Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий  Усмонхон Алимов жавоб беради.

 

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Бир куни имомимиз жума мавъизасида: “Ҳар бир гўдак фитратда дунёга келади”, деди. Шу гапнинг маъносини тушунтириб берсангиз.

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала Росулиллаҳ. Аммо баъд.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳаб бир бола фитратда (яъни, мусулмон бўлиб) туғилади. Сўнг ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ё мажусий қилади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Барча машҳур ақида китобларимизда, жумладан, мазҳаббошимиз Имоми Аъзамнинг “Фиқҳул акбар” китобида бундай дейилган: “Аллоҳ таоло Одамнинг (алайҳиссалом) пушти камарларидан қиёматгача дунёга келадиган зурриётларини майда заррачалар шаклида чиқариб, уларга ақл ато этди ва уларга хитоб қилиб, Ўз тоатига буюрди, маъсиятдан қайтарди. Улар Аллоҳни Раббимиз деб иқрор бўлдилар. Бу уларнинг имонидир. Ҳар бир инсон авлоди шу фитрат (имон) билан дунёга келади. Кейин ким куфрга кетса, у мазкур имонни ўзгартирган бўлади. Ким имон келтирса, у фитратда барқарор қолибди ва давом этибди. Аллоҳ таоло ҳеч кимни куфрга ҳам, имонга ҳам мажбур этмайди. Ҳеч кимни мўмин ёки кофир қилиб яратмайди. Балки инсонларнинг ҳар бирини мустақил шахс қилиб яратади. Имон билан куфр бандаларнинг амалидир” (“Ақоид матнлари”).

Савол: Муфтий ҳазратлари! Аллоҳ таоло илмингизни янада зиёда қилсин. Яқин қариндошлар, хусусан, амакиваччалар ўртасидаги никоҳга динимизда рухсат борми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.

Жавоб: Динимизда ўзаро никоҳлана олмайдиган маҳрам қариндошлар орасида амакиваччалар зикр қилинмаган. Яъни, шаръий томондан бундай никоҳга тўсиқ йўқ. Аммо Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) зиёратларига келишган касалманд қабила вакилларига бегоналар билан қуда-андачилик қилишни тавсия қилганлар. Замонавий тиббиёт ҳам яқин қариндошларнинг ўзаро никоҳини маъқулламайди.

Савол: Бир-бирларини севган йигит билан қиз қай йўсинда кўришиб, суҳбатлашишлари мумкин?

Жавоб: Бир йигит бир қизни (ёки аксинча) яхши кўриб қолса, совчи юборади. Бирга турмуш қуришни истаган йигит ва қиз олдин, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тавсияларига мувофиқ, гувоҳлар иштирокида кўришмоғи, суҳбатлашмоғи мумкин, ҳатто шундай қилишлари керак.

Аммо хилват жойларда, овлоқ хиёбонларда йигит ва қиз танҳо қолишлари динимизда ҳам, миллий одоб-ахлоқимизда ҳам тўғри эмас!

 

Савол: Ҳазрат, биз Россияда яшаймиз. Яшаётган жойимизда рисоладагидек сўйилган ҳалол гўшт топиш қийин. “Бисмиллоҳ”сиз сўйилган гўштни еб бўлмаслигини тушунтира олмаяпман! Бу ерда ўқиганим учун ҳозир ишламайман, намоз ўқийман, лекин уйдаги овқатлардан ейишга мажбурман! Шубҳали таомлар еган кунларим ўқиган намозларимни яна қайта ўқишим керакми?

Жавоб: Намоз, унинг фарз ва вожиблари, суннат ва мустаҳабларига риоя қилиниб адо этилса, қайта ўқилмайди. Ҳалол бўлмаган нарсалар билан таомланишга келсак, ҳаром луқма билан тўйинган кишининг қалби қораяди, дуоси қабул бўлмайди. Шунинг учун ҳалол нарсалар билан озиқланишга тиришиш лозим. Алҳамду лиллаҳ, бунинг иложи ҳамма жойда. бор.

Ҳозир дунёнинг жуда кўп давлатларида, жумладан, Россияда ҳам Ислом талабига кўра сўйилган гўшт маҳсулотларини топиш муаммо бўлмай қолган. Сиз ўзингиз яшаб турган жойга яқин масжидлардан бу борада сўраб-суриштиришингиз мумкин. Бундан ташқари, катта-катта савдо дўконларида ҳар тоифа харидорнинг эҳтиёжини қондириш учун лозим бўлган чора-тадбирлар кўрилади. Ўша дўконлардан ҳам суриштирсангиз бўлади.

 

Савол: Қўшниларимдан бири (аёл киши) ҳар хил нарсаларни, яъни тупроқ, нон ушоқлари, исириқ доналари, пиёз пўчоқларини тунда дарвозам тагига сочиб, баъзан сув сепиб кетади. Нима чора кўришим мумкинлиги тўғрисида маслаҳат берсангиз.

Жавоб: Аввало қўшнингизга унинг бу иши тўғри эмаслигини, бу қўшнига азият етказиш эканини, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган одам қўшнисига озор бермасин!” деганларини эслатиб қўйинг. Бундан ташқари, у аёлнинг бу иши сизга бирор зарар етказиш учун қилаётган сеҳр-жоду амаллари бўлса, унда гуноҳи яна ҳам катта, ҳалокатли бўлишини ва тез тавба қилиб, бу ишни тўхташи кераклигини хушмуомалалик билан тушунтиринг. Муаммо бу билан ҳал бўлмаса, ўзингиз яшаб турган маҳалла раиси, унинг диний-маърифий ва ахлоқий масалалар бўйича маслаҳатчисига мурожаат қилинг.

Савол: Баъзилар марҳумнинг “қирқи”ни, “йили”ни ўтказдик, дейди. Динимизда шундай маросимлар ҳам борми?

Жавоб: Диний идорамиз бошчилигида барча имом-хатиблар, уламолар ва маҳаллаларнинг маърифатли оқсоқоллари – барча-барчамиз марҳумга атаб “уч”, “етти”, “қирқ”, “йил” каби маросимлар ўтказиш асли йўқ, бидъат, исроф амаллар, эканини эртаю кеч уқтириб турсак-да, бу ёқда баъзи юртдошларимиз бундай бидъат амалларни қилишдан тийилишмаса, бу қандай гап?! Нега бундай бўляпти? Билимсизликнинг давоси китоб ўқиш, сўраш, суриштириш, ўрганиш. Минг шукр, бугунги кунда диний билим оламан, илмимни ошираман, деган одамнинг араб тилини ўрганишга эҳтиёжи йўқ. Ўз тилимизда бу борада китоблар, уларнинг турли электрон шакллари талайгина. Фақатгина қунт қилиш, ўқиш ва ўрганиш қолди, холос.

Марҳумга атаб ўтказиладиган “уч”, “етти” ва сиз сўраган “қирқ” маросими бидъат, асли йўқ, исроф амаллардир. Шу маросимга атаган маблағингизни болаларингизга, яқинларингизга китоб олиб берсангиз, муҳтож оилаларга, етимларга сарфласангиз, бу яхши амалингиз баракотидан ўзингиз ҳам баҳраманд бўласиз, ўтиб кетган яқинларингизга ҳам улкан савоби етади.

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.