Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ жавоб беради.

 

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Баъзилар озми-кўпми даромад келиб турган иш жойларини ташлаб, кўпгина мол илинжида чет элларга ишлагани кетишяпти. Динимизда бу ҳолатга қандай қаралади?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд. Динимизнинг асоси бўлмиш ақида китобларида ёзилишича, барча тирик мавжудотнинг, жумладан, инсоннинг ҳам туғилишидан олдин тақдири, яъни, унинг қачон ва қаерда туғилиши, қачон ва қаерда ўлиши каби масалалар қатъий белгилаб қўйилган. Ана шу масалалар қаторига ризқ ҳам киради. Инсон ўзи учун белгиланган ризқини емай туриб ўлмайди, унга берилаётган ризқ белгиланганидан камаймайди ҳам, кўпаймайди ҳам. Мана шу масалани ҳаммамиз яхши англаб олишимиз муҳим. Бизнинг ризқимиз, минг ҳаракат қилмайлик, тақдири азалда белгиланганидан ортиб ёки камайиб қолмайди! Балки қилган солиҳ амалларимиз сабаб ризқимизга барака киради. Тўғри, зоҳирда қўлимиз баъзан кўп миқдорда пул кўриши мумкин. Барибир, ундан бизга ризқ бўладигани ўша белгиланганидан ошмайди. Зеро, қўлга киритганимиз ҳамма мол-мулк бизнинг ризқимиз бўлавермайди.

Шунинг учун турли ҳою ҳаваслар йўлида ўзини ўтга-чўққа уравермасдан, борига қаноат қилиб яшаш марғуб саналади. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ бир жойдан ризқ бериб турса, то ўша ризқ ўзи тўхтамагунича кесиб қўйманг”, деган мазмунда ҳадислари бор. Яъни, Аллоҳ таоло сизга қилган меҳнатингизга яраша бир ердан ризқингизни бериб турган бўлса, токи ўша иш бирон-бир сабаб билан ёки ўз-ўзидан даромад келтиришдан тўхтамагунича сиз тўхтатманг. Бундан ташқари, хўроз ҳамма ерда бир хил қичқиришини, ҳар ернинг ўз тош-тарозиси борлигини унутмайлик.

Савол: Хорижда ишлаш учун расмий – ўрнатилган тартиб асосида кетиш билан бирга, ўзича мустақил равишда бориш ҳам мумкин. Айтинг-чи, иккинчи йўлни тутган киши гуноҳ иш қилган бўладими?

Жавоб: Агар ана шу ўзбошимчалик билан хорижга кетиши оқибатида ўзига бирор зарар етса, албатта, гуноҳкор бўлади. Чунки у ўзини билатуриб ҳалокатга ташлади. Аллоҳ таоло: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламанг! (Барча ишларни) чиройли қилинг. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”(Бақара, 195), деб марҳамат қилган. Бундан ташқари, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) тавсиялари бўйича ҳам мусулмон одам икки ишдан доимо осонини, қулайини ва хавфсизини танлаши керак. Мудом хорижда ишлаш мақсад қилинган экан, давлатнинг ташқи меҳнат идораси орқали кетса, одам савдоси каби ҳозирда урчиб кетган турли хил алдов ва найрангларнинг қурбони бўлишдан сақланади.

 

Савол: Баъзи юртдошларимизнинг қонуний ишлаш учун борган ерларида шартномаларни бузиши ҳоллари учрамоқда. Шунга муносабатингизни билмоқчи эдим.

Жавоб: Албатта, давлатнинг ваколатли идораси билан хориждаги иш берувчи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ўша ерга кетган одам ана шу келишувни маъқуллаган ва унинг шартларига рози бўлган ҳисобланади. Шу боис энди у шартнома бўйича зиммасидаги вазифаларни бажаришга масъулдир. Уни бузган эса аҳдини бузган, ваъдасини бажармаган бўлади ва бу ҳол динимизда қораланади. Мусулмон одам бундай ножўя ишларни қилмайди. Зеро, аҳдга вафо Исломдандир (Наҳл, 91).

 

Савол: Мен Русия давлатининг шаҳарларидан бирида ишлайман. Бу ерларда ижара ҳақи ўта қимматлиги сабаб ижарага олинган битта хонадонда ўн беш, ҳатто йигирма нафар бир-бирига бегона аёл-эркак яшайди. Албатта, аёллар ва эркаклар алоҳида хоналарда тунайди. Ёки битта хонада икки-уч эр-хотин яшаса, ўрталарига парда тутиб олишади. Шу ҳолатлар жоизми?

Жавоб: Бундай яшаш мутлақо жоиз эмас! Битта хонадонда бир-бирига бегона эркак-аёлларнинг яшаши, гарчи алоҳида хоналарда бўлса ҳам, фитнага, бузуқликка сабаб бўлади. Ислом поклик, тўғрилик дини.

Икки-уч хонали хонадонда ўн беш-йигирма киши билан яшашнинг ўзи хорликдир ва бу ҳар қандай ақли расо, фаросатли одамнинг таъбига тўғри келмайди.

 

Савол: Муҳтарам Муфтий ҳазратлари! Мен яшаб меҳнат қиладиган давлатга ишлагани келган юртдошларимиз орасида аёллар ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги оилали, эри турли сабаблар билан уйида қолган. Баъзи аёллар эса, ажрашган ёки бева қолган. Эркак ватандошларимиз орасида ана шу аёллар билан уйга кетгунча бирга яшаб туриш учун никоҳланиш ҳоллари тобора кўпаймоқда. Бунга шариатимизда йўл борми?

Жавоб: Сиз айтаётган никоҳ “мутъа” – вақтинчалик никоҳланиш бўлиб, динимизда тақиқланган. Никоҳланаётган жуфтлар бир умр бирга яшашни мақсад қилишлари керак. Демак, вақтинчалик никоҳ ўқитиб, бирга яшаётганлар шариат ҳукмига тамоман зид иш қилган бўлишади.

Савол: Баъзи ватандошларимиз мусофир юртларга нима учун келганларини унутиб, топган пулларини турли беҳуда ишларга, маишатларга сарфлаб, уйида қолган оиласини бутунлай унутиб юборишяпти. Уларга қандай насиҳат қилган бўлардингиз?

Жавоб: Бирор зарурат туфайли туғилган ерини ташлаб, ўзга юртларда мусофирликда минг машаққат билан пул топиб, уни дарҳол зориқиб турган оиласига юбориш ўрнига ҳою ҳавасларга исроф қилиб юрган одам ё ўта ақлсиз-нодон ёки ҳамиятсиз кимсадир.

Зиммамизда фарзандларимизни ҳалол ризқ билан таъминлаш вазифаси бор. Болаларини оч ва муҳтож ҳолда ташлаб қўйиб, ўзи чет элларда ялло қилиб юриши мусулмон одамга ярашмайди. Соғлом, ишга яроқли бўлатуриб, оиласини бошқалар қўлига қаратиб қўйиш ўзини эр билган киши учун номусдир. Билиб-билмай шу ҳолга тушиб қолганлар дарҳол ўзларини ўнглаб олсинлар ва Аллоҳдан қўрқсинлар! Эрта бир кун молини қаердан ва қандай топгани, уни қайси ўринларга сарфлагани ҳақида ҳам батафсил ҳисоб беришларини эсда тутсинлар!

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.