиқаришдир. Фақат ов қилинадиган ҳайвонларни, саҳро ё шаҳарда қувиб тутиш иложи бўлмаган ё қудуқ ё жарга қулаб тушган ва уни тирик чиқариб олиш имкони бўлмаган туя, сигир ё қўйни изтирорий сўйиш мумкин. Ҳам ихтиёрий, ҳам изтирорий сўйишда бевосита пичоқ тортишдан ва тиғни отишдан олдин тасмия (бисмиллаҳи Аллоҳу акбар) айтиш шарт. Тасмия айтиб, бир оз вақт ўтганидан сўнг ҳайвонни сўйиш дуруст эмас. Овда бўлса, ўқ отилган ёки ов ҳайвони юборилган пайт тасмия айтилади.

Молни сўювчи киши ақлли мусулмон ёки аҳли китоб бўлиши керак. Аёл ва хунасалар ҳам мол сўйишда эркак киши кабидирлар. Мушрик, муртад, ақли заиф, маст ёки сўйишга ақли етмайдиган ёш болалар сўйганини еб бўлмайди.

Аҳли китоб сўйган мол гўшти, молни сўяётганида ширк сўзларни айтгани эшитилмаса, у ҳалол бўлади.

Бўғизлаш пайти қасддан "тасмия" айтмаса, гўшт ҳалол бўлмайди ("Татархония", "Кофий", "Фатовойи Аттобий", "Фатовойи Ҳиндия").

 

Савол: Жаноза намозини таҳоратсиз ўқиса ҳам жоиз, деган гап тўғрими?

Жавоб: Намоз ўқувчининг бадани, кийими ва жойи таҳоратсизликдан, нажосатдан пок бўлиши шарт. Жаноза ҳам намоздир. Жаноза намозини таҳоратсиз ўқиб бўлмайди. Жаноза намозига улгуриш учун вақт жуда кам бўлганида таяммум қилиб жаноза намозига қўшилади.

Жаноза намозини ўқувчи таҳоратли, оёқ кийими пок бўлса, намози дурустдир. Агар пок бўлмаса, барча уламолар наз­дида, намози дуруст эмас.

 

Савол: Таҳорат қилиш пайтида гапириш гуноҳ, дейишади. Шу тўғрими?

Жавоб: Гуноҳ эмас, аммо таҳорат қилаётганда дунёвий гапларни гапириш макруҳдир. Аммо яхшиликка чорловчи ёки ёмонликдан қайтарувчи сўзларни гапириш макруҳ эмас. Таҳорат олишда Аллоҳ таолонинг зикри ёки ҳар бир аъзони ювишда Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилинган дуолар билан машғул бўлиш мус­таҳабдир.