Амалга ихлос ё риё туртки бўлади. Шунга қараб ажр берилади ёки гуноҳ ёзилади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмайди. Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса (ҳам), уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур" (Нисо, 40).

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дейди: "Амаллар сурат, унинг руҳи эса ихлосдир".

Аллоҳ таоло учун ибодат қилиш ихлос, дейилади.

Ихлос Аллоҳдан уялиш, қиёматда шарманда бўлишдан қўрқиш, яхши амалларга нафс­ни кўниктириш ва яхшиларга ёндашиш билан ҳосил бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Аллоҳ бу умматни дуолари, намозлари ва ихлоси билан ғолиб қилади", деганлар.

Банда ихлоси сабаб яхши амал қилолмаса ҳам савобга эришади. Анасдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Биз Табук ғазотидан қайтдик. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Мадинада бир тўда қавм қолиб кетган бўлса-да, улар биз кезган жилғаларда, текисликларда биз билан эди. Чунки улар узрлидир", дедилар".

Қуръони каримда: "Шунинг­дек, Сизнинг ҳузурингизга уларни уловли қилиб қўйишингиз учун келганларида, "сизларни уловли қилишга нарса топа олмайман", дедингиз. Улар эса сарф қилишга нарса топа олмаганлари учун ғамгин бўлиб, кўзларидан ёш оқиб қайтиб кетдилар. Уларга ҳам (таъна йўқ)" (Тавба, 92), дейилган.

 

Шамсуддин БАҲОВУДДИНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикасидаги бош вакили