Қудуқ сувини поклаш борасида ҳам мўътабар фиқҳий китобларда батафсил маълумот берилган. Унга кўра, нажас ёки бирор жонивор тушиб ўлиб қолса, ўша қудуқдаги сувнинг барчаси нопок бўлади ва шариатда белгиланган миқдорда чиқариб ташланмагунча истеъмол қилишга ярамайди.

Ҳозирда ҳам баъзи хонадонлар қудуқ сувидан фойдаланишади, унга бирор нажас тушиши эҳтимолдан холи эмас. Поклик эса динимизнинг асосий талабларидан биридир.

Қудуқ тагидан сув тинимсиз сизиб чиқиб тургани боис, уни буткул сувдан холи қилиб бўлмайди.

Бундай ҳолатда иккита кўзи етадиган фикрли кишининг қудуқдаги сувнинг миқдори ҳақида айтган гувоҳлиги эътиборга олинади ва шу миқдордаги сув чиқариб ташланади.

Геометрик шаклларнинг юзаларини, ҳажмларини ҳисоб қилишни мактаб ўқувчилари ҳам билишади. Ҳар қандай жисм ёки суюқликларнинг оғирлигини унинг ҳажмига қараб аниқласа бўлади.

Илм-фан ривожланган айни пайтда нажас тушган қудуқ суви миқдорини дунёвий фанлар воситасида ҳисоблаш ва аниқланган миқдордаги сувни чиқариб ташлаб, қудуқ сувини поклаб олиш мумкин. Қадимда айланаси қирқ газли ҳовузлар кам миқдордаги нажаснинг таъсирини йўқ қилади, деб ҳукм қилганлар.

 

Пармонқул РАСУЛОВ,

Китоб шаҳридаги “Хожа Бухорий” Ислом ўрта махсус билим юрти мударриси