Ақида, имон масаласи инсон қалби билан боғлиқ бўлган жуда нозик масала. Уни мажбуран, куч билан сингдириб бўлмайди. Уларни англаб, имон келтириш айни муддао.

Исломда ушбу қоидага қаттиқ риоя қилинганидан Аллоҳ таоло: "Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди", деб марҳамат қилган (Бақара, 256). Яъни, дин аҳкомлари батафсил баён этилган, ҳар кимга ҳақ билан ноҳақни ажрата оладиган ақл неъмати берилган, у ёрдамида ўзига керакли йўлни танлаб олсин.

Ушбу оятни Ибн Касир бундай тафсир қилган: "Ҳеч кимни Ислом динига киришга мажбур қилманг. Чунки у очиқ-ойдиндир. Далил ва ҳужжатлари равшан. Бировни унга киришга зўрлашнинг ҳожати йўқ. Балки кимни Аллоҳ Исломга ҳидоят қилса, унинг қалб кўзини очса, шуларга кўра унга киради. Аллоҳ кимнинг қалбини кўр қилиб, қулоқ ва кўзини муҳр­лаб қўйса, уни мажбурлаб динга киритишдан фойда йўқ" .

"Кашшоф" тафсирида эса: "Аллоҳ таоло имон ишини мажбурлаш ёки куч ишлатиш билан жорий қилмади. Балки бунга имкон ва ихтиёр берди. "Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қиласизми?!" деган оят ҳам бунинг ёрқин далилидир (Юнус, 99). Аллоҳ хоҳласа, барчани имонга мажбурлар эди. Лекин бундай қилмади, танлаш имконини берди", дейилган. Бу нарса Аллоҳ таолонинг адолат сифатидандир.

Бу оятнинг тушиш сабаблари ҳақида турли ривоятлар бор. Улардан бирида айтилишича, мадиналик мусулмонлардан Абул Ҳусайн исмли киши насроний динидаги икки ўғлини Исломга киришга мажбур қилган. Лекин улар кўнишмаган. Ота билан ўғил бу муаммога ечим истаб Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муро­жаат қилишган. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) отани бу ишдан қайтарганлар.

Кўплар "Динда мажбурлаш йўқ" жумласини хато тушунади. Айрим мусулмонларга вазифаларини бажариш зарурлиги эслатилса, дарҳол: "Динда мажбур қилиш йўқ", дейишади. Бу эса далилдан тескари фойдаланишдир. Тўғри, бошқа диндаги одамни Исломга киришга мажбурланмайди. Лекин мусулмонлик даъвосини қилиб турган одам зиммасидаги вазифасини бажариши шарт.

Ҳидоят Аллоҳ таолодан. Ҳеч ким бировни Ислом динига мажбурлаб кирита олмайди. Ҳатто, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам боболари Абу Толибни бу динга киришга мажбур этмаганлар.

Демак, "Динда зўрлаш йўқ" оятини мусулмон бўлмаган кишини Исломга киришга мажбурланмайди, деб тушуниш керак. Бу эса инсон ҳурмати, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясидир. Агар динга киришни Аллоҳ таоло мажбурий қилиб қўйганида дунёнинг синовлиги ўз моҳиятини йўқотар эди.

 

Манбалар асосида Толибжон ҚОДИРОВ тайёрлади.