Савол: Бир танишим таяммум ҳам, таҳорат ҳам ниятсиз дуруст бўлмайди, деб айтди. Шу тўғрими?

Жавоб: ЙўқБизнинг мазҳабимизда таяммум ниятсиз дуруст бўлмайди. Таҳорат ниятсиз ҳам дуруст бўлади. Чунки таяммумнинг фарзларидан биринчиси, намоз ўқиш учун покланишни ният қилишдир. Иккинчиси, таяммум қилиш учун фойдаланадиган нарса асло нажас тегмаган ер жинсидан бўлиши. Тупроқ ва ер жинсидан бўлган барча нажас тегмаган нарсалар, ҳатто чанг ҳам таяммум қилишга ярайди. Учинчиси, таяммум қилмоқчи бўлган нарсага икки қўлини уриб, юзининг таҳоратда ювиладиган жойларини сийпашдир. Тўртинчиси, яна ерга бир уриб, икки қўлининг тирсаклари билан сийпашдир (Фатҳул Қадир).

Савол: Муаззиннинг “Ҳайя алас солаҳ” ва “Ҳайя алал фалаҳ” калималарини айтиш чоғида ён тарафларига юзланиш тартибларини баён қилиб берсангиз?

Жавоб: Муаззин азон калималаридан “Ҳайя алас солаҳ”ни айтаётганида ўнга, “Ҳайя алал фалаҳ”ни айтиш чоғида эса, чап тарафига қарайди. Бунда оёқлар ҳаракатлантирилмайди, гавданинг кўкрак қисмигина ўнг ва чап томонларга бурилади, холос. Чақа­лоқнинг қулоғига азон айтилганида ҳам мазкур калималар айтилаётган пайтда ўнг ва сўл томонларга юзланиш керак (“Маслакул муттақин”, “Сад­руш шариъа”)

Савол: Бир оғайним Қурбонлик куни ҳеч нима емасдан, аввало қурбонлик гўштидан ейиш керак, деди. Шу тўғрими?

Жавоб: Қурбонлик куни тонг отгандан бошлаб то ийд намози ўқилгунча, бирон нарса емай-ичмай туриш мустаҳабдир. Мустаҳаб амални қилган киши савобга эришади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қурбонлик куни ҳеч нарса емай-ичмай, намоздан сўнг аввал сўйган қурбонликларининг гўшти билан овқатланганлар. Шу боис ушбу кун тонг отгандан бошлаб, ейиш-ичишдан тийилиб, агар қурбонлик қилса, қурбонлик гўшти билан таомланишни уламолар яхши санашган (“Раддул муҳтор ала Дуррил мухтор”, “Мухтасарул виқоя”).