Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб берадилар

Савол: Ҳурматли муфтий ҳазратлари! Намоз ўқиётган пайтимиз чироқ ўчди. Намозни тугатгач, шу ердагилардан бири қайта ўқинглар, намозларинг дуруст бўлмади. Қоронғида намоз ўқиш мумкин эмас, деди. Шу тўғрими?

Жавоб: “Унс” китобида ёзилади, агарчи ойнинг ёруғи тушиб турган бўлса ҳам, фарз намозларни қоронғида ўқиш макруҳдир. Суннат ва нафл намозларни қоронғида ўқиш макруҳ эмас, дейилган (“Маслакул муттақин”).

Намозда бирон макруҳ содир бўлса, намоз бўлмайди, дейиш хатодир. Чунки намозни бузувчи амаллардан бирига йўл қўйилган пайтда ёки фарзлардан бири қолдирилган тақдирда, намоз дуруст бўлмайди. Макруҳ билан ҳам намоз адо этилган бўлади.

Савол: Тақсир, қуёш иссиғида илиган сув билан таҳорат қилиш мумкин эмасми?

Жавоб: Ҳанафий мазҳабида қуёш нурида илиган сувда таҳорат олишнинг карохати йўқ.

Имом Шофиъий, Имом Молик ва Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳим) наздларида қуёш тафтида иситилган сувларда таҳорат қилиш, тиббий жиҳатдан, макруҳдир. Чунки бундай сув қон айланиш системасини бузувчи омиллардан, песлик касалини келтириб чиқариши мумкин, дейишиб, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) Ойша онамизга (розияллоҳу анҳу): “Эй Ҳумайро, бундай қилманглар! Чунки қуёш нурида исиган сув песлик касалини келтириб чиқаради”, деганларини далил қилишади.

Ибн Ҳажар ва Ромли “Минҳож” китобида: Қуёш нурида илиган сув билан таҳорат олиш шаръан “макруҳи танзиҳий”, яъни енгил макруҳдир, дейишган.

Қуёшда исиган сув билан таҳорат олиш макруҳ деган фикрни айтгувчилар иссиқ мамлакатларда жазирама пайтда усти ёпиқ идишда қуёшда исиган сув билан таҳорат олишни назарда тутганлар. Қаттиқ иссиқ бўлмайдиган ўлкаларда қуёш тафтида заҳри кетган сув билан таҳорат қилиш макруҳ эмас, деганлар (“Раддул муҳтор ала Дуррул мухтор”).