Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

“Дуруди муаззам”, “Лавҳи Бузург”, “Дуои ганжул Арш”, “Муҳри нубувват”, “Дуруди тож” каби дуолар ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд. Сиз санаб ўтган дуолар китобчалар ҳолида чоп этилган. Бу саволга оғзаки ҳам, ёзма тарзда ҳам жуда кўп жавоб берилган. Бу китоблар асли йўқ маълумотлар билан тўлдирилган, сеҳрга тарғиб борлиги ва ақлдан йироқ, мантиқсиз гаплар ёзилгани учун уларни ўқиш зарарлидир. Бунинг ўрнига ёмонликлардан сақланиш ва турли мақсадларга эришиш учун шариатимизда тавсия этилган ишларни бажариш, Қуръон ва суннатда келган дуолар билан кифояланиш мақсадга мувофиқдир.

 

Савол: Ҳозирги кунда пластик карталардаги маблағни нақд пулга алмаштириш ҳоллари кўп учрамоқда, шу судхўрликка кирадими?

Жавоб: Билишимизча, пулингизни нақд қилиб бераётган “шоввозлар” холис хизмат қилишмайди. Доимо ўн ёки ўн беш фоиз ҳақ олишади. Яъни, пластик карточкадаги пулингизни нақдлаштириб беришлари эвазига шу маблағнинг маълум қисмини олиб қолишади. Бу эса судхўрликдир.

 

Савол: Ҳурматли Муфтий ҳазратлари. Бомдод намозидан кейин ухлаш мумкинми?

Жавоб: Уламоларимиз бомдод намозидан кейин ухламаслик афзал эканини айтишган. Чунки биринчидан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Умматимнинг тонгига барака бергин”, деб дуо қилганлар. Ва яна: “Саҳар вақти бандаларга ризқ-рўз улашилади”, дейилган. Шу сабаб, тонгда зикр, тасбеҳ ва истиғфор билан машғул бўлиш қалбнинг ғуборлардан тозаланишига ва гуноҳлардан покланишга, ишни эрта тонгдан бошлаш унинг унумли бўлишига, аёл-қизларимизнинг эрта тонгда туриб, ҳовлию кўчаларни супуриб тозалашлари уйда файзу барака ортишига сабаб бўлади.

 

Савол: Қазо бўлган бир йиллик намоз қай тарзда ўқилади? Умуман, қазо намозларини ўқиш тартиби ва ўқиш мумкин бўлган вақтлар тўғрисида маълумот берсангиз.

Жавоб: Бир неча йиллик намози қазо бўлган одам уларнинг қазосини ўқишда:“Энг олдин қазо қилганим бомдод (пешин, аср ва ҳоказо) намозимни ўқишни ният қилдим”, деб кўнглидан ўтказиши керак. Бунда тартиб, яъни бомдоддан бошлаш шарт эмас. Аммо саноқда адашмаслик учун тартибга риоя қилиш фойдали. Қазо намозларини ўқиш тартиби ўз вақтида ўқиладиган намозни ўқиш билан бир хил. Қазо намозларини куннинг уч маҳалида – қуёш чиқаётганида, тиккага келганида ва ботаётганида ўқиб бўлмайди (“Баҳрур роиқ”).

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.