Савол: Гоҳида чўнтак телефонимга келган хабарлар салом билан бошланган бўлади. Унга алик олиш керакми?

Жавоб: Агар бирон киши мактуб орқали ё бирон киши орқали салом йўлласа, унга ҳам алик олинади ё хатига жавоб ёзилади. Чунки салом бериш суннат, алик олиш вожибдир.

Ҳазрат Ойша онамиздан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: “Жаброил (алайҳиссалом) сенга салом айтди”, деганларида, мен ҳам: “Ваъалайҳиссалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу” (“У зотга ҳам Аллоҳнинг раҳмати, саломи ва баракаси бўлсин”), дедим” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

 

Савол: Азонни эшитган киши азон калималарини такрорлаб туриши лозим деб эшитдим. Шу тўғрими?

Жавоб: Абу Саъид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Азонни эшитганингизда муаззин айтаётган сўзларни такрорлаб туринглар!”

“Раддул муҳтор алад Дуррул мухтор” китобида бундай дейилади: “Азонни эшитган киши, жунуб бўлса ҳам унинг калималарини такрорлаб туриши вожиб бўлади. Муаззин “Ҳайя алас солаҳ” ва “Ҳайя алал фалаҳ” деган пайтда “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ”, “Ма шааллоҳу кана ва ма лам яшаъ лам якун” дейилади. “Ассолату хойрум минан навм” дейилганида, “Содақта ва барорта”, деб айтилади. Ҳайз ва нифосдаги аёллар, қазои ҳожатдагилар азон калималарини такрорламайди”.

Азон айтилаётганида масжид ичида бўлса, азон калималарини такрорлаб туриш лозим эмас.

Имом Ҳалвоний (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Азонни эшитган киши унинг калималарини такрорлаб туриш мустаҳабдир. Азонга қадам билан жавоб қилиш, яъни масжид сари юриш вожибдир”.