Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

 

Савол: Мушкулкушод ўқиш исломда борми?

Жавоб: Мушкулкушод маросимини ўтказиш, унда «Биби Мушкулкушод» номли қисса ўқиш шариатимизда йўқ, мумкин эмас. Банданинг бошига тушган мусибатни аритувчи, оғирини енгил қилувчи, мушкул ишларини кушода (ҳал) этувчи зот Аллоҳ таолодир. Бинобарин, Аллоҳ таолодан бошқасидан мадад сўраш ислом дини ақидасига бутунлай зиддир. Халқимиз, айниқса, айрим тушунчасиз аёллар ўртасида кенг тарқалган ва тарқалишда давом этаётган бундай маросимларни ўтказиш, Биби Мушкулкушоддан мадад сўраш каби хурофотларнинг илдизи Исломдан илгариги ботил эътиқодларга бориб тақалади. Яъни, баъзилар ушбу заминда яшаган эски халқларнинг диний эътиқоди сарқитларидан бўлган бу хурофий одатга исломий тус бериб, динимизга олиб киришга уринишган. Мантиқан ўйлаб қарасак, қайсидир марҳумнинг руҳи ўзи дуога, савобга ва Аллоҳ таолонинг мададига муҳтож бўлгани ҳолда қандай қилиб тирикларнинг муаммоларини ҳал эта олади? Бундан ташқари, ҳар куни намозларида ўттиз икки марта “Сенгагина ибодат қиламиз, Сендангина мадад сўраймиз” (Фотиҳа, 5), дея Аллоҳ таолога сўз бериб, яна қай юз билан бандасидан мадад сўрайдилар?!

Шунинг учун, бошига иш тушган одам ҳар хил ўринсиз ишларга ўзини урмай, Пайғамбаримиздан ривоят қилинган дуоларни ўқиб, салавотлар айтиб, Аллоҳ таолонинг ўзидан мушкулини осон қилишини сўраши керак.

 

Савол: Намозда саф текис бўлиши учун ҳозир масжидларда оёқ остига ип тортиб қўйиляпти. Қадамлар катта-кичиклигини ҳисобга олсак, ипга оёқ учи тўғриланса, барибир саф текис бўлмайди-ку?

Жавоб: Сиз айтган ҳолат намозхонларга саф олишни қулай қилиш мақсадида яқин йилларда жорий бўлган ишдир. Аммо уламоларимиз жамоат намозида сафнинг текис бўлиши учун намозхонлар елкаларининг бир-бирига тўғри бўлиши кераклигини таъкидлашган (“Баҳрур роиқ”).

 

Савол: Жаноза намозида имомга эргашганлар нима қилади? Фарз намозларидаги каби санони айтиб, қолганига индамай тураверадими?

Жавоб: Жаноза намозида имомга эргашганлар такбири таҳрима, жанозанинг қолган учта такбири, сано, салавот ва жаноза дуоси кабиларни ичида мустақил ўқишади (“Фатовои Ҳиндия”).

 

Савол: Бир кунда беш вақт намоз бор, деймиз. Витр намози-чи? Ёки у хуфтон намози таркибига кирадими?

Жавоб: Йўқ, витр хуфтон намози таркибига кирмайди. У алоҳида намоз, лекин вақти хуфтон намози вақтидир, Пайғамбаримизга фарз, умматларига эса (бизнинг мазҳабга кўра) вожиб қилинган (Сарахсий. “Муҳит”). Чунки Расулуллоҳ бундай марҳамат қилганлар: “Эй Қуръон аҳли, витр намозини ўқинг! Зеро, Аллоҳ таоло тоқдир, тоқни яхши кўради” (Имом Абу Довуд, имом Термизий ривояти).

“Витр” луғатда тоқ маъносини бергани учун бу ҳадисда “Аллоҳ таоло тоқдир, тоқни яхши кўради”, дейилмоқда.

Витр намози хуфтон вақти кирганидан бошлаб кечанинг охиригача ўқилаверади. Аммо хуфтондан олдин ўқиш жоиз эмас. Агар витр хуфтон намозининг таркибига кирганида, уни кечанинг охиригача кечиктириш макруҳ бўларди. Ҳолбуки уни кечанинг охиригача (бомдод вақтига қадар) кечиктириб ўқиш мустаҳабдир (“Табйин”).

Ҳанафийликда витр намози уч ракат. Ҳар бир ракатида Фотиҳа сураси ўқилади. Унинг биринчи ракатида Аъло, иккинчи ракатига Кофирун, учинчи ракатига Ихлос сураларини ўқиш мандубдир. Бунга Расулуллоҳнинг витр намозини ана шундай ўқиганлари ҳақидаги Имом Аҳмад, Насаий ва Ибн Можанинг Убай ибн Каъбдан ривоят қилган ҳадислари далил бўлади (“Фиқҳул ислам ва адиллатуҳу”).

Витр намозининг учинчи ракатида “Қунут” дуосини ўқиш, саҳиҳ қавлларга кўра, вожибдир (“Жавҳаратун наййира”).

 

Жавобларни Нўъмон Абдулмажид ёзиб олди.