Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ жавоб беради.

 

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Инсонга кинна кириши, кинна силатиш (чиқариш) динимизда борми?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳ. Амма баъд. Кинна кириши, уни силатиш (чиқариш) каби нарсалар хурофий тушунчалардир. Аммо кўз тегиши бор нарса. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кўз тегиши ҳақдир”, деганлар. Динимизда, кўз тегишидан сақланиш ва унинг таъсирини кетказиш йўллари очиқ кўрсатилган. Кўз теккан кишига шифо оятларидан ўқиб дам солиш, ҳадисларда келган дуолардан ўқиб, шифо тилаш лозим.

 

Савол: “Макруҳ” нима де­гани?

Жавоб: “Макруҳ” луғатда яхши кўрил­майдиган, нохуш нарсани билдиради. Истилоҳда эса, қилмаслик талаб этилган, лекин далили қатъий бўлмаган ишларга “макруҳ” дейилади. Макруҳ ҳукмга кўра икки турга бўлинади: таҳриман (ҳаромга яқин) макруҳ ва танзиҳан (ҳалолга яқин) макруҳ. Мисол учун, аср намозини қасддан кечиктириб, қуёш ботаётганида ўқиш таҳриман макруҳ, ўнг қўл билан бурун қоқиш танзиҳан макруҳдир.

 

Савол: Аёллар қабристон зиёратига борса бўладими? “Аёллар қабристонга кирса, марҳумларга яланғоч бўлиб кўринади”, дейишади. Шу гап тўғрими?

Жавоб: Кўпгина олимлар аёлларга, зиёрат қилиш одоб­ларини бузмаслик шарти билан қабрларни зиёрат қилишлари жоиз дейишган. Уларнинг далили қуйидагича: Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўради: “Қабрларни зиёрат қилишда нима дейин, ё Расулуллоҳ?” У зот жавоб бердилар: «Бундай дегин: “Бу ерда қўним топган мўминларга салом бўлсин! Биз ҳам, иншаалоҳ, сизларга етишамиз. Сизларга ҳам, бизларга ҳам Аллоҳ таолодан афву мағфират тилайман!”» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳазрат Фотима ҳар жума куни амакиси ҳазрат Ҳамзанинг қабри зиёратига борар, у ерда амакиси учун дуолар қиларди (Ҳоким ривояти).

Фуқаҳолар айтишича, аёллар ҳам эркаклар каби ўгит ва ибрат олишга муҳтождир. Динимизнинг қабрларни зиёрат қилишга берган рухсати аёлларга ҳам тегишлидир. Албатта, аёл киши зиёрат пайтида бақириб-чақириб йиғлаш, ёқа йиртиш, ўликлардан мадад сўраш каби зиёрат одоби, Ислом ахлоқига терс ишлардан сақланиши керак.

Саволнинг иккинчи бўлимидаги гап мутлақо асоссиз ва таги йўқ гап. Аммо қабристонга зиёрат учун кираётган аёлнинг худди кўча-кўйда юргани каби аврат ерларини ёпиб олиши зиёрат одобларидандир.

 

Савол: Қуръони каримда номи келтирилган Зулқарнайн ­пай­­­ғам­бар бўлганми? Ахир ­унга Ал­лоҳ таоло ваҳий юбор­­ган-ку?!

Жавоб: Қуръони каримда номи келган Зулқарнайннинг пайғамбар экани ҳақида уламолар ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар «...Биз: «Эй Зулқарнайн, ...дедик”» (Каҳф, 86) ояти каримасини далил қилиб, у зотни пайғамбар дейишган бўлса, кўпчилик олимлар бошқача фикр билдиради. Улар Зулқарнайннинг валий зот бўлганини айтиб, у ҳақдаги хабарни илҳом, деб таъвил қилишган. Зеро, ваҳий ҳамма ўринда ҳам пайғамбарликни тақозо қилавермайди. Масалан, «Раббингиз асалариларга ваҳий қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) қурадиган нарсаларга ин қурингиз”» (Наҳл, 68), муфассирлар бу ўриндаги “ваҳий” буйруқ маъносини билдиришини айтишган.

“Бадуъл Амолий” ақида китобида аниқ далил бўлмагани учун ҳазрат Зулқарнайн ва Луқмон ҳакимни пайғамбар ё пайғамбар эмас деб баҳслашишдан қочиш кераклиги айтилган.

 

Савол: Ғусл қилаётганда бадандан оқаёт­ган сув идишга тушса, идишдаги сув нопок бўладими?

Жавоб: Ғусл ва таҳорат қилганда ишлатилган сув “оби мустаъмал”дир. Уни Имом Муҳаммад (раҳматуллоҳи алайҳ) бошқа барча имомларимиз нопок дейишган (“Фатовойи Ҳиндия”). Одам ғусл қилаётганда сув сачраб идишдаги сувга тушса, зарари йўқ. Аммо баданидан оқаётган сув идишга қуйилиб тушса, уни нопок қилади(“Оламгирия”, “Хулоса”).

 

Савол: Қарматлар (қар­матийлар) қандай фирқа? Улар ҳозир ҳам борми?

Жавоб: Қарматлар исмоилийларнинг асосий шохобча­ларидан бирининг тарафдорларидир. Қарматлар IX аср охирида Жанубий Ироқда пайдо бўлган. Бу ном уларнинг раҳбари ва ташкилотчиси Ҳамдон ибн Ашъаснинг лақаби “Қармат” (ёхуд Қарматия, Қирмит) сўзидан олинган. Унинг маъноси манбаларда турлича (“калта оёқ”, “қизил кўз”) изоҳланган. Бироқ Ҳамдонгача ҳам Қарматия номи бор эди, Бу эса, Ҳамдон лақабини ўша даврда мавжуд бўлган бирон-бир ташкилот номидан олган деб ҳисоблашга асос бўлади. Улар аббосийларга қарши қўзғолонларга бошчилик қилган. Қарматлар ерга жамоа эгалигини, умумий (қуллардан ташқари) тенглик ғояларини тарғиб этишган. Улар диний амалларни бажармаган, шариат қоидаларини тан олмаган, уларда масжидлар бўлмаган. Қарматлар Каъба ва Ҳажарул Асвадни бидъат деб ҳисоблаган. 899 йили қарматлар Баҳрайнни босиб олиб, давлат тузишган. Бу давлат милодий XI аср охиригача бор бўлган. 930 йили ҳаж вақтида қарматлар Маккага ҳужум қилиб, уни талон-торож этишган, ҳажга борганларни ўлдиришган, бир қисмини қул қилишган, Ҳажарул Асвадни ўлжа қилиб олиб кетишган (20 йилдан сўнг қайтарилган). Бу ҳол халқларнинг нафратини қўзғаган. XI аср охири – XII аср бошларида Ироқ ва Эронда уларга қарши шиддатли кураш бошланган ва қарматлар ҳаракати бостирилган. Кейинчалик қарматлар исмоилийларнинг бошқа оқимларига қўшилиб, йўқолиб кетган.