Саволларингизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ҳурматли Муфтий ҳазратлари!

Жамоат намозида олдинги саф тўлгач, кейинги сафга қаердан туриш керак: ўртаданми ёки ўнг томонданми?

Жавоб: Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Аммо баъд. Жамоат намозида имом сафнинг олдида, ўртада туради. Узрсиз ўнг ёки чап томонда турса, суннатга хилоф иш қилгани учун гуноҳкор бўлади. Имомга эргашган кишилар учун энг фазилатли жой имомга энг яқин бўлган жойдир (“Фатовойи Ҳиндийя”). Шунга кўра, олдинги саф тўлган бўлса, кейинги сафга ўртадан бошлаб турилади.

 

Савол: Кўп йиллик қазо намозларини ўқиш тартиби, вақтлари ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Кўп йил ўқилмаган намозларнинг қазосини ўташда тартиб шарт бўлмаса-да, тартибга риоя қилиш (яъни, олдин бомдод, кейин пешин сўнг асрни ўқиш) мустаҳабдир (“Фатовойи Ҳиндийя”).

Сафарда ўқилмай қолган намоз ҳазарда (ватанда) ҳам қаср қилиб ўқилади. Ҳазарда ўталмаган намознинг сафарда қазосини ўқимоқчи бўлган одам тўлиқ ўтайди.

Уч вақтдан: қуёш чиқаётган пайтда, кун қиёмга (тиккага) келганда ва қуёш ботаётган вақтдан бошқа исталган вақтда қазо намозларни ўтаса бўлади (“Баҳрур роиқ”).

Кўп йиллик намозларнинг қазосини ўтамоқчи бўлган одам намознинг ҳар бир ракатида Фотиҳа билан бирга замсура ўқийди (“Заҳирия”). Бунга сабаб агар Аллоҳ таоло ўша қазо намозларини бандадан кечиб юборган бўлса, ўтаган намозлари нафл бўлади. Нафл намозларнинг эса ҳар бир ракатига Фотиҳа ва замсура ўқилиши шарт.

 

Савол: Уч-тўрт кунлик қазо намозларини бирданига ўқиса бўладими?

Жавоб: Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтлардан бошқа бир пайтда қувват етганича уч-тўрт кунлик қазо намозларни ўташ мумкин.

 

Савол: Баъзи намозларда узунроқ, баъзи намозларда қисқароқ қироат қилган яхши, деб эшитдим. Шу ҳақда кенгроқ маълумот берсангиз.

Жавоб: Фарз намозларнинг аввалги икки ракатида, бошқа намозларнинг барча ракатида қироат қилиш фарз. Қироатнинг энг оз миқдори бир узун оят ёки уч қисқа оятдир.

Қироатнинг суннат бўлган миқдори, сафарда, вақтнинг зиқлигида, Фотиҳадан сўнг исталган сурани ўқишдир. Ҳазарда (ватанда) ва бемалол вақтларда эса бомдод намозида Фотиҳа сурасидан кейин икки ракатда қирқ ёки эллик оят ўқиш суннат. Пешин намози (фарзи)да ҳам шу миқдорда қироат қилиш суннатдир (“Жомиъус сағир”). Аср ва хуфтон намозларида қироатнинг суннат миқдори Фотиҳа сурасидан сўнг йигирма оятдир. Шом намозида эса Фотиҳадан кейин икки ракатда ҳам биттадан қисқа сура ўқиш суннат (“Муҳит”).

Муқимликда бомдод ва пешин намозлари фарзларида узун суралар ўқилади (“Виқоя”). Узун суралар Ҳужуротдан Буружгача бўлган суралардир. Аср ва хуфтон намозларига ўртача узунликдаги суралар ўқилади. Улар Буруждан Баййинагача бўлган суралардир. Шом намозида эса қисқа суралар ўқилади. Қуръоннинг Баййина сурасидан охиригача бўлган суралар қисқа суралар ҳисобланади (“Виқоя”, “Муҳийт”).

 

Савол: Касал одам қай тартибда намоз ўқийди?

Жавоб: Бемор киши оёқда туришга кучи етмаса, ўтириб намоз ўқийди. Бунда рукуни сал энгашиб, саждаларини доимги ҳолда адо қилади (“Ҳидоя”). “Кучи етмаслик” дегандан мурод оёқда турса, бирор зарар етишидан қўрқишидир (“Меърожуд дироя”). Шунингдек, киши туриб намоз ўқиса, касаллигининг ортишидан, соғайишининг кечикишидан қўрқса, ёки боши айланса, ё оғриқ ва азобдан қийналса, намозларини ўтириб ўқиши мумкин (“Табйин”).

Киши намозни қанча тик туриб ўқишга кучи етса, шунча тик туриб ўқиши лозим. Яъни, тикка туриб такбири таҳрима айтишга яраса, ёки қиёмнинг бир қисмида тикка туришга кучи етса, кучи етгунича тик туриши лозим. Акс ҳолда намози қабул бўлмайди (“Хулоса”).

Бир кишига ёки бирор нарсага таяниб оёқда туришга қурби етадиган кишига намозини ўтириб ўқиши жоиз бўлмайди (“Табйин”).

Касал одам ўтириб намоз ўқишга мажбур бўлса, қандай ўтириш қулай бўлса, ўша шаклда ўтиради (“Сирожул Ваҳҳож”). Тўғри ўтиришга кучи етмайдиган киши намозини деворга ёки бирор одамга суяниб ўқиши вожибдир (“Заҳирия”). Мухтор қавлга кўра, бундай ҳолатдаги одамнинг ётиб намоз ўқиши жоиз эмас (“Табйин”). Руку ва сажда қилишдан ожиз қолган киши намозини ўтириб, имо-ишора билан адо этади. Рукуни сал энгашиб адо қилади. Саждага рукудан кўра кўпроқ эгилади (“Фатовойи Қозихон”). Агар руку ва саждага бир хил эгилинса, намоз жоиз бўлмайди (“Баҳрур роиқ”).

 

Савол: Суннат ва нафл намозлари қироатларида ҳам суралар тартибига риоя қилиш керакми?

Жавоб: Фарз намозларининг иккинчи ракатида биринчи ракатда ўқиган сура ёки оятдан олдин келадиган сура ё оятни ўқиш макруҳдир. Аммо суннат намозларда макруҳ эмас (“Муҳит”).

 

Нўъмон АБДУЛМАЖИД ёзиб олди.